Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон тараққиётининг стратегик йўли: экологик барқарорлик, адолатли давлат ва хавфсиз жамият
08:04 / 2026-01-07

Президент Мурожаатномаси Янги Ўзбекистон тараққиётининг комплекс йўл харитаси бўлиб, унда экологик барқарорлик, адолатли давлат, рақамли бошқарув ва хавфсиз жамият ўзаро уйғун ҳолда ифодаланган. Ушбу стратегик йўналишлар мамлакатнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Ҳозирги глобал жараёнлар геосиёсий қарама-қаршиликлар, иқтисодий рақобат ва хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидларни кучайтирмоқда. Ана шундай мураккаб шароитда Ўзбекистон изчил ислоҳотлар ва узоқни кўзлаган стратегик сиёсат орқали барқарор тараққиёт йўлини изчил давом эттирмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатнинг яқин ва ўрта муддатли ривожланиш устувор йўналишларини белгилаб берган муҳим сиёсий ҳужжат сифатида аҳамият касб этмоқда. Унда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар мантиқий давом эттирилиб, долзарб муаммоларга аниқ ечимлар таклиф этилган.

Экологик барқарорлик – миллий тараққиёт омили

Мурожаатномада экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифа сифатида белгиланди. Йирик саноат корхоналарида тозалаш иншоотларини ўрнатиш учун 100 миллион долларлик кредит линияси ажратилиши, ҳаво ифлосланишини мониторинг қилиш тизимларини жорий этиш атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган амалий қадамдир.

Самарқанд шаҳрида халқаро экологик тадбирларнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг минтақавий экологик ташаббусларда фаол иштирок этаётганини намоён этмоқда.

“Яшил” шаҳарлар ва экотранспорт

Шаҳарларда автотранспортдан келиб чиқадиган экологик муаммоларни камайтириш мақсадида экологик стикерлар тизимини жорий этиш, эски автомашиналар ҳаракатини чеклаш режалаштирилган. Беш йиллик экотранспорт дастури доирасида электромобиллар учун имтиёзли кредитлар ва қувватлаш инфратузилмаси яратилади. Бу аҳоли саломатлиги ва шаҳар муҳитини яхшилашга хизмат қилади.

“Яшил макон” ва табиий муҳитни тиклаш

Оролбўйи ва қатор ҳудудларда кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, юз минглаб гектар ерларда дарахт ва буталар экилади. Шунингдек, шаҳарларда соя-салқин сайр кўчалари, ботаника ва дендрология боғлари барпо этиш режалаштирилган.

Сув сиёсати – стратегик йўналиш

Қиймати 5,5 миллиард долларлик дастур доирасида сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, ирригация ва дренаж тизимларини модернизация қилиш орқали миллиардлаб куб метр сувни тежаш кўзда тутилган. Бу қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш билан бирга, экологик барқарорликни таъминлайди.

Адолатли давлат ва хавфсиз жамият

Мурожаатномада рақамли давлат бошқаруви, электрон ҳукумат ва “рақамли суд” тизимини жорий этиш орқали давлат хизматларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш вазифаси белгиланди. Суд-ҳуқуқ тизимида жамоатчилик иштироки ва парламент назоратининг кучайтирилиши адолатли бошқарувни мустаҳкамлайди.

Шунингдек, жиноятчилик, коррупция, гиёҳвандлик ва оилавий зўравонликка қарши курашиш, жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланди.

Маънавий барқарорлик ва Учинчи Ренессанс

Маънавий-маърифий ислоҳотлар Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган. Китобхонликни ривожлантириш, миллий қадриятларни тарғиб этувчи маданий лойиҳаларни амалга ошириш, “Маърифат карвони”, “Кинокарвон” каби ташаббуслар жамиятда ватанпарварлик ва миллий ғурурни мустаҳкамламоқда.

Тўй ва маросимларни ихчам, миллий қадриятларга мос тарзда ўтказиш, исрофгарчиликка чек қўйишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам жамоатчилик қўллаб-қувватлови билан амалга оширилмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази 

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти

катта илмий ходими

Нигора ХУСАНОВА