Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши Мафкуравий, тарғибот –ташвиқот ишлари бўлими ва Сиёсий таълим маркази ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро шаҳар бўлинмаси томонидан Бухоро давлат университетининг Педагогика институтида Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва асосий ғояларини тарғиб қилишга бағишланган ўқув-семинар ўтказилди.
Унда партия фаоллари, тарғибот гуруҳлари аъзолари, институт профессор-ўқитувчилари, ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланганидек, “2017 –2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида нашр этилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби концептуал аҳамиятга эга бўлиб унда мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар ва келгусидаги устувор вазифалар аниқ, равшан баён этиб берилган.
Энг муҳими, ушбу китобда адолатли ижтимоий сиёсат масалаларига алоҳида урғу берилган бўлиб, халқимизни рози қилиш мақсадида кейинги йилларда амалга оширилган кенг қамровли бунёдкорлик ишлари, хусусан, кам таъминланган ва эҳтиёжманд кишиларни, аёллар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш сингари савоб ва хайрли ишлар ўз ифодасини топган. Келгусида ушбу йўналишда бажарилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб берилган.
Китобда маънавий тараққиёт масалаларига урғу берилганлиги бежиз эмас. Зотан, иқтисодиёт ва маънавиятни бир-биридан айри ҳолда тасаввур этиш ўта қийин. Ёш авлодни юксак маънавиятли ва ватанпарвар кишилар қилиб тарбиялашда маънавий-маърифий тадбирларнинг аҳамияти ва самараси беқиёсдир. Қолаверса, маънавий тараққиётга эришган давлатгина ҳар томонлама ривожланган мамлакатга айланиши, дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин олиши ўз-ўзидан аён.
[gallery-3917]
Президентимиз O`zLiDePнинг Х съездидаги маърузасида қайд этганидек, эндиликда эл-юртимиз янги режа ва дастурларнинг амалга оширилишини кутмоқда. Айнан ана шу режа ва дастурлар “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида мужассам этилгани аҳамиятлидир.
Юртимизда тинчлик ва барқарорликни, фуқаролар ва миллатлар ўртасида дўстлик ҳамда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, халқимизнинг маънавий дунёсини янада юксалтириш, Ўзбекистонда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъий назар ҳар бир ватандошимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя этиш, кафолатли даромад манбаи, тиббий хизматлар ва уй-жой, сифатли таълим билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини оширишга қаратилган Янги Ўзбекистон стратегияси эндиликда яхлит бир китоб шаклида дунё юзини кўргани билан эътиборга молик .
– Давлатимиз раҳбари қаламига мансуб “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг мазмун-моҳияти ўқув-семинар давомида профессор-ўқитувчилар ва малакали мутахассислар томонидан атрофлича тушунтириб берилганлиги биз ёшларнинг ушбу асарга бўлган қизиқишимизни янада кучайтирди, – дейди институт талабаси Нигина Жўрабоева.
– Биз талаба-ёшларнинг ўз танлаган соҳамиз ривожи бўйича ушбу китобда илгари сурилган мақсад ва вазифалар бугунги ва келгусидаги фаолиятимиз учун асосий дастуриламал бўлиб қолади. Мамлакатимизда ёш авлод учун яратиб берилган шарт-шароитлардан самарали фойдаланган ҳамда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясидан руҳланган ҳолда ёшлик ғайрат-шижоати билан фаолият олиб бораверамиз.
“Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби ва келгусида нашр этиладиган ижтимоий-сиёсий адабиётлар эса кенг дунёқарашга эга бўлишимизда, мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этаётганлар сафида бўлишимизда барчамиз учун бунёдкорлик ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаверади.
Китоб тақдимотлари давом этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА