Бухорода 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди. Эски шаҳар қисмидаги “Пойи Калон” мажмуаси, “Шаҳристон” майдони ва “Арк” қўрғони атрофида “Беш ташаббус” лойиҳаси доирасидаги кўргазма ва дастурлар, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилмоқда.
Фестиваль доирасида “Ёш ошпазлар” танлови бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги масъуллар иштирок этиб, ёшларнинг маҳоратига баҳо берди. Тадбирида Ботир Зарипов вилоят ёшларига омадлар тилади ва турли соҳаларда эришаётган ютуқларига алоҳида тўхталди.
– Бугун эртамиз эгалари қайси соҳада бўлмасин, ўз ўрнига эга. Улар ўз соҳалари ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қолаверса, вилоят иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи кучга айланмоқда. Бухоролик ёшлар бугун илм-фанда илғор, замонавий фикр, креатив ташаббусларга эга. Ёшларимиз кичик бизнесдан тортиб йирик инвестицион лойиҳаларни ҳам амалга ошириш қодир, – деди Ботир Зарипов.
[gallery-23824]
Тадбирда ёшлар таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси сифатида бухоролик йигит-қизлар қўлга киритаётган муваффақиятлар алоҳида эътироф этилди. Фестивалда ногиронлиги бўлган ёшларнинг, шунингдек, таълим муассасалари, Баркамол авлод ижодиёт мактаблари тарбияланувчиларининг ҳунармандчилик йўналишидаги асарлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Пойи Калон мажмуасида “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди. Тадбирнинг очилишида сўз олган вилоят раҳбари, иштирокчи ёшларни байрам билан қизғин табриклаб, жамоаларга муваффақиятлар тилади.
“Заковат” ўйинининг ғолиблари вилоят ҳокими томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин – Бухоро давлат тиббиёт институтининг “Dream team” жамоасига, 2-ўрин – Бухоро давлат университетининг “F8” жамоасига, 3-ўрин – Бухоро давлат техника университетининг “Misteriya” жамоасига насиб этди.
Ёшлар фестивали концерт дастури билан давом этди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.