Дунёда глобал геосиёсий жараёнлар XXI асрнинг бошлариданоқ тобора мураккаб ва тезкор тус олди.
Хусусан, ривожланган бир қатор катта давлатлар ўртасидаги рақобат кучайиб, жаҳон сиёсий майдонида янги кучлар маркази сифатида Осиё минтақаси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Марказий Осиё давлатлари, айниқса, ўз геостратегик мавқеи, бой табиий ресурслари ва транспорт йўлаклари туфайли халқаро муносабатларда муҳим ўрин эгаллаб бормоқда.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти айнан шундай глобал ўзгаришлар шароитида ташкил топган ва қисқа фурсат ичида нуфузли минтақавий ташкилотга айланган. Тузилма 2001 йилда Шанхай шаҳрида Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан тузилган.
Дастлаб хавфсизлик, чегара масалалари ва терроризмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган, кейинчалик ташкилот доирасида иқтисодий, маданий ва сиёсий интеграция йўналишлари ҳам кенгайган.
Бугунги кунда мазкур ташкилотнинг имкониятлари ортиб бормоқда. Жаҳон ҳамжамияти ШҲТ мақсадлари ва истиқболларини муҳокама қила бошлаган. Зеро, кейинги уч йилда “Шанхай руҳи”дан “Самарқанд руҳи” тамойилига ўтган ушбу платформа турли минтақалардаги муаммоли масалаларни ҳал қилиш билан бир қаторда, давлатлар ривожи ва уларнинг интеграцияси йўлида ҳам хизмат қилмоқда.
ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлигини атрофлича таҳлил қилиб, тузилма фаолиятидаги лойиҳалар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги ролини оммага кенг тарзда етказиб бериш мақсадида Барқарор ривожланиш маркази бош мутахассиси Шуҳрат ХОЖИМУРОДОВ билан суҳбатлашдик.
– “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар билан ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик ўртасида қандай уйғунлик бор? Айниқса, юртимизнинг геосиёсий ўрни ва минтақавий нуфузини кучайтиришда ШҲТнинг қайси йўналишлари стратегик аҳамиятга эга, деб ҳисоблайсиз?
– Ўзбекистон учун ШҲТ нафақат минтақавий хавфсизликни таъминлаш, балки иқтисодий интеграция, ташқи сиёсатда кўп векторли ёндашувни амалга ошириш, халқаро нуфузни мустаҳкамлаш имкониятини берувчи муҳим платформа ҳисобланади. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг миллий тараққиёт стратегияси – “Ўзбекистон – 2030” ҳужжати мамлакатнинг барқарор ривожланиш, иқтисодий ўсиш, хавфсизлик ва халқаро ҳамкорликка қаратилган йўналишларини белгилаб берди. Унда ШҲТ билан ҳамкорлик стратегик устувор йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган.
ШҲТ ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлиб, мамлакатнинг ташқи сиёсатдаги янги геосиёсий мақсадларини амалга оширишда муҳим платформа ҳисобланади.
Марказий Осиёда жойлашган Ўзбекистоннинг геостратегик аҳамияти ШҲТ доирасида беқиёс. Мамлакат Евросиёнинг марказида жойлашган бўлиб, Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги табиий кўприк вазифасини ўтайди. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ШҲТнинг транспорт ва савдо алоқаларини боғловчи асосий ҳалқа сифатида намоён бўлмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг геосиёсий фаоллиги минтақада барқарорликни таъминлаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий интеграцияни ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
– ШҲТ платформаси мамлакатлар ўртасида иқтисодий интеграцияни кучайтириш билан бирга, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон учун қайси соҳаларда иқтисодий ҳамкорлик энг истиқболли ҳисобланади? Хавфсизлик йўналишида эса қайси ташаббуслар Ўзбекистон манфаатларига мос келади?
– Ўзбекистон ШҲТ аъзоси сифатида иқтисодий интеграция жараёнларида фаол иштирок этмоқда. Хусусан, Хитойдан Европага йўналтирилган янги транспорт йўлакларида мамлакатнинг транзит салоҳияти ортиб бормоқда.
ШҲТ доирасида савдо ҳажмини ошириш, миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш ва инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинмоқда. “Янги Ипак йўли” ташаббуси доирасида Ўзбекистоннинг логистик марказ сифатидаги имкониятлари тобора кучаймоқда.
Афғонистон билан чегарадош мамлакат сифатида Ўзбекистон минтақавий хавфсизликда ҳам муҳим роль ўйнайди. ШҲТ доирасида терроризм, экстремизм ва наркотрафикка қарши курашиш масалалари устувор йўналишлардан ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистоннинг ташаббуслари минтақавий барқарорликка ҳисса қўшмоқда.
– Самарқанд саммити ШҲТ тарихида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. Ушбу саммит натижасида Ўзбекистон учун қандай янги йўналишлар очилди? Уларнинг амалиётга татбиқ этилиши мамлакатимиз ташқи сиёсат ва минтақавий ҳамкорлигига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
– 2022 йил сентябрда Самарқанд шаҳрида ўтказилган ШҲТ саммити ташкилот тарихида янги босқични бошлаб берди. Ушбу саммитда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи янада мустаҳкамланди. Эрон ШҲТга тўлиқ аъзо сифатида қабул қилинди, Беларусьнинг аъзолик жараёни бошланди. Минтақавий ҳамкорлик бўйича кўплаб икки ва кўп томонлама шартномалар имзоланди.
– Умуман, Ўзбекистоннинг ШҲТдаги иштироки мамлакатимиз учун қайси афзалликларни бермоқда? Яқин келажакда ШҲТ доирасида қайси имкониятлардан самарали фойдаланиш Ўзбекистон тараққиётига катта туртки бериши мумкин?
– Шу кунларда ўтказилаётган ШҲТ йиғилишларида кўплаб мавзулар асосий йўналиш сифатида белгиланмоқда. Миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш ва доллардан мустақиллашиш масаласи, транспорт ва логистика инфратузилмасини модернизация қилиш, энергетика, айниқса қайта тикланувчи манбалар соҳасидаги ҳамкорлик ва “Самарқанд декларацияси” каби бошқа стратегик сиёсий ҳужжатларни қабул қилиш шулар жумласидан.
Кутилаётган янгиликлар қаторида янги транспорт коридорлари бўйича келишувлар, рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган дастурлар ва энергетик ҳамкорликнинг янги босқичи ҳам қайд этилмоқда. Шунингдек, савдо ҳажмини ошириш, инвестициялар жалб қилиш, энергетика соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон учун нафақат минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий интеграция майдони, балки XXI асрда юртимизнинг халқаро майдондаги стратегик манфаатларини таъминлашда асосий платформа ҳисобланади. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадлар айнан ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш орқали самарали амалга оширилиши мумкин.
Бир томондан, ташкилот диёримизга транспорт-логистика тизимини модернизация қилиш, янги инвестициялар жалб этиш, энергетика ва саноат соҳасида ривожланиш, инновацион технологияларни татбиқ этиш имкониятини тақдим этмоқда. Иккинчи томондан, хавфсизлик ва сиёсий барқарорлик соҳасида ҳамкорлик мамлакатнинг минтақавий етакчилик позициясини мустаҳкамлайди.
Албатта, иқтисодий ва сиёсий боғлиқлик хавфлари, катта давлатлар ўртасидаги рақобатнинг таъсири каби муаммолар ҳам мавжуд. Шу сабабли, Ўзбекистон учун кўп векторли сиёсат юритиш, Европа, АҚШ, Туркия ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан мувозанатли муносабатларни сақлаш муҳимдир.
Хулоса қилиб айтганда, ШҲТ ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг уйғунлиги мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
ЎзА мухбири Беҳруз Худойбердиев суҳбатлашди.