Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Ўзбекистон” университетида таълим сифатига қандай эътибор қаратилмоқда?
16:44 / 2024-12-10

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим соҳасида мутлақо янгича асосда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида “Янги Ўзбекистон” университетида амалга оширилаётган ишлар, натижа ва келгусидаги режалар юзасидан маълумот берилди.

Эътироф этилганидек, “Янги Ўзбекистон” университети 2021 йилда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида ташкил этилган бўлиб, 4 йиллик фаолияти давомида юқори натижаларга эришмоқда. Ҳозир олийгоҳда минг нафардан ортиқ талаба-ёшлар 9 та бакалавриат йўналиши ва 2 та магистратура мутахассислигида таҳсил олмоқда.

Шунингдек, олийгоҳ томонидан 2025 йил учун 9 та таянч докторантура ва 2 та докторантура ихтисосликларига қабул ўтказилди.

Яқин келажакда университет факультетлари сонини яна биттага ошириб, тиббиёт факультети, клиника ва тадқиқот маркази ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур тиббиёт кластери Марказий Осиёдаги илк немис стандартлари асосида фаолият юритувчи йирик мажмуа бўлиб, у тиббиёт фанлари бўйича дунёда 98-ўринни эгаллаган Фрайберг университети ҳамда "Magold konsalting" каби бир қанча йирик компаниялар билан ҳамкорликда қурилади.

Шунингдек, босқичма-босқич магистратура мутахассисликлари ва бакалавриат йўналишлари очиш ҳам режалаштирилган. Мисол учун, кейинги 2025/2026 ўқув йилидан иқтисодиёт бўйича магистратура мутахассислиги жорий этиш ишлари олиб борилмоқда.

Йилдан-йилга университетга қабул қилинаётган талабалар сафи ортмоқда. Биргина 2024 йилги қабул статистикасига эътибор қаратадиган бўлсак, 480 нафар энг истеъдодли ёшлар бакалавриат босқичига саралаб олинди. Ушбу талабаларнинг барчасида инглиз тилидан хорижий сертификат мавжуд бўлиб, IELTS баҳолаш тизими бўйича уларнинг билим даражаси 7 балл (C1 даража)ни ташкил этади.

[gallery-20790]

Қувонарли жиҳати шундаки, ушбу талабаларнинг 466 нафари, яъни 97 фоизида математикадан ҳам халқаро SAТ ёки A-Level сертификатлари бор.

Ўтган ўқув йили давомида ёшларга яратилган имкониятлар натижасида талабалар бир қатор ютуқларга эришди. 20 нафар талаба халқаро ҳамда 23 нафар талаба маҳаллий фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, талабалар 57 та лойиҳа ва илмий ишланмалар яратди ҳамда 55 та халқаро илмий мақолага муаллифлик қилмоқда. Турли кўрик-танлов ва хакатонларда ғолиб бўлган 70 нафар талаба эса жами 523 миллион сўм миқдоридаги ютуқларга эга бўлган.

Шунингдек, йил давомида турли лойиҳалар ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этилиб, талабаларнинг ўқишдан кейинги вақти мазмунли ўтказилмоқда.

Университетда 1-12 июль кунлари дунёда топ 13-ўринда турувчи Aмериканинг Чикаго университети билан ҳамкорликда иқтисодиёт бўйича ёзги илмий мактаб ташкил этилди. Ёзги мактабда дунё рейтингида юқори ўринларда турувчи Корнел, Висконсин ҳамда Ланкастер каби университетлардан профессорлар жалб қилиниб, уларнинг дарслари ташкил этилди.

Математика бўйича ҳам ёзги илмий мактаб ташкил этилиб, унда 35 нафар хорижлик талаба иштирок этди.

“Янги Ўзбекистон” университетида таълим сифатига эътибор энг асосий масала ҳисобланади. Сифатли таълим олиш учун етарлича шароит ва малакали профессор-ўқитувчиларни жалб қилишга доим жиддий қаралган. Ҳозир университетда жами 66 нафар профессор-ўқитувчи талабаларга билим бераётган бўлиб, уларнинг 31 нафари хорижликлар ҳисобланади.

Профессор-ўқитувчилар ҳамда талабларнинг тажрибасини доимий ошириб бориш мақсадида хорижнинг дунё рейтингида юқори ўринларда турувчи олийгоҳлари билан алмашинув дастурлари тузилган.

Унга кўра, дунёда топ 2-ўринда турувчи Массачусетс технологиялар институти (МIТ) профессор-ўқитувчилари томонидан жорий йилнинг 29 апрелидан 2 майига қадар маҳорат дарслари ташкил этилди. Унда “Янги Ўзбекистон” университети профессор-ўқитувчилари билан бирга юртимиз бўйича 250 нафар соҳа вакиллари қамраб олинди. Шунингдек, ҳамкорликка биноан сентябрь ойида университет профессор-ўқитувчилари МIТда тажриба ўтади. Октябрь ойида эса республика миқёсида 400 га яқин илм-фан вакиллари учун МIТ вице-президенти Эрик Гримсон билан очиқ маъруза ташкил этилди.

Университет талабалари ҳамда юртимиз ёшларига сифатли таълим бериш ва уларнинг билим олишга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори Жан Тирол Ўзбекистонга таклиф қилиниб, “Халқ фаровонлигига эришиш йўллари” мавзусида очиқ маъруза ташкил этилди. Унда 700 га яқин илм-фан вакиллари, иқтисодчилар, тадбиркорлар ва талабалар қатнашиб, ўзлари учун янги билим ва тажрибаларга эга бўлди. Шу билан бирга университет талабалари учун жаҳонга машҳур олимнинг эксклюзив маърузаси ҳам ўтказилди.

Шунингдек, ҳисоблаш физикасининг дунёга машҳур арбоби ва қора туйнукларнинг биринчи тасвирларини яратишда иштирок этган олимлардан бири Луcиано Реззолланинг “Янги Ўзбекистон” университети талабалари ва Самарқанддаги ёшлар учун маърузалари ташкил этилди.

Матбуот анжуманида университетининг фаолияти, унинг истиқболдаги режалари хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Н.Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА