Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил февраль ва сентябрь ойларида Наманган вилоятига ташрифи чоғида “Саховат” кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйига бориб, ушбу масканда яшовчи кексаларга муносиб шарт-шароитлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берганди.
Улар учун Давлатобод туманидаги “Орзу” массиви ҳудудида қисқа фурсатларда замонавий қулайликларга эга бўлган бино қад ростлаган эди. Янги бинода ҳар бир мўйсафид алоҳида яшаш хонаси, санузел, телевизор, музлатгич кабилар билан таъминланди. Мароқли дам олишга алоҳида эътибор қаратилди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими ҳамда вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши томонидан икки йилдан буён “Саховат” масканидаги кексалар ва ногиронлиги бор кишиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғидаги сўлим табиат қўйнида жойлашган “Кексалар ва ёшлар дам олиш маскани”да интернат уйидаги 59 кишидан 32 нафарини ҳордиқ чиқаришларига шарт-шароитлар яратилди.
Дам олиш баробарида спортнинг шахмат, шашка, домино, стол тенниси каби мусобақалар ўтказилиб, ғолиб кексаларга фонднинг совғалари ва китоблари тақдим қилинди. Нанай маданият маркази созандалари куй-қўшиқлар ижро этди.
Асли эстониялик бўлган 77 ёшли Леев Эрнест тоғолди ҳудудда дам олаётганидан беҳад мамнун. У миннатдорлик изҳори сифатида ўзи ёзган “Лбимый Узбекистан” шеърини ўқиганида таъсирланмаган киши қолмади, ҳисоб.
– Мустақиллик байрами арафасида биз, кексаларни баҳаво жойларда мароқли дам олишимизга эътибор қаратишганидан қувондик, – дейди Обиджон Фахриддинов. – Спортда мусобақалашдик, мусиқа садолари остида рақсга тушдик, табиат қўйнида сайр қилдик. Юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА