Мамлакатимиз нуфузли халқаро ва минтақавий тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таркибида муҳим ташаббуслар билан фаол иштирок этиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий нутқи ўз мазмун-моҳияти ва халқаро ҳамжамият учун аҳамияти жиҳатидан аксарият давлатларнинг эътиборини тортди.
Унда давлатимиз раҳбари бағрикенглик, бирдамликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб, бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.
Бунинг натижасида 2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида “Маърифат ва диний бағрикенглик тўғрисида”ги махсус резолюция қабул қилинди. Резолюция БМТга аъзо 100 дан ортиқ давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Ана шундай ташаббусларнинг мантиқий давоми сифати 2025 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи мамлакатимизнинг халқаро майдонда ўз сўзи ва ўрнига эга эканини яна бир бор намоён этди.
Унда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бўлган долзарб масалалар юзасидан ўз фикрларини билдириб, уларнинг ечимлари бўйича глобал таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги вақтда радикализм, экстремизм ва терроризм таҳдидлари нафақат муайян давлат ёки минтақа, балки бутун дунё олдида турган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Айни вақтда дин ниқобидаги экстремистик ва террорчи ташкилотлар томонидан ёшларни зўравонликка ундаш йўли билан жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, радикал қарашларни тарқатишга уриниш ҳолатлари сезиларли даражада ортиб бормоқда.
Янги Ўзбекистонда “Жаҳолатга қарши маърифат” эзгу ғояси асосида жамиятда радикализм ва экстремизм мафкураси тарқалишининг олдини олиш, ёшларни турли оқимлар таъсиридан асраб-авайлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади.
Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нуфузли ташкилот минбаридан туриб сўзлаган нутқида ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш ва уни дунёга тарғиб қилиш бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.
Юртбошимизнинг “Буюк аждодларимиз – мутафаккир алломалар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридийнинг бой маънавий ва илмий меросининг алоҳида тақдимотини Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ўтказиш ниятидамиз”, деган эътирофи барчамизга ғурур бағишлади.
Шуни алоҳида айтиш керакки, БМТ минбаридан туриб ислом дунёсига машҳур бўлган икки муҳаддис аждодимиз – Имом Бухорий, Имом Термизий ҳамда эътиқод софлигини таъминлашга ўз ҳиссасини қўшган Имом Мотуридий ҳақида сўзлаш катта матонат ва иродадир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу таклифлари мамлакатимизда фаолият олиб бораётган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари учун юксак шараф бўлиш билан бирга мазкур алломаларнинг юксак тақдимотларини ўтказишга муносиб тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ўтказиш нуқтаи назаридан улкан масъулият ҳам юклайди.
Комилжон Шермуҳамедов,
Имом Мотуридий халқаро-илмий тадқиқот маркази директори