Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбeкистон ва БМТ: ўзаро ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт
10:15 / 2024-03-02

2 март – Ўзбекистон БМТга тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинган кун

Жаҳонда кечаётган ҳозирги глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намоён этмоқда ва мазкур ҳолат барча соҳаларда муносабатларни тартибга солишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Бундай шароитда халқаро ташкилотларнинг давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ўзига хос форуми сифатидаги роли ва аҳамияти ҳам ортиб бормоқда. 

БМТ кўп томонлама дипломатиянинг энг мақбул воситаси бўлиб, унинг доирасида давлатлар халқаро муносабатларда халқаро ҳаётнинг кўплаб муҳим жабҳаларини қамраб оладиган мураккаб масалаларини ҳал қила олади. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг белгиловчи асосий йўналишларидан бири сифатида БМТ билан ҳамкорлик янада кенгайиб, энг аввало, барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий вазифа ва мақсадларни рўёбга чиқариш мақсадида мисли кўрилмаган юксак даражага чиққанини таъкидлаш лозим.

БМТ халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган, давлатлар халқаро ҳаёти ва ҳамкорлигининг барча йўналишларида фаолият кўрсатадиган бетакрор, тарихан муҳим ва универсал ташкилотдир. Маълумки, бундан 32 йил олдин, 1992 йил 2 март куни янги суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Шундан буён биз ўз масалаларимизни ҳал этишда ҳар доим БМТнинг кўмагига таяниб келмоқдамиз.

Обрўли халқаро тузилма – БМТ билан тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида самарали ҳамкорлик қилиш халқимизнинг туб миллий манфаатларига тўлиқ мос келади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида: “Жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилмоқда. Глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаймоқда. Ва буларнинг барчаси кенг кўламдаги кескинлик ортишига сабаб бўлмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар туфайли савдо, инвестиция ва инновация соҳаларида эркин алмашиш йўлида янги тўсиқлар вужудга келмоқда. Ҳатто иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка қарши кураш сингари бутун башарият тақдирига дахлдор бўлган масалаларда ҳам ўзаро мулоқот издан чиққани сезилмоқда. Бундай мураккаб шароитда амалий ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда, мамлакатларни жипслаштириш ғояси ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бормоқда….”, деган фикри республикамизнинг ташқи сиёсий позициясини изоҳлаб берди.

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон БМТнинг барча тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Биргаликда турли йўналишларда 200 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига уч йил муддатга – 2021-2023 йилларга сайланди. Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш комиссияси, ЮНEСКОнинг маданий мерос бўйича қўмитаси ва кўплаб бошқа тузилмаларда фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилинган Оролбўйи минтақаси бўйича БМТ Траст фонди ташкил этилди.

Энг муҳими, кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкилот Бош Ассамблеясининг қатор муҳим махсус резолюциялари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 16-20 октябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессиясида туризм соҳасининг янги муаммолар ва замонавий хатарлар олдида барқарорлиги ва мослашувчанлиги борасида билдирилган фикрлари асосида 2024 йилнинг 26 февраль куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан "2027 йил – Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили” деб номланган резолюция қабул қилинди. Резолюция 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилишни қарор қилади ҳамда БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилотини ҳукуматлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, минтақавий ташкилотлар билан биргаликда йилни муваффақиятли ўтказиш учун комплекс чоралар кўришга чақиради. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда БМТнинг ўндан ортиқ дастурлари, жамғармалари ва агентликлари, жумладан, БМТ Тараққиёт дастури, Аҳолишунослик жамғармаси, Болалар жамғармаси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти, Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури, Гендер тенглиги ҳамда аёллар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш масалалари бўйича тузилмаси, Марказий Осиёда Превентив дипломатия минтақавий маркази, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, ҳамда БМТ ТД раҳбарлиги остида БМТ кўнгиллилар дастури сингари бир қатор ихтисослашган муассасалари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, БМТ Атроф-муҳит дастурининг Ўзбекистонда ваколатхонасини очиш бўйича келишувга эришилди.

Ўз навбатида Нью-Йорк шаҳрида доимий ваколатхона ва Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхона фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистон кейинги йилларда БМТнинг Женевадаги бўлими билан ҳамкорликни янада кучайтирмоқда. Ўзбекистон БМТнинг Бош Ассамблеяси ва бошқа ихтисослаштирилган муассасалари фаолиятидаги ўз иштирокини ҳам фаоллаштирди. БМТ Тараққиёт дастури, Европа иқтисодий комиссияси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНEСКО, ЮНИДО, ФАО, ЮНEП ва глобал ташкилотнинг бошқа тузилмалари билан самарали амалий ҳамкорлик кенгаймоқда. 

Мамлакатимизга БМТ Бош котиби, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар, БМТнинг Диний эътиқод бўйича, Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича, БМТнинг Терроризмга қарши кураш шароитида инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича махсус маърузачиларининг амалга оширган ташрифлари катта аҳамиятга эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, БМТ давлатимиз томонидан амалга оширилаётган очиқ ва прагматик сиёсатни, шунингдек, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ҳамда 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасидаги глобал кун тартибининг асосий вазифаларига тўлиқ мос бўлган туб ислоҳотлар дастурини юксак баҳолайди.

Шу тариқа Ўзбекистон ҳамда БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муваффақият билан равнақ топмоқда. Бундан кейин ҳам Ўзбекистон Республикасининг жаҳондаги йирик халқаро ташкилот БМТ билан муносабатлари тенглик ва манфаатли шериклик асосида ривожланиб бораверади.

Шуҳрат Раҳмонов,

Тошкент давлат юридик университети

кафедра мудири,

юридик фанлар номзоди, доцент.