Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси ва Ёшлар сиёсати БМТ минбаридан тақдим этилди
15:26 / 2022-09-25

Мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Владимир Норов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 77-сессиясидаги нутқида сўнгги йилларда юртимизда жадаллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларга алоҳида тўхталди.

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси ҳақида маълумот ҳавола этилди. Мазкур дастурий ҳужжат ўтган беш йил ичидаги ижобий ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, демократик жараённи чуқурлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларини жадал ва ҳар томонлама амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатни кучайтиришга йўналтирилган.

Хусусан, 2030 йилга келиб Ўзбекистонда камбағаллик даражасини икки баравар камайтириш, барча муҳтожларни қамраб олган ҳолда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли даромади ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киришни режалаштирмоқда.

Сессия иштирокчилари эътибори мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларга ҳам қаратилди. Мазкур жараённинг асосий мазмун-моҳияти "Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун" тамойилида акс этгани таъкидланди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари маърузасида мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида эришилган ютуқларни ҳам қайд этди. Хусусан, сўнгги беш йил ичида ёшларнинг олий маълумот олиш даражаси 9 фоиздан 29 фоизга, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш 27 фоиздан 67.2 фоизга кўтарилганига урғу берди.

2023 йил республикамизда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлар Кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. В.Норов мазкур тадбир янги ғоялар, аниқ таклифлар учун қулай майдон бўлишига ишонч билдирди.
БМТга аъзо давлатлар таълим вазирлари жорий йил 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНEСКО билан ҳамкорликда ўтказиладиган Болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича Бутунжаҳон конференциясига таклиф қилинди. Ушбу анжуман умуминсоний, адолатли ва сифатли таълимни таъминлаш бўйича илғор тажрибани ўзаро алмашишга хизмат қилади.


Ғ.Хонназаров, ЎзА