Бухоро вилояти Жондор туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда Сиёсий Кенгаш аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамони, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлари, партия фаоллари, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, таниқли спортчилар, тадбиркор ва фермерлар, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда партиянинг Сиёсий таълим маркази раҳбари Насим Алимов, Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Эмма Аслонова, Жондор тумани ҳокими Санатилло Ҳикматов сўзга чиқиб мустақиллик йилларида халқимиз ҳаёти ва юрт тараққиётини мутлақо янги босқичга олиб чиққан ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!” деган ғояда ўз аксини топган кенг кўламли янгиланишлар натижалари ҳақида сўз юритди. Ушбу жараёнларда мамлакатнинг етакчи сиёсий кучи бўлмиш Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ҳам иштироки борлиги таъкидланди.
Мустақиллик ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётига янгича мазмун олиб кирди. Партиянинг бош ғояси бўлган эркинлик ва озод ҳаётни берди. Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимизнинг фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Партия салкам ўн саккиз йиллик фаолияти давомида мамлакатимизда ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиб келмоқда. Дастлабки йилларда тадбиркорлар, ишбилармон ва фермерлар манфаатининг ифодачиси сифатида майдонга чиққан бўлса, мустақилликнинг кейинги беш йилида жамиятимизнинг барча фаол қатламларини фаровонлик ва тараққиёт мақсадларига бирлаштирувчи мустаҳкам сиёсий куч сифатида шаклланди.
Ўтган даврда партия дастуридаги «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон манфаатлари учун» тамойили ҳаётга жорий этилди, аҳолининг бандлиги ошди, соғлиқни сақлаш, таълим соҳалари ислоҳ қилинди, аёлларга муносабат, ёшларга эътибор тубдан ўзгарди.
Муҳими бугун юртимизнинг ҳудудлари ва барча соҳалар мана шу ўзгаришлар билан қамраб олинмоқда.
Тадбир давомида ижро этилган куй-қўшиқлар дилларга шукроналик туйғусини берди.
[gallery-3478]
Зариф Комилов, ЎзА