Маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли лойиҳалардан бири — «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти жорий йилда ўзгача руҳ ва кенг қамров билан ўтказилиши кутилмоқда.
Тўртинчи бор ташкил этилаётган ушбу тадбирга қатор янгиликлар киритилди. Хусусан, илк маротаба хорижий давлатларда ўзбек маданияти ва санъатини фаол тарғиб қилаётган ҳамдўстлик мамлакатлари вакиллари учун «Йилнинг энг яхши хориждаги ўзбек маданияти тарғиботчиси» номинацияси жорий этилди. Ушбу янгилик мукофотнинг халқаро даражага кўтарилаётганидан далолат беради.
Тантанали маросимда қатор халқаро меҳмонлар иштироки кутилмоқда. Жумладан, 2025 йилда дунё миқёсида хитга айланган «Homay» қўшиғи ижрочилари — Бошқирдистоннинг «Ay Yola» гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюради. Шунингдек, Тожикистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон халқ артисти Нигина Амонқулова, Озарбайжон халқ артисти Менсум Ибраҳимов ҳамда Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Гулянақ Мемедова меҳмон сифатида қатнашади.
Бугунги кунга қадар мукофот доирасида 20 та номинация бўйича 60 нафар ижодкор муносиб деб топилиб, рағбатлантирилган. Айни пайтда навбатдаги 20 та номинация бўйича ғолибларни аниқлаш мақсадида Milliytanlov.uz платформаси орқали очиқ овоз бериш жараёни давом этмоқда.
Мукофот 2025 йил давомида маданият ва санъат соҳасида юксак натижаларга эришган, республика ва халқаро тадбирларда фаол иштирок этган соҳа вакилларига топширилади. Ғолиблар «Йилнинг энг яхши эркак ва аёл мақом хонандаси», «Йилнинг энг яхши опера ижрочиси», «Йилнинг энг яхши спектакли», «Йилнинг энг яхши театр актёри ва актрисаси», «Йилнинг энг яхши бадиий фильми» каби жами 20 та номинация бўйича тақдирланади.
Янги жорий этилган «Йилнинг энг яхши хориждаги ўзбек маданияти тарғиботчиси» номинациясига илк бор япониялик Машу Комазаки, қозоғистонлик Арман Нурмахаматули ҳамда озарбайжонлик Саҳиб Пашшазаде номзод сифатида кўрсатилди.
Мукофот соҳиблари махсус статуэтка ва сертификат, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.
Азиза Алимова, ЎзА