Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистонда “Ота-оналар университети” фаолияти такомиллаштирилмоқда
16:27 / 2025-12-17

Мамлакат тараққиётининг энг устувор йўналишларидан бири баркамол авлодни тарбиялаш жараёнида оила–мактаб–жамият ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳисобланади. Ушбу жараёнда ота-оналарнинг педагогик ва тарбиявий масъулиятини ошириш масаласи алоҳида долзарблик касб этмоқда. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, бугун Қори Ниёзий номидаги Тарбия педагогикаси миллий институти томонидан “Янги Ўзбекистонда “Ота-оналар университети”нинг тарбиявий функцияларини кенгайтириш механизмлари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ташкил этилди.

Мазкур анжуман ота-оналар таълимини институционал асосда ривожлантириш, уларни фарзанд тарбиясида фаол педагогик шахс сифатида шакллантириш ҳамда замонавий тарбия тизимида оиланинг ролини таҳлил қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Конференцияда педагогика фанлари доктори, профессор, академик Холбой Ибрагимов Янги Ўзбекистонда тарбия тизимини такомиллаштириш жараёнида “Ота-оналар университети” фаолиятини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

[gallery-26774]

Унинг сўзларига кўра, бугунги глобаллашув ва рақамлашув шароитида ота-оналарнинг педагогик саводхонлиги, психологик ва тарбиявий маҳоратлари болаларнинг шахсий, ижтимоий ва маънавий ривожланишига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Шу боис, ота-оналар таълимини тизимли, илмий асосланган ва узлуксиз шаклда ташкил этиш зарур. Шунингдек, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, уларни миллий тарбия анъаналари билан уйғунлаштириш, халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш муҳим.

Анжуманга 150 га яқин илмий мақола ва тезислар келиб тушди. Ушбу илмий ишлар Полшанинг Index Copernicus, Европанинг Zenado ва Оpen AIRE, Россиянинг CйберЛенинка халқаро базаларига ҳамда scientists.uz платформасига жойлаштирилди. Шунингдек, барча материаллар Google scholar халқаро қидирув тизимида индексланиши белгиланди ва ҳар бир мақолага алоҳида DOI рақам олинди.  

Конференция материаллари электрон ва босма тўплам шаклида нашр этилиб, муаллифларга электрон сертификат, индексланганлик маълумотномаси ҳамда мақоланинг ПДФ варианти тақдим этилиши режалаштирилган.

Мазкур республика илмий-амалий анжуман Янги Ўзбекистонда “Ота-оналар университети” фаолиятини ривожлантириш, ота-оналарнинг педагогик маданиятини ошириш ва тарбия тизимида оиланинг ролини кучайтиришга қаратилган муҳим илмий-платформа бўлди. Анжуманда илгари сурилган ғоя ва таклифлар ота-оналар таълимини тизимли ривожлантириш, оила–мактаб–маҳалла ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда баркамол авлод тарбиясини таъминлашга хизмат қилади.

Дилдора Дўсматова,

Алимурод Мамадаминов (сурат)

ЎзА