Илм-фан ривожланиши учун соҳа ходимлари ўзаро фикр ва тажриба алмашиши муҳим аҳамиятга эга. Халқаро илмий конференциялар ўтказиш эса олимларни бир жойга жамлашда, янги ғоялаш туғилишида ўзига хос ўрин тутади.
Шу мақсадда жорий йил 6–8 сентябрь кунлари Германиянинг Саксония Фанлар академияси ҳамда Гонгконг фан ва технология университети ҳузуридаги Буюк Евроосиё тадқиқот маркази билан биргаликда “Diffusion Fundamentals-X” халқаро илмий конференцияси “Янги Ўзбекистон” университетида ўтказилади.
Шундай конференция 2005 йилдан бери Германия, АҚШ ва Польша каби давлатларда 9 марта ўтказилган бўлиб, дунё илм-фан оламида катта нуфузга эга.
Тадбир Марказий Осиёда илк марта Ўзбекистонда ўтказилмоқда. Унда Буюк Британия, АҚШ, Германия, Франция ва Австрия каби давлатларнинг дунё рейтингида юқори ўринларда турувчи 40 дан ортиқ университет раҳбарлари, олимлари ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирок этиши кутилмоқда.
Конференциянинг мамлакатимизда ўтказилиши маҳаллий тадқиқотчи-олимлар учун катта имконият ҳисобланади. Хусусан, кимё, физика, компьютерсозлик ва математика бўйича илмий-тадқиқот олиб бораётган маҳаллий олимлар ўзларининг илмий-тадқиқот ишларини халқаро миқёсидаги олимлар билан муҳокама қилиш имконига эга бўлади.
Лейпцигдаги Саксония фанлар ва гуманитар фанлар академияси президенти Ҳанс Виесмиз ҳам ушбу конференцияда иштирок этишни режалаштирган. У ўзининг видеомурожаатида тадқиқоти яшил иқтисодиёт йўналишда бўлиб, асосий эътиборни сувни тежаш, иқлим ўзгариши, саноатда, айниқса тўқимачиликда чиқиндиларни камайтиришга эътибор қаратишини таъкидлаган.
Шунингдек, олим конференция бўйича қуйидагича фикр билдирди: “Яшил иқтисодиётни ёки барқарорликни амалга ошириш қийин масала. Тақдимотимда мен бу бўйича баъзи масалаларга юзланаман ва ўз тавсияларимни келтириб ўтаман. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан 2019-2030 йилларда республиканинг яшил иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланди. Мен ушбу муҳим мавзу бўйича ўзбекистонлик тадқиқотчилар билан мулоқотда бўлишни интиқлик билан кутяпман…”
Ҳозирги вақтда халқаро илмий конференцияни юқори савияда ўтказиш мақсадида тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, илм-фанга қизиқувчи барча олимлар, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар унда қатнашиши мумкин.
ЎзА мухбири Н.Усмонова тайёрлади