English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Ўзбекистон” университети талабалари дунёнинг биринчи рақамли олийгоҳида амалиёт ўтайди
14:04 / 2024-04-29

“Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилган йилданоқ дунёнинг биринчи рақамли олийгоҳи Массачусетс технология институти билан узоқ муддатли ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Унга кўра, юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ва ходимлар малакасини ошириб бориш йўналишларида яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Хориж университетларини жалб қилган ҳолда “Янги Ўзбекистон” университети профессор-ўқитувчилар таркибий тузилмаси (лавозимлар рўйхати), уларнинг малака талаблари, функционал вазифалари ҳамда ўқитиш ва илмий-тадқиқот олиб бориш меъёрлари ишлаб чиқилди.  

Белгиланган талаблар бўйича АҚШ олийгоҳи вакилларидан иборат танлов комиссиялари фаолияти ташкил этилган бўлиб, “Янги Ўзбекистон” университетига профессор-ўқитувчиларни ишга жалб қилишнинг 3 босқичли шаффоф тизими яратилди.  

Мазкур тизимга асосланган ҳолда 500 нафардан ортиқ номзодлар кўриб чиқилиб, олийгоҳ талаби асосида 38 нафар профессор-ўқитувчи ишга жалб қилинган.  

Массачусетс технология институти томонидан ташкил этилган инновацияларни қўллаб-қувватлаш, инновацион экотизимни яратиш, ўқув режа ва фан дастурларини ишлаб чиқиш каби йўналишдаги маҳорат дарсларида “Янги Ўзбекистон” университети ходимлари тизимли равишда иштирок этиши йўлга қўйилган. Бугунга қадар 18 нафар ходим ва профессор-ўқитувчи қайд этилган дарсларда иштирок этиб, ўз малакасини оширди.  

Бу каби маҳорат дарслари қамровини кескин ошириш мақсадида  жорий йилнинг 29 апрель – 2 май кунлари “Янги Ўзбекистон” университетида таълим бошқаруви, замонавий педагогик ўқитиш методикалари, мустақил таълимни ривожлантириш ва самарали тадқиқот олиб бориш каби қатор йўналишларда маҳорат дарслари ташкил этилмоқда.  

Маҳорат дарслари Массачусетс технология институтининг вице-президенти катта маслаҳатчиси Вижай Кумар, Плазма фанлари ва термоядро кафедраси бошлиғи Жон Бризон, лидерлик ва ижтимоий фанлар олими Жосеф Дейрон, SТEМ таълим дастури бўйича бош тадқиқотчи олим Катерина Багиати, “Jameel World Education Lab” директори ўринбосари Жулиа Рейнолдс томонидан олиб борилади.  

Маҳорат дарслари гуруҳларга бўлиниб, амалий машғулотлар орқали реал кейслар асосида ўтказилади. Дарслар якунида услубий қўлланма ишлаб чиқилади ҳамда олий таълим муассасаларига ишда фойдаланиш учун тақдим этилади. Шу билан биргаликда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича MIT J-WEL билан келишув имзоланди.  

Унга кўра “Янги Ўзбекистон” университети MIT J-WELнинг Марказий Осиёдаги энг яқин стратегик ҳамкори сифатида эътироф этилди. 

Эндиликда “Янги Ўзбекистон” университети талабалари дунёнинг биринчи рақамли олийгоҳида амалиёт ўташ ва малака ошириш имконига эга бўлади. Бунда талабалар Массачусетс технология институти профессор-ўқитувчилари томонидан ташкил этиладиган дарсларда иштирок этишлари, илмий тадқиқотлар олиб боришлари, ўз лойиҳаларини янада ривожлантиришлари ва MIT лабораторияларида экспериментлар ўтказишлари мумкин бўлади.  

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” университети профессор-ўқитувчилари алмашинув дастури бўйича MITда тажриба ўташади.  

Бунга кўра профессор-ўқитувчилар MIT тадқиқотчи олимлари билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб боришлари, турли ўқитиш методлари бўйича тажриба алмашишлари, MIT маълумотлар базасидан фойдаланишлари ва турли ўқув-семинарларини биргаликда ташкил этишлари мумкин бўлади. Маҳорат дарсларига 50 нафар “Янги Ўзбекистон” университети, 200 нафар бошқа олий таълим муассасалари мутахассислари жалб этилган.  

Н.Усмонова, ЎзА