Муносабат
Бугун дунё жадаллик билан ўзгармоқда. XXI асрнинг иккинчи чорагига қадам қўяр эканмиз, халқаро муносабатлар тизимидаги жиддий силжишлар, низолар, ижтимоий ва технологик тенгсизликлар, ҳамда глобал экологик таҳдидлар инсоният олдига янги синовларни қўймоқда. Бу каби мураккаб шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ролини сақлаб қолиш, унинг фаолиятига янги мазмун бериш ва глобал муаммоларга адолатли ёндашувни шакллантириш ҳар доимгидан ҳам муҳим бўлиб бормоқда.
Мана шундай глобал бурилиш палласида, БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар, баён этилган позициялар ва янгича ёндашувлар нафақат миллий, балки минтақавий ва глобал сиёсатда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ташқи сиёсатдаги очиқлик ва прагматизмни ўзининг асосий йўналиши сифатида белгилаб олди. Президент нутқида айнан шу позициянинг қатъий давоми сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини сақлаб қолиш, унда ривожланаётган мамлакатлар манфаатини муносиб ифода қилиш масаласи алоҳида таъкидланди.
Хусусан, Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш, унинг аъзолик таркибини кенгайтириш зарурати ҳақидаги чақириқ жаҳондаги кучлар мувозанатини акс эттирмайдиган мавжуд форматдан адолатли ва инклюзив тизимга ўтишга даъватдир.
Сабаби, бугунги дунёда глобал муаммоларни фақатгина кучли давлатлар эмас, балки ўрта ва кичик давлатларнинг конструктив иштирокисиз ҳал қилиш имконсиз. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг глобал сиёсий жараёнлардаги субъектив ролини мустаҳкамлаш ҳаракатлари мантиқий ва келажакни кўзловчи стратегия сифатида намоён бўлмоқда.
Президент нутқида эътибор қаратилган яна бир муҳим йўналиш – Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, камбағалликни қисқартириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини модернизация қилиш, иш ўринлари яратиш, гендер тенглигини таъминлаш ва “яшил” иқтисодиётни шакллантириш бўйича амалий натижалар ҳисобланади.
Жумладан, камбағаллик даражасининг 35 фоиздан 6,6 фоизгача пасайиши сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг ҳақиқий ижтимоий таъсирини намоён этади. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасининг 9 фоиздан 42 фоизгача ошиши эса инсон капиталига устувор эътиборнинг самарасидир.
Қолаверса, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги катта муваффақиятлардан бири бу – Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантириш бўйича эришилган натижалардир. Бир неча йил аввал ёпиқ чегаралар, музлатилган низолар ва геосиёсий беқарорлик билан тавсифланган минтақа бугун конструктив мулоқот ва амалий интеграция учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Минтақавий савдо ва инвестициялар ҳажмининг бир неча баробарга ортиши, қўшма саноат ва инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилиши – буларнинг барчаси “Янги Марказий Осиё” концепциясининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётганидан далолатдир.
Президент ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясидан Марказий Осиёнинг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграциясини қўллаб-қувватлаш резолюциясини қабул қилиш таклиф этилиши минтақада олиб борилаётган ислоҳотларни халқаро ҳуқуқий асос билан мустаҳкамлаш ҳаракати ҳисобланади. Шу билан бирга, Президент нутқида халқаро тинчлик ва хавфсизлик борасидаги позициялар ҳам аниқ ифода этилди. Афғонистон масаласида мамлакатнинг яккаланишини олдини олиш ва уни минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, дунё етакчилари эътибор марказида бўлган Президент нутқида ёшлар масаласи, уларнинг онги ва қалбига тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини сингдириш, жаҳон ёшлари ҳаракатини ташкил қилиш каби ташаббуслар билдирилди. Рақамли тенгсизлик ва сунъий интеллект соҳасида глобал адолатни таъминлаш, унинг имкониятларини беғараз тақсимлашга оид халқаро ҳамкорлик механизмлари зарурлиги таъкидланди.
Умуман олганда Президент томонидан билдирилган баёнот ва ташаббуслар нафақат мамлакатимизнинг ташқи сиёсатида, балки глобал миқёсдаги халқаро муносабатларда ҳам муҳим ўзгаришларни акс эттиради. Энг муҳими, Ўзбекистон энди фақат ўз минтақасининг эмас, балки глобал сиёсий, иқтисодий ва гуманитар жараёнларнинг фаол иштирокчиси ва ташаббускори сифатида намоён бўлмоқда.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
Юнсобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси.
ЎзА