Бу йилги қиш халқимиз тилида ҳали узоқ йиллар тилга олинади. Бироқ совуқ барибир баҳорнинг илиқ нафаси олдида ўз ожизлигини ҳис қилди. Гуллаган дарахтлар, яшил ўтлоқзор, қушлар чуғури, илиқ ҳарорат ва ниҳоят кунларнинг чўзилиши шаҳарнинг кулранг қиёфасига камалак тусини берди. Қаҳратон қишдан кейинги навбаҳор инсонлар наздида ўзгача тароват билан кўз очди. Янги Ўзбекистонга янгича баҳор келди.
Навоий шаҳри аҳолиси ҳам табиат уйғонишини бу йил ўзгача шукуҳ билан кутиб олди. Айниқса, Навоий давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари кайфияти байрамона. Баҳорнинг илк кунлариданоқ олий таълим муассасаси хотин-қизлари учун вилоят маънавият ва маърифат марказининг катта тантаналар залида нафосат байрамининг тадбири ва концерт дастури юқори дид билан ташкил этилиб, унда институтда узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган аёл ишчи-ходималар, олималар, спортчи қизлар турли қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Азалдан яхшилик-яхшиликларни, байрам-байрамларни бошлаб келади. Ҳали 8 мартнинг латиф табассуми сўнишга улгурмай гўзал Наврўзи олам кириб келди. Наврўз ватанимизнинг ҳар бир гўшасида нишонлангани каби бизнинг Ватан ичидаги кичик ватанимиз Навоий давлат педагогика институтининг ҳар бир факультетида Янги куннинг ташрифи “Қозон тўлди” каби қадимий маросимларни тиклаш мақсадида сумалак, ҳалим, ош каби бир-биридан тотли миллий таомлар, полвонлар кураши, бахшилар беллашуви, лола сайли билан қарши олинди. Ушбу маросим ва сайиллар моҳиятан жамоат ҳаётини янада яхшилаш, табиат мушкулотларини енгиллаштириш, келаётган кўклам ва янги йилни қутлаб, унинг баракали ўтишини Яратгандан сўраган ҳолда турли ўйин, ҳаракат, қўшиқлар асосида амалга оширилди. Зеро, бу эътиқод ва у билан боғлиқ маросимлар тизими элимиз орасида бугунги кунгача яшаб келмоқда.

Олийгоҳ ректори, профессор Баҳодир Собиров ҳар бир факультетнинг байрамини ўзлари бош-қош бўлиб ўтказиш билан бирга ўз байрам табрикларида: “Биз ҳар йили Наврўзнинг янгидан-янги қирраларини, асрлар бўйи сир-синоат бўлиб келаётган жиҳатларини кашф этиб бораверамиз. Тарих бу шунчаки рақамлардангина иборат эмас. У ҳар бир халқнинг тушунча ва тасаввурлари, қувонч-у ташвишлари, орзу-умидларини ҳам ифода этади. Айтишимиз мумкинки, Янги Ўзбекистонда Наврўз тамомила янгича мазмун ва моҳият касб этди. Халқимиз ҳаётидан ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Бундай кунларда эл, улус билан бирликни, жамоа тотувлигини яна бир карра ҳис қиласан киши” – деди тўлқинланиб.

Дарҳақиқат, жамоадаги бирлик янги марралар, ютуқлар, ғалабаларга етаклайди. Сўнгги йилларда Навоий давлат педагогика институтидаги ўзгаришлар: халқаро ҳамкорликларнинг йўлга қўйилиши, илмий салоҳиятнинг кескин юқорилаши, биноларнинг замонавий таъмири, ўқув-услубий таъминотнинг сўнгги технологиялар билан бойитилиши, талаба-ёшларнинг халқаро ва республика олимпиадаларидаги ғалабалари, турли номдор стипендия ва Зулфия номидаги мукофот соҳиблари бўлиши, хуллас, ютуқлар бисёр. Албатта, бу − институтда ташкилий жараённинг тўғри йўлга қўйилганлиги, жамоа ҳамжиҳатлиги, таълимнинг сифат даражаси кўтарилганлигидан далолат.
Раъно Давлатова,
Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси,
филология фанлари доктори
ЎзА