Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини жаҳон андозалари даражасида ислоҳ этиш масаласига устувор аҳамият қаратилмоқда. Юртимизда ёшларни тўлақонли таълим олиши учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” университети давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори асосида ташкил этилган Ўзбекистондаги биринчи мустақил, давлат университетидир. “Янги Ўзбекистон” университети дунё миқёсидаги университет бўлиб, келажакдаги миссияси — Ўзбекистон ва бутун дунёдаги билимли ёшларнинг истеъдодини янада ривожлантириб, кучли лидерлар ва инноваторлар этиб тарбиялаш ҳисобланади. Мазкур университет мульти-дисциплинар ўқув дастури ва тадқиқотларни интеграциялаштириш орқали энг яхши академик ва профессионал амалиётларни тақдим этади.
Университетнинг юқори малакали профессор-ўқитувчилари ва ходимлари юқори сифат ва тажрибанинг жонли далилидир. “Янги Ўзбекистон” университетида ўқув дастурлари фан, тадқиқот, ижодкорлик ва тадбиркорлик соҳаларида янгиликларни кўпайтиришга мўлжалланган ҳолда тузилган. Ушбу натижага эришиш учун гуманитар фанлар, санъат ва ижтимоий фанлар аниқ фанлар ва технология бўйича фундаментал курслар билан интеграциялаштирилган.

Университетда дарслар малакали хорижлик профессорлар томонидан ташкил этилади. Уларнинг сони ҳозирги кунда жами профессорларнинг 66 фоизини ташкил этади. Ушбу университетда кимёга доир дарслар германиялик профессорлар, IТга доир дарслар ҳиндистонлик ҳамда Жанубий кореялик профессорлар, иқтисодиётга доир билимлар эса, туркиялик профессорлар томонидан ўргатилади.
Дарслар тўлиқ инглиз тилида ташкил этилувчи ушбу университет сифатли таълим олишдан ташқари талабаларга ўз стартап лойиҳаларига эга бўлишлари, мустақил изланишлар олиб боришларига имкон яратади. Шунингдек, талабалар тадқиқот ишларини янада ривожлантириш учун чет давлатларга боришлари ҳам мумкин бўлиб, уларнинг харажатлари университет томонидан 100 фоиз қопланади. Университет истеъдодли ёшларга тўла бўлиб, бу ерда халқаро олимпиада ғолиблари ва кўплаб мукофотларга эга ёшлар билан биргаликда ўзгача муҳитда билимларни ошириши мумкин.
Бундан ташқари университет битирувчилар учун кўплаб имкониятлар тақдим этади. Университетни битирган ҳар бир талаба миллий кадрлар захирасига олиниб, беш йиллик иш тажрибасидан сўнг раҳбарлик лавозимига тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади. Шунингдек, магистратурани чет эл олий таълим муассасаларида давом эттиришни мақсад қилган ёшлар учун ҳам ажойиб имконият мавжуд бўлиб, талабалар ўзлари хоҳлаган хорижий олий таълим муассасасининг магистратура босқичида таълим олишни истаса, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан барча харажатлари қоплаб берилади.
Университетда таҳсил олиш харажатлари талабаларнинг билимга бўлган қизиқиши ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичларига боғлиқ. Университетда эллик, етмиш ва юз фоизлик грантлар мавжуд бўлиб, талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларига қараб грант миқдори ҳар ўқув йилида ўзгариб туради. Масалан, эллик фоиз грант асосида таҳсил олувчи талаба ўз устида ишлаб яхши натижалар кўрсатса, кейинги ўқув йилидан етмиш ёки юз фоизлик грант асосида ўқишини давом эттириши мумкин.
Шунингдек, университет тўрт йиллик юз фоизли грантларни ҳам тақдим этади. Ушбу грантлар халқаро фан олимпиадаларидан бирида ғолиб бўлган, оиласи Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган, Ихтисослаштирилган мактаблардан энг юқори балл асосида ўқишга қабул қилинган беш фоиз талабалар ёки Президент мактаби битирувчиларига тақдим этилади. Ҳозирда умумий 80 фоиз талабалар грант асосида таҳсил олишмоқда.
Университетдаги таълим тизимига яқиндан назар соладиган бўлсак, бу ердаги таълим хорижий стандартлар асосида дунёнинг етакчи университетлари билан ҳамкорликда ташкил этилган. Университетда гуманитар ва аниқ фанларни талабаларга сифатли ўргатиш мақсадида Германиянинг Мюнхен техника университети ва Американинг Массачусетс технология институти билан ҳамкорлик қилинади.
Ҳозирда университетга ўқишга ҳужжатлар қабули хориж стандартларидан келиб чиққан ҳолда йил давомида амалга оширилиши ҳамда абитуриентларнинг хоҳишига кўра февраль, май ва август ойларида имтиҳон топшириш имконияти жорий этилган.
2023/2024-ўқув йили учун ҳозирда Кимё ва материалшунослик муҳандислиги, Механика муҳандислиги, Электр муҳандислиги, Дастурий таъминот муҳандислиги, Киберхавфсизлик, Сунъий интеллект ва робототехника, Амалий математика, Иқтисодиёт ва маълумотлар таҳлили, Педагогика ҳамда Саноат бошқаруви йўналишларига ўқишга ҳужжатлар қабули давом этмоқда. Жорий йилнинг 25 февраль куни 2023/2024-ўқув йили учун биринчи қабул имтиҳонлари ўтказилди. Ҳар бир фан бўйича кириш имтиҳони тест шаклида бўлиб, 20 та топшириқдан иборатдир. Абитуриентларга ҳар бир тўғри жавоб учун 5 баллдан берилади. Бунда бир фан кесимида энг кўпи билан 100 балл тўпланиши мумкин. Ҳар бир фан бўйича белгиланган вазифаларни бажариш учун 70 дақиқа вақт ажратилади.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, имтиҳон саволлари Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган умумий ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим ташкилотларида жорий этилган ўқув дастурлари асосида осон, ўрта ва қийин тусдаги саволлар туркуми бўйича шакллантирилган.
Саралаш имтиҳонлари видеокузатув ва бошқа техник воситаларни қўллаган ҳолда ота-оналар ҳамда жамоатчиликка онлайн тарзда ҳам намойиш этиб борилиши таъминланган.
Университет қабул низомига кўра, ўқишга ҳужжат топширган талабгорлар халқаро сертификатга эга бўлган тақдирда сертификат балига кўра тегишли фандан максимал миқдоргача балл берилиши ва талабгорнинг хоҳишига кўра имтиҳонлардан озод этилиши мумкин. Бу турдаги сертификатларга SAT, IB, GCSE, IGCSE, GCE O-Level, GCE A-Level va AS-Level дунёнинг кўплаб университетлари томонидан тан олинувчи халқаро сертификатлар киради.
Шунингдек, халқаро фан олимпиадаларида олтин, кумуш ва бронза медалига эга абитуриентларга ҳам тегишли фани бўйича максимал балл берилиб, имтиҳонлардан озод этилиши мумкин. Буларнинг барчаси ёшларга кўрсатилаётган меҳрнинг амалдаги ифодасидир.
Моҳинур Қудратуллаева,
Журналист
ЎзА