Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган "ИННОПРОМ. Марказий Осиё" бешинчи халқаро саноат кўргазмаси доирасида “Янги Ўзбекистон: инновацион тадбиркорлик ва ёш мутахассислар” мавзусида форсайт-сессия ташкил этилди.
Ўзбекистон ва Россиядан келган етакчи экспертлар иштирок этган мазкур учрашувда мамлакатимизда янги авлод тадбиркорларини тарбиялаш, уларни замонавий иқтисодий муҳитга мослаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди.
Тадбирда таъкидланганидек, инновацион ёндашув асосидаги тадбиркорлик иқтисодиётнинг янги драйверига айланмоқда. Бунда ёшлар учун билим ва кўникмаларни ривожлантириш, уларни халқаро бизнес амалиётига яқинлаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Замонавий ёш мутахассислар энди нафақат фаол истеъмолчи, балки янги ғоялар муаллифи, рақобатбардош стартаплар асосчиси сифатида ҳам кўрилмоқда. Шу жиҳатдан, форсайт-сессия ёшлар ва экспертлар ўртасида мулоқот ва тажриба алмашиш майдони сифатида муҳим аҳамият касб этди.

Тадбир доирасида Марказий Осиё университети проректори Шоҳида Ибрагимова қуйидаги фикрларни билдирди:
– Ҳозирги кунда Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қатор лойиҳалар давлат даражасида амалга оширилмоқда. Бу кўплаб аёлларга ўз бизнесини бошлаш имконини бермоқда. Шу билан бирга, хусусий ташаббуслар ҳам фаоллашмоқда. Масалан, Марказий Осиё университетида бу борада амалий натижаларга эришилган. Ўзим ҳам айнан хотин-қизлар тадбиркорлигига доир лойиҳа билан шуғулланаман. Мазкур лойиҳа доирасида талабгорга 3 000 доллар миқдорида микрокредит бериш имконияти яратилган. Шунингдек, университетимизда талабалар, айниқса, қизлар учун тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган махсус дастурлар йўлга қўйилган. Ҳар бир факультет йўналишида камида 3-4 та лойиҳа мавжуд бўлиб, улар орқали талабалар амалий ишга жалб этилади ва маош олади. Айримлари эса ўз стартапларини яратиб, тадбиркор сифатида фаолият юритмоқда, – деди Ш.Ибрагимова.
Тадбирда қайд этилганидек, “Янги Ўзбекистон” концепциясида инновацион тадбиркорлик ва ёш мутахассисларнинг ўрни тобора мустаҳкамланмоқда. Мазкур форсайт-сессия бу йўналишдаги стратегияларни янада аниқлаштириш ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда муҳим ҳисобланади.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА