Янги Ўзбекистон бугунги кунда фақат иқтисодий ўсиш ёки институционал ислоҳотлар билан чекланиб қолмай, жамиятни маънавий, ижтимоий ва бошқарув жиҳатдан юксалтиришга қаратилган янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда.
Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси ана шу стратегик йўлнинг мазмун-моҳиятини очиб бериб, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни янада мустаҳкамлади. Мазкур ҳужжат мамлакат келажаги, жамият фаровонлиги ва инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим дастурий асос сифатида баҳоланмоқда.

Тошкент давлат шарқшунослик университети биринчи проректори, филология фанлари доктори, профессор Қудратулла Омонов билан суҳбатимиз айнан шу мавзу асосида бўлди.
– Қудратулла Шарипович, куни кеча Президентимиз йўллаган Мурожаатномани халқимиз катта қизиқиш билан кузатди. Айнан ушбу ҳужжат халқ ва давлат ўртасида алоқани мустаҳкамлашда қандай ўрин тутади?
– Албатта, халқимиз мамлакатимизда шиддатли кечаётган ислоҳотлар билан боғлиқ қизғин жараёнларни катта иштиёқ билан кузатяпти. Негаки, фуқароларимиз мамлакат иқтисодиёти ва фаровон ҳаётимизни таъминлашда бу ўзгаришларнинг аҳамиятини аллақачон англаб етган.
Таъкидлаш керакки, Президент Мурожаатномаси Ўзбекистон сиёсий бошқарув тизимида давлат раҳбари билан халқ ўртасидаги мулоқотнинг энг таъсирчан ва очиқ кўриниши сифатида шаклланди. У давлат ва жамият ўртасидаги коммуникацияни мустаҳкамлаб, фуқароларга мамлакатда кечаётган ислоҳотлар, режалар ва мақсадлар ҳақида бевосита ахборот олиш имкониятини яратади.
Шу жиҳатдан, Мурожаатнома нафақат сиёсий нутқ, балки натижага йўналтирилган дастурий ҳужжат сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Унда қўлланилган тил бирликлари, ғоялар ва рақамлар орқали давлат сиёсатидаги устувор йўналишлар, шунингдек, келгусидаги иқтисодий-ижтимоий жараёнларни башорат қилиш имкони пайдо бўлади.
– 2025 йил якунида йўлланган Мурожаатноманинг асосий фарқли жиҳатлари нимада намоён бўлди?
– Бу йилги Мурожаатнома аввалгиларига нисбатан кенг қамровлилиги ва кўп қиррали мазмун-моҳияти билан ажралиб турди. У ўтаётган йил сарҳисобини чиқариш билан бирга мамлакатнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқбол режаларини ҳам аниқ белгилаб берди.
Энг муҳими, Мурожаатномада жамиятни юксалтириш масаласи марказий ўринга қўйилди. Давлат раҳбари ҳар бир йўналиш бўйича аниқ, асосланган рақамларни келтириб, ислоҳотлар реал натижаларга таянаётганини кўрсатди. Айниқса, кўп ўринларда юртбошимизнинг “Бу рақамлар биринчи марта айтиляпти”, деган таъкиди эса мамлакат тараққиётининг янги босқичга чиққанлигини англатади.
– Нега “жамиятни юксалтириш” ғояси Мурожаатноманинг таянч нуқтаси сифатида белгиланди?
– “Жамиятни юксалтириш” ғояси Янги Ўзбекистон тараққиётининг мантиқий давоми сифатида илгари сурилди. Чунки иқтисодий ўсишнинг асосий мақсади инсон фаровонлигини таъминлаш, жамиятда ижтимоий адолат ва барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Шу боис, 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши тасодифий эмас. Ўзбек жамиятининг ҳаёти, анъаналари ва бошқаруви, аввало, маҳалла институти билан боғлиқ. Маҳаллалар ривожланса, жамият мустаҳкамланади, фуқароларнинг турмуш сифати яхшиланади ва давлат бошқарувида халқ иштирокининг самарадорлиги ортади.
– Мурожаатномада келтирилган рақамлар Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳақида қандай хулоса чиқаришга асос бўлади?
– Мурожаатномада келтирилган аниқ ва асосланган рақамлар мамлакат тараққиётининг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганини яққол кўрсатади. Жорий йилда ЯИМ ҳажмининг 143 миллиард долларга етгани, 2026 йилда 167 миллиард, беш йил ичида эса 240 миллиард долларга чиқариш режаси иқтисодий ўсиш барқарорлигидан далолат беради.
Жорий йилда камбағаллик даражасининг 5,8 фоизга туширилгани ва келгуси йилда уни 4,5 фоизгача қисқартириш мақсади жамият фаровонлигини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ифода этади. Олтин ишлаб чиқариш ва электр энергияси ҳажмининг мамлакат тарихида бўлмаган кўрсаткичларга етиши эса Янги Ўзбекистон ўз тараққиётида бевосита жамият юксалиши ва инсон манфаатлари устувор бўлган босқичга кириб келганини тасдиқлайди.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистон бугун нафақат иқтисодий ўсиш, балки жамиятни барқарор ривожлантириш, инсон фаровонлиги ва “жамиятни юксалтириш” ғояси мамлакат тараққиётининг янги босқичга кирганини намоён этади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.