Ёшларнинг театр санъатига қизиқишини ошириш, уларнинг ижодий салоҳиятини намоён этиш ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган “Турон” мактаб театри республика танлови иккинчи бор мамлакат миқёсида ўтказилмоқда. Айни пайтда танловнинг ҳудудий босқичлари қизғин ва эсда қоларли лаҳзаларга бой тарзда ташкил этилмоқда.
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги Болалар мусиқа ва санъат мактабида мазкур танловнинг туман босқичи юқори савияда ўтказилди. Унда иштирок этган умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари томонидан саҳналаштирилган бадиий чиқишлар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда мазмунли спектакллар намойиш этилди. Ҳар бир жамоа ўзининг ижодий ёндашуви, саҳна маданияти ва актёрлик маҳорати билан томошабинлар ҳамда ҳакамлар ҳайъатида катта таассурот қолдирди.

Ҳакамлар ҳайъати иштирокчиларнинг саҳна маданияти, ижодий ёндашуви, ролларнинг таъсирчан талқини ҳамда спектакл мазмунини томошабинга етказиш маҳоратини инобатга олган ҳолда энг муносиб жамоаларни аниқлади.

Танлов якунларига кўра, 1-ўринни ҳамда вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини Мирзаобод туманидаги 25-сонли умумтаълим мактабининг “Янги Ўзбекистон ёшлари” жамоаси қўлга киритди. 2-ўрин 21-сонли умумтаълим мактабининг “Ёшлар” жамоасига насиб этган бўлса, 3-ўринга 7-сонли умумтаълим мактабининг “Маърифат” жамоаси сазовор бўлди.

Тақдирлаш маросимида Мирзаобод туман ҳокими ўринбосари Сирожиддин Кенжаев ҳамда Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вакили Наргиза Холбоевалар иштирок этишиб, ғолиб ва фаол иштирокчиларни муборакбод этишди. Улар ёшларнинг санъат ва маданиятга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантиришда бундай танловларнинг аҳамияти катта эканини таъкидлашди.
Тадбир якунида юқори натижаларни қўлга киритган жамоаларга туман ҳокимлигининг диплом ва пул мукофотлари топширилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири