Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида таниқли сиёсатшунос, сенатор ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг инглиз тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, мазкур йиғин давлат идоралари, дипломатик корпус, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини бир майдонга жамлади.
Муаллиф ўз китобида мамлакатнинг стратегик ривожланиш йўналишларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги туб ислоҳотларни кенг ёритган. Шунингдек, тўпламда иқтисодиётни бозор тамойилларига мос равишда эркинлаштириш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда Янги Ўзбекистоннинг халқаро жараёнлардаги фаоллиги каби мавзулар ўрин олган.
Нашрнинг инглизча талқини аллақачон халқаро аудитория томонидан юқори баҳоланган. Аввалроқ, унинг тақдимотлари Вашингтондаги АҚШ Конгресси биносида, қолаверса, БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида муваффақиятли ўтказилган эди. Ушбу тадбирлар хорижий экспертлар, сиёсатчилар ва дипломатлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олинган.
Маълумки, таниқли сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов 2016 йилдан буён Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси. У замонавий Ўзбекистон тараққиётига бағишланган бир қатор илмий-аналитик асарлар муаллифидир.
Қайд этиш жоиз, “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” — мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар жараёнини ҳар томонлама ёритувчи фундаментал нашр. Китоб халқаро китобхонлар учун мўлжалланган бўлиб, юртимизда олиб борилаётган ўзгаришларнинг мақсади, мазмуни ва натижаларини янада чуқурроқ тушунишга ёрдам беради.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/QC1mhF6NuNQ?si=RqcLQBQOP20HG3aQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Ойбек Давронов (видео),
ЎзА