Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон тараққиётининг стратегик харитаси
16:24 / 2026-01-05

Муносабат 

Президентимизнинг Олий Мажлисга ва кўп миллатли халқимизга йўллаган Мурожаатномаси мамлакатимизда сўнгги тўққиз йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотларни чуқур таҳлил этиб, уларнинг мантиқий натижаларини умумлаштирган ҳолда Янги Ўзбекистон тараққиётининг келгуси босқичлари учун аниқ ва ҳаётий мақсад ҳамда вазифаларни белгилаб берди. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ислоҳотларнинг энг муҳим мезони уларнинг ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон ҳаётида амалий самара бериб, одамлар турмуш тарзида сезиларли ўзгариш яратаётганидир. Бу ёндашув халқ манфаатини давлат сиёсатининг бош мезонига айлантирган очиқ ва ижтимоий адолатга асосланган бошқарув тизимининг ёрқин ифодаси.

2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилиниши маҳалланинг давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш, фуқароларнинг ташаббускорлиги ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган муҳим стратегик қарор сифатида тарихий аҳамият касб этмоқда. 

Келгуси йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилиб, вилоятларда икки-учтадан туман танлаб олиниб, маҳаллалардаги ижтимоий, иқтисодий ва инфратузилмавий муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал этишга қаратилган яхлит тизим йўлга қўйилади. Бу жараёнда тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши маҳалланинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади. 

Президентимиз томонидан депутат сўровлари ижроси устидан қатъий парламент назорати ўрнатилиши, сусткашликка йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилиши давлат бошқарувида қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган қатъий сиёсий ироданинг яққол намоёнидир. 

Мурожаатномада фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича беш йиллик стратегия ишлаб чиқилиши жамиятда жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқ мулоқот ва ижтимоий шерикликни янада мустаҳкамлайди. 

Шунингдек, жиноят процессига “Халқ вакиллари ҳайъати” институтининг босқичма-босқич жорий этилиши суд-ҳуқуқ тизимида адолат, ошкоралик ва жамоатчилик ишончини мустаҳкамлашга туртки беради. Таъкидланганидек, янги ютуқ ва устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Ушбу стратегик ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, халқимиз фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши – давлат ва жамият ўртасидаги ишончли мулоқотнинг яна бир кўринишидир. 

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон – эркин фикрлайдиган, фаол, масъулиятли ва бунёдкор инсонлар юртига айланмоқда. Бу йўлда ҳар бир фуқаро, ҳар бир маҳалла, ҳар бир ташкилот давлат раҳбари белгилаб берган устувор вазифалар ижросига ўз ҳиссасини қўшиши – давр талабидир. 

Исроилжон Жўраев, 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси

 Наманган вилоят кенгаши раиси.

ЎзА.