Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонда сайлов янгиланган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилади
12:10 / 2023-06-05

Янги Ўзбекистон – бу замонавий дунёда бутунлай янгича қадамлар қўяётган, умумэътироф этилган халқаро тамойилларга мутаносиб тарзда эркин жамият қураётган, юксак марраларни кўзлаётган давлат. Ҳадемай юртимизда жуда муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови бўлиб ўтади. Мазкур сиёсий тадбир ҳам янгиланган сайлов қонунчилиги асосида ўтказилади. Зеро, миллий сайлов қонунчилиги халқаро умумэътироф этилган тамойиллар, халқимизнинг фикрлари, таклифлари асосида такомиллаштирилди ҳамда мамлакатдаги демократик ислоҳотлар билан уйғунлаштирилди.

Янгиланган Конституциямизнинг XXII бобида сайлов тизимига оид асосий қоидалар мустаҳкамланди. Хусусан, Бош қомусимизга кўра, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Бундан ушбу Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини тайинлашга ҳақли.   

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукмига кўра, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиш ҳуқуқидан фақат қонунга мувофиқ ҳамда суднинг қарори асосида маҳрум этилиши мумкин. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов комиссиялари тизимига бошчилик қилади, ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига амал қилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тавсияси бўйича, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан сайланади. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан, комиссия аъзолари орасидан беш йиллик муддатга комиссия мажлисида сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.  

Конституциянинг такомиллаштирилиши асосида сайлов жараёнлари билан боғлиқ бундай нормалар мустаҳкамланиши сайловнинг қонунийлик, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида ўтишида муҳим ўрин тутади. Шу ўринда Сайлов кодексига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятларига тўхталиб ўтсак.  

Президентликка номзод ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланиши мумкин. Қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.  

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин. Бир сўз билан айтганда, сайловга оид янгиланган қонунчилик фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини ҳамда давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини янада кенгроқ таъминлашга хизмат қилади.  

 

Зарина ИСРОИЛОВА, 

ЖИДУ “Халқаро ҳуқуқ ва давлат ҳуқуқи фанлари” кафедраси доценти, 

юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). 

ЎзА