Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” китобхонлар хизматида
12:47 / 2022-03-16

Инсон маънавиятининг кўзгуси, юксак таълим-тарбия воситаси бўлган китобни бугунги кунда ўсиб келаётган ёш авлоднинг чинакам ҳамроҳига айлантириш долзарб масалалардан ҳисобланади.

Мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш мақсадида Президент қарор ва фармойишлари қабул қилингани, ёшлар ўртасида китобхонлик танловлари ўтказилиб, ғолиблар автомашиналар билан тақдирланиб келинаётгани бу йўлдаги муҳим қадамдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил февраль ойида Наманган вилоятига ташрифидан сўнг Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида қад ростлаган “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси чинакам илм-маърифат кошонасига айланди.

– Ёшлар билими ва тафаккурини ошириш, китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган кутубхонамиз айни вақтда 30 мингдан зиёд ўзбек, рус, инглиз тилларидаги турли бадиий ва илмий адабиётлар, ўқув қўлланмалар билан таъминланган, – дейди ахборот-кутубхона директори Дилноза Азизова. – Умумий майдони 5 минг 220 кв. метрдан иборат масканнинг уч қаватли биноси аҳолига хизмат кўрсатувчи китоблар архиви ва фонд сақлаш учун мўлжалланган махсус ертўладан иборат. Кутубхона бир вақтнинг ўзида 1 минг 200 кишига хизмат кўрсата олади. Кутубхонада бугунги кунда 33 нафар ходим китобхонларга хизмат кўрсатмоқда.

Эътиборлиси, замонавий зиё масканидаги ўқув заллари, компьютер хизмати, “Китобхон болажон - мулоқот майдони”, “Book cafe”, “IT park” (ахборот технологиялари маркази) Туркиянинг “UG Inshaat” компанияси томонидан жаҳон стандартлари асосида Финландия тажрибаси асосида лойиҳалаштирилган.

Айтишларича, исми сир қолишини истаган саховатли ҳомий кутубхонага 27 турдаги жами 418 дона китоб ҳадя қилган.

Шунингдек, кутубхонада ёшларнинг вақтини янада мазмунли ва фойдали ўтиши учун бепул инглиз тили дарслари ўтиб келинмоқда.

Кўплаб ҳамюртларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда, кутубхона ҳафтанинг белгиланган иш кунларида кеч соат 20:00 гача, шанба дам олиш куни бўлишига қарамасдан 14:00 га қадар фаолият юритиши йўлга қўйилган.

Ёшлар зиё масканининг келгусидаги режалари улкан. Яқин келажакда чет давлатлар билан ҳам яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Хусусан, Туркия ва Япония давлатларининг кутубхонада ўз бўлимларини очиш юзасидан режалар ишлаб чиқилмоқда. Яъни, кутубхонага ташриф буюрган Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма, Туркия жумҳуриятининг мамлакатимиздаги элчихонаси маданият ва туризм масалалари бўйича маслаҳатчиси Алп Арслан Акинжи томонидан ёшлар зиё масканида ўз давлатлари бўлимларини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди.

Кутубхонада очиқ эшиклар куни ташкил этилди.

Тадбирда энг сара ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан иборат китоблар ярмаркаси бўлиб ўтди. Кутубхона фаолиятини ўзида акс эттирган суратлар коллекцияси, ахборот технологиялари марказида фаолият юритаётган “UITC IT” академияси томонидан яратилган кутубхонага виртуал саёҳат тақдимоти барчада катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, Ёшлар зиё маскани ахборот-кутубхонасида кўнгилли волонтёр сифатида бепул инглиз тили дарсларини ўтиб, кутубхона фаолиятининг ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган “Library readers group” дарсларини муваффақиятли якунлаб, юқори натижаларни қўлга киритган ўқувчилар диплом билан тақдирланди.

[gallery-6161]

Оқилхон Дадабоев, ЎзА