French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон ёшлари Чирчиқ шаҳрида жам бўлади
17:35 / 2021-05-12

Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг 14-16 май кунлари Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” фестивали бўлиб ўтади.

Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб номланиб, бу борада Давлат дастури қабул қилинди. Президентимиз раислигида жорий 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди. Турли фестиваль ва мусобақалар ўтказиб, ёшларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, нуфузли халқаро танловларга олиб чиқиш изчил давом эттирилиши қайд этилди.

Шуни алоҳида эътиборга олган ҳолда Чирчиқ шаҳрида ўтказиладиган фестивалнинг қамрови кенг бўлади. Айни пайтда бу ерда тайёргарлик қизғин.

–Ёшларнинг жўшқинлиги ва шижоати мамлакат тараққиёти учун беқиёс кучдир, – дейди вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зуҳрa Миргaзиевa. – Улар қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, келажакка ишончини ошириш азалий анъана ва қадриятларнинг умрбоқийлигини ҳам таъминлайди. Шу боис юртимизда айнан ёшлар масаласига эътибор давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланган. Тошкент вилоятида бўлиб ўтадиган уч кунлик фестиваль ҳам аслида шундай юксак ғояни амалга оширишни мақсад қилган. Мазкур тадбирда бошқа вилоятлардан ҳам ёшлар таклиф қилинган. Умумий ҳисобда 15 минг нафар ёшларни қамраб олиш режалаштирилган. Бўлиб ўтадиган турли кўнгилочар шоу-дастурлар, машҳур бизнесменлардан тренинглар, спортчилардан мастер класс, дизайнер ва мода дефилелари бўлиб ўтади. Шунингек, 50 нафар болаларнинг суннат тўйи ўтказилади. Югуриш ва веломарафон, “Ёшлар дафтари”га киритилган йигит-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинади.

Таъкидлаш жоизки ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш учун ўтказилаётган ушбу оммавий тадбир учун интеллектуал ўйинлар, рақс майдони, аёллар учун махсус клуб, гастрономик ва болалар шаҳарчаси барпо этилган. Бу ерга келганларни ўзгача кайфият қамраб олиши шубҳасиз. Сабаби театр саҳна кўринишлари, дорбозлар ўйинлари ҳам бўлиб ўтади.

Ўз навбатида спортга қизиқувчи ёшлар учун жаҳон ва мамлакатимиз миқёсида профессионал тарзда фаолият юритаётган спортчилар ўз маҳоратини намойиш этади. Ҳарбийларимиз иштирокидаги ватанпарварлик тадбирлари, ҳарбий техникалар ва қуроллар кўргазмаси фестивалга ўзгача файз бағишлайди.

 

А.Мусаев,  О.Ғуломов, ЎзА