Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади – халқ ва давлат муносабатларини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш. Давлат бошқарувини инсон манфаатларига хизмат қилувчи самарали механизмга айлантириш.
ЎзА мухбири “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков билан шу ҳақда суҳбатлашди.
– Конституциямизга илк бор Фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида бобнинг киритилгани мамлакатимизда демократик институтлар фаолиятини мустаҳкамлайдиган ва уларнинг давлат бошқарувидаги ролини кучайтирадиган беқиёс тарихий қадам бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимизни халқчил давлатга айлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Халқ ва давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, давлат бошқаруви тизимини инсон манфаатларига хизмат қилувчи самарали механизмга айлантириш асосий вазифалардан бирига айланди.

– Инсон манфаатларига хизмат қилувчи қандай механизмлар амалиётга жорий қилинди?
– Давлат бошқаруви мутлақо янгича тизимга ўтди. Кўплаб давлат хизматлари рақамлаштирилаётгани туфайли одамлар ҳаётида дуч келган аксарият бюрократик тўсиқлар олиб ташланди.
Давлат хизматлари тизими мутлақо янги босқичга кўтарилди. Агар 2017 йилда давлат хизматлари марказлари орқали фақат 37 турдаги хизмат кўрсатилган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 400 дан ошиб кетди. Яъни, 7 йилда хизматлар сони 11 баробарга кўпайди. Бу эса, халқ билан давлат ўртасидаги мулоқотнинг қулайлиги ва шаффофлиги кескин ошганини англатади.
Аҳолининг рақамли хизматларга ишончи ва қизиқиши ҳам ортиб бормоқда: 2017 йилда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланувчилар сони 50 минг кишини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 13,8 миллион нафарга етди. Бу – халқимизнинг рақамли саводхонлиги ва давлат хизматларидан фойдаланиш маданияти сезиларли даражада юксалаётганини кўрсатади.
Ота-оналар фарзандларини боғча ёки мактабга мобил телефон орқали рўйхатга қўймоқда. Ёшлар олий таълимга кириш жараёнида аввалгидек сарсон бўлмайди. Кўчмас мулк олди-сотдиси, маълумотнома олиш каби соҳаларда одамларни овора қилган муаммоларга чек қўйилди.
– Ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда жамоатчилик иштироки ва халқаро стандартлар аҳамияти қандай бўлмоқда?
– Жаҳон банки ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) экспертларининг хулосасига кўра, жамоатчилик иштирокининг самарали шакллари давлат муассасаларида шаффофликни оширади. Ҳисобдорликни таъминлайди ва фуқароларнинг ҳокимиятга ишончини мустаҳкамлайди. OECD бу жараённи Civic Tech деб таърифлайди – яъни рақамли технологиялар орқали демократияни мустаҳкамлаш.
БМТнинг E-participation Index рейтингида ҳам мамлакатлар фуқароларни онлайн иштирокка жалб қилишига қараб баҳоланади. Унга кўра, фуқароларга ахборот бериш, қарор муҳокамасида қатнашиш ва фикр билдириш имкониятлари кенгайган сари демократик жараёнларга ишонч ҳам ортиб боради.
Шунингдек, Digital Nations ташаббуси етакчи рақамли давлатларни тажриба алмашиш учун бирлаштирса, Open Government Partnership (OGP) каби платформалар очиқлик, ҳисобдорлик ва фуқаролар иштироки тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
– Янги Ўзбекистонда жамиятда кечаётган жараёнларда жамоатчилик иштирокини таъминловчи қандай ислоҳотлар амалга оширилди?
– Бу борада қатор тизимли чоралар амалга оширилди: Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона ташкил этилди. Улар орқали мурожаатлар ҳал этилиши даражаси сезиларли ошди: 2017 йилда бу борадаги кўрсаткич 47,5 фоиз бўлган бўлса, 2019 йилда бу 60,9 фоизга етди. 2023 йилда эса 57 фоиз мурожаат ижобий ҳал қилинди.
Рақамли платформалар – regulation.gov.uz ва 2030.strategy.uz орқали фуқаролар давлат ҳужжатларини муҳокама қилишда иштирок этмоқда. Масалан, “Ўзбекистон–2030” стратегияси муҳокамаси давомида 30 мингдан зиёд фикр ва таклиф киритилди.
Жамоатчилик назорати фаоллашди. Конституцияга кўра сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаро қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлди.
Очиқ ва “Ташаббусли бюджет” дастурлари орқали фуқаролар маҳаллий бюджет тақсимотида иштирок этмоқда. Фақат 2022 йилнинг ўзида 131 мингдан зиёд таклиф киритилиб, 4 мингдан ортиқ ташаббус ғолиб бўлди.
Мансабдор шахсларнинг ҳисобдорлиги таъминланмоқда. Улар ўз фаолияти бўйича жамоатчиликка ҳисобот бериши амалиёти йўлга қўйилди.
– “Халқ билан мулоқот” тамойили қандай самара бермоқда?
– Бу тамойил Ўзбекистонда шаффоф, ҳисобдор ва инклюзив бошқарувнинг асосий устунига айланди. Фуқаролар murojaat.gov.uz сайти ва “1000” рақамли ишонч телефони орқали тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконига эга.
Ахборот майдони кенгайди: оммавий ахборот воситалари сони 2016 йилдаги 1 минг 514 тадан ҳозирда 2,5 мингга яқинлашди. Уларнинг 835 таси давлат, қолгани нодавлат ташкилот ва идоралар муассислигидаги ОАВлардир.
Блогерлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари сони кескин ортиб, жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим ўрин эгаллай бошлади.
Интернетдан фойдаланиш 2017-2024 йиллар мобайнида 48.7 фоиздан 93.3 фоизгача ўсди. Яъни, икки баробардан кўп ўсиш кузатилди. Телеграмдан – 94, YouTube’дан – 66, Инстаграмдан – 53 фоиз аҳоли фойланмоқда ва мамлакатда онлайн мулоқот ва контент истеъмолида асосий воситаларга айланди. Телевидение, радио ва матбуот орқали ўнга яқин тилда ахборот тарқатиш имкониятлари кенгайди.
Натижада сиёсий муҳитнинг очиқлиги ва жамоатчилик иштироки институционаллаштирилди, оммавий ахборот воситаларида плюрализм мустаҳкамланди.
– Фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) ривожи қандай кечмоқда?
– Фуқаролик жамияти институтлари – давлатнинг халқ учун хизмат қилишида энг муҳим ҳамкорлардан бирига айланди. Бугун юртимизда 10 мингдан зиёд ННТ фаолият юритмоқда. Улар соғлиқни сақлаш, таълим, экология, гендер тенглиги ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида давлатнинг ишончли ҳамкорига айланди.
ННТлар қонун лойиҳалари муҳокамаларида иштирок этиб, аҳолининг манфаатларини давлатга етказмоқда. “Жамоатчилик эшитувлари” ва “Жамоатчилик кенгашлари” фуқароларнинг фикр ва таклифларини давлат сиёсатини шакллантиришга олиб чиқмоқда.
– Ислоҳотлар жараёнида “Тараққиёт стратегияси” марказининг ўрни ва роли қандай бўлмоқда?
– 2017 йилдан буён “Тараққиёт стратегияси” маркази давлат ва жамият ўртасида мулоқот майдони вазифасини бажариб келмоқда. Ҳар йили давлат дастури қабул қилиниши арафасида фуқаролар таклифлари марказ орқали йиғилиб, таҳлил қилинади ва тегишли давлат органларига етказилади. 2022 - 2023 йилларда минглаб таклифлар “Ўзбекистон - 2030” стратегиясига киритилди.
Бугун марказ ушбу стратегия ижросини жойларда мониторинг қилиб, натижаларни uzbekistan2030.uz орқали жамоатчиликка тақдим этмоқда.
Бу жараён халқимизнинг давлат сиёсатини назорат қилишдаги иштироки ортиб бораётганини ва “Халқ хизматидаги давлат” ғоясининг амалда ўз ифодасини топаётганини кўрсатади.
Ушу ислоҳотлар замирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат учун эмас – давлат халқ учун хизмат қилиши керак” деган сўзлари билан ифода этилган ғоя туради. Бу эса, ўз навбатида, “Халқ хизматидаги давлат” тамойилини амалда намоён этмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА