Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур тарихий нутқ нафақат Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, балки жаҳонда тинчлик, барқарор ривожланиш ва халқаро ҳамкорликка доир муҳим ғояларни илгари суриши билан ҳам аҳамиятли.
Ушбу тарихий маърузанинг мазмун-моҳиятини тадқиқ этиш, унда кўтарилган долзарб масалаларни аҳоли, айниқса, ёшларга етказиш муҳимдир.

Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Янги Ўзбекистонда барқарор ривожланиш, тинчлик ва ислом маърифатининг халқаро эътирофи” мавзусида махсус ўқув машғулотлари ўтказилди.
Дарслар давомида экспертлар “Глобал минбарда Ўзбекистон”, “Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар”, “Камбағалликни қисқартириш ва иқтисодий ривожланиш тенденциялари”, “Ўзбекистонда таълим тизими ислоҳотлари ва жаҳон ҳамжамияти олдидаги муҳим ташаббуслар”, “Ўзбекистоннинг энергетик салоҳияти ва ижтимоий иқтисодий ривожланишини таъминлашда энергия ресурсларига бўлган талаб”, “Энергия аудити тушунчаси. Энергия самарадорлигини ошириш ва энергия тежаш бўйича кўрсатмалар” мавзуларида маъруза қилди.
Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи ва БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессиясидаги нутқи мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Ўқувлар давомида сўзга чиққан маърузачилар Ўзбекистон БМТнинг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли аъзоси сифатида Ўзбекистон тенглик, ҳамкорлик, кўп томонламалик ва халқаро сиёсий тизимни ҳимоя қилиш тамойилларига сўзсиз риоя этишини кўрсатаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг глобал минбардаги позицияси, демократик ва ҳуқуқий давлат қуришда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, диний-маърифий соҳадаги ютуқлар, камбағалликни қисқартириш, таълим ва илм-фан тараққиёти, гендер тенглик ва ёшлар сиёсати каби йўналишлари ҳақида сўз юритилди.
Марказий Осиёда ҳамжиҳатлик маконини барпо этиш, қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик, қўшни Афғонистонда тинчлик жараёнларига кўмак бериш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўқув машғулотлари давом этмоқда.
Н.Усмонова, ЎзА