Муносабат
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқини юртимиз ва халқаро жамоатчилик қатори мен ҳам катта қизиқиш билан тингладим. Бу нутқ нафақат мамлакатимиз, балки бошқа давлатлар учун ҳам долзарб масалаларни қамраб олгани билан тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Мамлакатимизнинг янги ташқи сиёсати ва очиқ дипломатияси, давлатимиз раҳбари нутқида ифода этилганидек, халқаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва барқарор ривожланиш ғоялари билан узвий уйғун.

Айниқса, нутқдаги қатор ташаббуслар — халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, иқлим ўзгариши, сув инқирози, ёшлар сиёсати, гендер тенглиги ва маърифатпарвар ислом ғояларига доир фикрлар кенг қамровли стратегиянинг амалдаги кўриниши бўлди.
Давлатимиз раҳбари нутқида “инсон қадри” ғояси устувор вазифа сифатида белгилангани алоҳида аҳамиятга молик.
Ушбу ғоя асосида бугун мамлакатимизда ортга қайтмас изчил ислоҳотлар олиб борилаяпти. Натижада камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқарди, таълим ва илм-фан соҳаларида эришилган ютуқлар сони ортиб, “яшил энергетика” ва замонавий инфратузилмани жорий этиш орқали бандлик даражаси сезиларли ўсди. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар самарадорлигини яққол намоён этмоқда.
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда сўнгги йилларда эришилган ютуқларни ҳақли равишда умумий тарихий ғалаба сифатида баҳолаш мумкин. Ёпиқ чегаралар даври тарихда қолди, савдо, инвестиция ва транспорт ҳажми бир неча баробарга ошди. Бу ҳақда Президент томонидан билдирилган фикрлар парламентимиз, илмий жамоатчилик ва бутун халқимизнинг интилишлари билан уйғун.
Нутқда Афғонистон, Фаластин ва Украинадаги мураккаб вазиятга доир билдирилган позициялар мамлакатимизнинг мувозанатли ва тинчликпарвар ташқи сиёсатини намоён этди. Хусусан, Афғонистоннинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ҳақидаги чақириқ халқаро ҳамжамият учун муҳим сигнал бўлди.
Шунингдек, иқлим ўзгариши ва сув ресурслари тақчиллигига оид ташаббуслар – Оролбўйида “яшил макон” барпо этиш, Сувни тежаш бўйича жаҳон форумини ўтказиш, иқлим миграциясига қарши глобал пакт ишлаб чиқиш таклифи инсоният тақдири учун беқиёс аҳамиятга эга.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш таклифи жуда муҳим ташаббусдир. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази фаолияти бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида маънавият ва маърифатга эҳтиёж катта эканини кўрсатади. Бу ташаббуслар халқлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлайди.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридан сўзлаган нутқи Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини юксалтирди, мамлакатимиз позициясини тинчликпарвар, очиқ ва инсон қадрига асосланган давлат сифатида янада мустаҳкамлади.
Ушбу ғоялар таълим ва илмий тадқиқотлар, иқтисодий сиёсат ва молия соҳасидаги фаолиятимизда ҳам асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Элмурод ҲОШИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ректори.
ЎзА