Давлат ва жамият сиёсий муносабатларида инсон омили ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бунда аёлларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.
Юртимизда жорий йилнинг 8-9 сентябрь кунлари нуфузли халқаро анжуман – Парламентлараро Иттифоқ аъзоси бўлган давлатлар парламентлари аёл-раҳбарларининг 14-саммити ташкил этилди.
Тошкент саммитининг ўзига хос сиёсий аҳамияти – Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи марта айнан янги Ўзбекистонда ташкил қилинди ва юртимиздаги ислоҳотлар самараси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди.
Бинобарин, бугун халқаро миқёсдаги бошқарув қарорларини ишлаб чиқишда аёлларнинг фаол иштирок этиши ошмоқда.
Таъкидлаш жоиз, халқаро майдонда Парламентлараро Иттифоқ барча мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган дунёдаги (1889 йилда асос солинган) кўп томонлама халқаро сиёсий ташкилот саналади.
Дунё мамлакатлари парламентлари манфаатларини ҳимоя қилади ва халқаро ҳуқуқ институтларини ривожлантиришда етакчи роль ўйнайди.
Парламентлараро Иттифоқ минтақавий парламентлараро ташкилотлар ва халқаро, ҳукуматлараро, нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. 2022 йил ҳолатига кўра, Парламентлараро Иттифоққа 192 та мамлакатнинг миллий парламентлари ва 14 та минтақавий парламент ассамблеялари аъзо ҳисобланади.
Ташкилот демократия ва инсон ҳуқуқлари, парламентарийларнинг фуқаролик ҳуқуқлари ҳамда парламентнинг аёллар қўмиталарида, геосиёсий гуруҳлар ва ихтисослашган комиссияларда иш олиб боради.
«Ҳамма учун демократия сари» шиори бўлган ушбу халқаро ташкилот БМТ Бош Aссамблеясида доимий кузатувчи мақомига эга. Ўзбекистон мазкур ташкилотга 2017 йил октябрь ойидан буён аъзо ҳамда 2019 йил 18 октябрдаги 141-Aссамблеясида академик Aкмал Саидов Олий Мажлисни ўз ичига олган Евроосиё гуруҳидан Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси аъзоси этиб сайланган.
Парламентлараро Иттифоқнинг Гендер шериклик гуруҳи 2013 йил октябрь ойида гендер тенглик масалаларини ҳисобга олишни ва тенгликни аниқлаш сиёсатини ташкилот фаолиятининг мустаҳкам асоси сифатида расман қабул қилди.
Парламентларнинг аёл-раҳбарлари саммити эса ўзаро тажриба ва фикр алмашиш, аёл-парламентарийлар ўртасида очиқ, самимий ва доимий ҳамкорлик ўрнатиш учун энг қулай платформадир.
2022 йил 1 январь ҳолатига кўра, аёллар 3 та парламентда (Руанда, Куба ва Бирлашган Aраб Aмирликлари) парламент умумий аъзоларининг 50 фоизини ёки ундан кўпини, 20 та парламентда эса 40 дан 50 фоизгача қисмини ташкил этади.
Бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Олий Мажлисдаги аёлларнинг 32,7 фоиз улуши билан 45-ўринни эгаллаб, Германия, Сингапур, AҚШ, Россия Федерацияси, Япония каби давлатлардан олдинда бормоқда.
Эътироф этиш керак, парламентлардаги аёл-спикерларнинг халқаро учрашуви ҳар йили гендер тенглиги ҳимоячилари ва халқаро ҳамжамият эътиборини кучайтирмоқда.
Парламентлараро Иттифоқ аёл-спикерларининг халқаро саммити 2005 йилдан бошлаб ҳар йили (2011, 2017, 2019-2020 йиллардан ташқари) ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили 6 сентябрда Венада «Аёллар диққат марказида: пандемияга қарши туришдан тортиб, ютуқларни сақлаб қолиш ва гендер нуқтаи назаридан тикланишгача» мавзусида видео конференция режимида бўлиб ўтган 13-саммитда 57 мамлакат вакиллари қаторида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди. Унда навбатдаги саммитни Ўзбекистонда ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.
Нима сабабдан 14-саммит учун айнан Ўзбекистон танланди?
Сир эмас, 2017-2021 йилларда жамият ва давлат ҳаётида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилишига эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўрни ва роли алоҳида эътиборга молик.
Хусусан, Олий Мажлис Сенати раҳбарлигига биринчи марта аёл – Танзила Норбоева раис этиб сайланди. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида биринчи марта Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.
2021 йилда Сенатнинг 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини тасдиқлаш ҳақида қарори эълон қилинганлиги дунё давлатларининг Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишончини янада орттирди.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро рейтинглардаги мамлакатимиз ўрнига ижобий таъсир кўрсатиб, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғонага юқорилаб, 190 та давлат орасида 134-ўринни эгаллади.
Гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, соҳага оид 25 та қонунчилик ҳужжати қабул қилинди. Давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида 1300 дан ортиқ, шу жумладан, вазирлик ва идораларда 45, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасида 39, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида 207 нафар аёл раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.
Олий Мажлис палаталари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда рўйхатдан ўтган 21 млн. 435 минг сайловчининг қарийб 50 фоизи ёки 10 млн 825 минг 641 нафари хотин-қизлардир.
Ушбу сайловларда кўрсатилган номзодларнинг 41 фоизи аёллар бўлиб, уларнинг сони Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган 30 фоизлик квотадан ортди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг 32, Сенати аъзоларининг ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг қарийб 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этганлиги фикрларимизнинг яққол исботидир.
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартда қабул қилинган «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони эса саммит борасидаги ташкилий-ҳуқуқий тайёргарлик учун ҳам муҳим асос бўлди.
Фармон билан «2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур» ҳамда уни 2022–2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Комплекс чора-тадбирлар режаси II бўлими («Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш») «Давлат ва жамият бошқарувида аёлларнинг ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлаш» деб номланган 2.3-бандининг 54-графасида “Парламентлараро Иттифоқ билан ҳамкорликда Ўзбекистонда парламентлар аёл-спикерлари Глобал саммитини ташкил этиш” ва бу борада қатор чора-тадбирлар назарда тутилганди.
Шундай қилиб, 14-саммит 8-9 сентябрь кунлари Тошкентда “Парламент етакчилиги: барқарорлик ва фаровонликни янада самарали таъминлашда хавф-хатарларни баҳолаш” мавзусида бўлиб ўтди. Унда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-раҳбарлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 17 та давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари, шунингдек, юртимиздаги маҳаллий кенгашлар депутатлари, таклиф этилган бошқа нуфузли меҳмонлар билан жами 300 дан зиёд иштирокчи қатнашди.
Унинг асосий мақсади парламентларнинг гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича устувор йўналишлари ва ҳаракатларини аниқлашдан иборат бўлди. Барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди, пандемия ва унга боғлиқ инқирозлардан олинган сабоқлар, келажакда юзага келиши мумкин бўлган хатарлар муҳокама қилинди.
Чунончи, 14-саммитнинг:
«Пандемиядан кейинги глобал тикланишга тўсиқ бўладиган хатарларни бартараф этиш” номли биринчи сессиясида Халқаро меҳнат ташкилоти вакили, Россия, Баҳрайн, Озарбайжон, Бельгия, Бангладеш, Туркманистон давлатлари парламент аёл-раҳбарлари маъруза қилиб, унда: "COVID-19" пандемияси сабоқларидан иқтисодий барқарорликни ошириш учун фойдаланиш; тенгсизлик ва ҳимоясизлик (ожизлик)ни қисқартирадиган ижтимоий ва ҳамжиҳат иқтисодиётга эришиш; хотин-қизларни ҳимоялаш, жумладан, уларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш учун кўриладиган зарурий чоралар; иқтисодий тикланиш иқлим ўзгариши компонентини ўз ичига олишини таъминлаш муаммолари; иқтисодиётни тиклаш бўйича ўз мамлакатларида қабул қилинган илғор тажрибалар жаҳон парламентлари аёл-раҳбарлари томонидан энг яхши амалиёт сифатида мисол қилиб келтирилиши каби масалалар кўриб чиқилди;
«Технологиялар билан боғлиқ хавф-хатарларнинг олдини олиш ва технологиялар оламида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини ҳимоя қилиш” мавзусидаги иккинчи сессиясида БМТ махсус маърузачиси, Европа парламенти вице-президенти ҳамда Индонезия, Словения, Черногория, Руанда, Испания мамлакатлари парламентлари аёл-раҳбарларининг маърузалари тингланиб: "COVID-19" пандемияси рақамли иқтисодиёт ва меҳнат соҳасида технологик инновацияларга ўтишни тезлаштиргани; рақамли бўшлиқларни бартараф этиш бўйича миллий ва халқаро миқёсда амалга оширилаётган ташаббуслар; парламентлар қандай усул, услуб ва шаклларда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали яхшироқ ва кенгроқ тарғиб этиши ҳамда ҳимоя қилиши мумкинлиги каби масалалар атрофлича ва халқаро даражада муҳокама қилинди.
Саммитнинг 9 сентябрдаги 2-иш кунида «Барқарорлик ва фаровонликни мақсад қилган гендерга мос парламентлар» деб номланган махсус сегмент доирасида Баҳрайн, Индонезия, Бангладеш, Словения, Зимбабве, Бельгия, Жанубий Судан давлатлари парламентлари аёл-раҳбарлари:
«Фақат гендерга мос парламент бу борадаги парламент дипломатиясини, тинчлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик саъй-ҳаракатларини бошқариши мумкин»;
«Гендер масалаларига жавоб берадиган парламентсиз гендер қонунларини қабул қилиш мумкин эмас»;
«Гендер масалаларига жавоб берадиган парламент жамиятда ва парламентда гендер тарафкашлиги, аёлларга нисбатан таъқиб ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиши, жазолаши ва тузатиши мумкин»;
«Аёл-спикерлар парламентнинг янада очиқлигини таъминлашлари ва аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришлари мумкин» мавзуларида маърузалар билан иштирок этишди ҳамда муҳокамалар мазкур мавзуларда алоҳида аҳамиятга молик долзарб масалаларга бағишланди.
Анжуман якунида Саммитнинг якуний ҳужжати – Тошкент декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатнинг асосий мазмун-моҳияти шундаки, унда мамлакатларнинг барқарор равнақ топишини ва фаровонлигини таъминлаш, мавжуд хавф-хатарларни баҳолаш ва уларни бартараф этишда гендер тенглигига йўналтирилган парламент етакчилигини шакллантириш билан боғлиқ устувор вазифалар кўзда тутилган.
Бевосита иштирокчи сифатида эътироф этишни истардимки, 14-саммит қуйидаги жиҳатлари билан жуда катта таассурот қолдирди:
биринчидан, нуфузли халқаро анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштирокчиларга табриги йўлланди ва бу барчага ҳамда саммит ишига янада кўтаринки руҳ бағишлади;
иккинчидан, 14-саммит "COVID-19" пандемиясидан кейинги илк бор иштирокчилар билан юзма-юз – жонли тарзда, Африка, Европа ва Осиё қитъалари вакиллари иштирокида ташкил этилган саммит бўлиб тарихга муҳрланди;
учинчидан, саммит ўз кун тартибида кўриб чиқилган масалалар бўйича парламентлараро тажриба алмашиш воситаси бўлди;
тўртинчидан, аёл-парламентарийлар нафақат саммит доирасидаги соҳалар, балки ўз фаолият йўналишлари бўйича ҳам халқаро ва хорижий ҳамкасблари билан тажриба алмашиш, бу борадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлди;
бешинчидан, Янги Ўзбекистон шароитида охирги йилларда «Инсон қадри учун» «Халқ манфаати йўлида» олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самараси, юртдошларимизнинг кўтаринки кайфияти ва мамлакатимизнинг демократик тараққиёт йўлида собитқадамлиги саммит қатнашчилари сиймосида улар вакил бўлган халқаро ва хорижий ташкилотлар ҳамда давлатлар кўз ўнгида бор бўй-басти билан намоён бўлди;
олтинчидан, саммитга тайёргарлик, уни ўтказиш жараёнлари ва якунларига доир тафсилотлар жонли ҳамда таҳлилий кўрсатувлар тарзида давлат, нодавлат оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали, шунингдек, блогерлар томонидан ижтимоий тармоқларда жаҳон ва Ўзбекистон миқёсида кенг ёритилди.
Хорижий давлатлар парламентлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси аёл вакилларининг саммит моҳияти ва аҳамияти ҳақидаги мақолалари, фикр-мулоҳазалари оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик эътиборига тезкор етказиб борилди, бу борадаги чиқишлар давом этмоқда;
еттинчидан, саммитга бошқа халқаро анжуманлардан ҳам кўра олий мақомда тайёргарлик кўрилган, бунинг сабаби, ўз номи билан ва ташриф буюрган иштирокчилар нафис дид эгалари бўлган ва юксак эътиборга муносиб мўътабар аёллардир.
Шу нуқтаи назардан ҳар бир делегация ва улар таркибидаги ҳар бир аёл-парламентарийга алоҳида халқаро миқёсдаги юқори хизмат кўрсатиш сифати даражасида муносабат ва меҳмондўстлик бурчи адо этилди.
Энг асосийси, юртимиздаги янгиланишлар ва ижобий ўзгаришлар, шу жумладан, Саммитга тайёргарлик, уни ўтказиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар хусусидаги халқаро ва хорижий иштирокчилар, экспертларнинг юксак эътирофи барчамизга ғурур бағишлади.
Мисол учун, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг бундай тадбирлар орқали аёллар муаммоларини глобал миқёсда ҳал этиш билан бирга, уларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлашга ҳам эътибор кучайиши, Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова турли мамлакатлар аёл-спикерлари ва парламент аъзоларининг Ўзбекистон ҳақидаги илиқ муносабатини эшитиш жуда ёқимли экани, Баҳрайн Вакиллар Кенгаши раиси Фавзия Зайнал Тошкентда илк бор ўтказилаётган саммитга ажойиб тайёргарлик кўрилгани, меҳмонларга юксак даражада хизмат кўрсатилаётгани, анжуман сиёсатда, жамиятда фаол бўлган бутун дунё хотин-қизларини бир жойга тўплагани билан ҳам ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун муҳим платформа бўлгани, Уганда парламенти вакили Доркус Аcенбутун дунёдан парламент аёл-спикерларини бирлаштирган бу саммит нафақат олиб борилаётган ишлар доирасидаги соҳаларга, балки алоҳида йўналишларга ҳам ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида эътироф этгани фикримиз тасдиғидир.
14-саммитдан келиб чиққан ҳолда қуйидагилар келгусида устувор аҳамиятга эга вазифалар сифатида белгиланди:
биринчи, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш;
иккинчи, аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига алоҳида эътибор қаратиш;
учинчи, интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали аёллар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларнинг шаъни, қадр-қимматини камситиш ва тақиб қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалда қўллаш;
тўртинчи, хотин-қизлар муаммолари ечимларига ва гендер тенгликни тўлиқ таъминлаш масалаларига доир ҳуқуқий асосларни парламентлар етакчилигида улар томонидан қабул қилинадиган қонунларда акс эттириш.
Мухтасар айтганда, Саммит Парламентлараро Иттифоққа аъзо давлатлар парламентлари аёл-раҳбарлари, умуман олганда, аёл-парламентарийлар ўртасида рақамли технологиялар замонида ҳар бир жабҳада инсон ҳуқуқлари ҳимоясини ва гендер тенгликни таъминлаш борасида тажриба алмашиш учун ўзига хос платформа бўлди.
Фозилжон ОТАХОНОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
ва парламент тадқиқотлари институти директори,
юридик фанлар доктори, профессор