Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон спортининг янги зарварақлари
11:39 / 2025-07-24

Одамларга яхши гап айтиш, уларнинг кўнглини кўтарадиган илиқ сўзни доимий тарзда такрорлаш мумкин. Аммо айтилган тилак билан амалий иш бир-бирига мутаносиб келмаса ишончга, эртанги ёруғ кунларга етишишдек улуғ нияту орзуларга дарз кетади.

Юртимизда одамлар орасида эртанги кунга ишонч, янгиликка интилиш, бунёдкорлик, шижоат туйғулари кенг ёйилди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон ғояси, унинг теграсида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар халқимиз ҳаётига фаровонлик олиб кирди.

Юрт тараққиётига камарбаста бўлаётган, жамиятда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг ёйиш билан бирга, Ватанимиз шуҳратини халқаро майдонда улуғлашга беназир ҳисса қўшаётган жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги натижаларга бир кўз югуртиринг, муваффақиятлардан қалбингизга шукроналик зоҳир бўлади.

Мамлакатимиз спортчиларининг 1996 йилги ёзги Атланта Олимпиадасидан 2016 йилги Рио Олимпиадасигача ўтган олтита ўйинларда қўлга киритилган ютуқлар билан “Токио-2020” ва “Париж-2024” Олимпиадаси давридаги эришилган натижаларни таққослаб кўрсангиз, соҳада қанчалик юксалиш бўлганига амин бўласиз.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, 29 йил аввалги “Атланта-1996” Олимпиадасида юртимиз спортчилари 1 тадан кумуш ва бронза медали билан 58-ўринни, ундан кейинги “Сидней-2000”да 1 тадан олтин ва кумуш, 2 та бронза эвазига 43-ўринни, “Афина-2004”да 2 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза билан 35-ўринни, “Пекин-2008”да 1 та кумуш, 3 та бронза билан 63-ўринни, “Лондон-2012”да 1 та олтин, 2 та бронза билан 48-ўринни, “Рио-2016”да 4 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза билан 21-ўринни, “Токио-2020” олимпиадасида 3 та олтин, 2 та бронза ҳисобига 32-ўринни ва ниҳоят, “Париж-2024” Олимпиадасининг муросасиз баҳсларида 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалларини қўлга киритган маҳоратли спортчиларимиз умумжамоада 13-ўринни эгаллади.

Энди ўша олтита ёзги Олимпия ўйинларида умумий ҳисобда 8 та олтин, 6 та кумуш, 17 та бронза медали қўлга киритилганини назарда тутсак, ва кейинги Янги Ўзбекистон ғояси асосида бошланган туб ислоҳотлар давридаги “Токио-2020” ва “Париж-2024”да 11 та олтин, 2 та кумуш, 5 та бронзали бўлганимизни таққосласак, сифат кўрсаткичи жиҳатдан ўзбек спорти кейинги 7-8 йилда юксалиш сари “катта сакраш”ни амалга оширгани англашилади.

Хўш, қисқа фурсатда Ўзбекистон спортидаги бундай ривожланишга қайси омиллар асосида эришилди? Умуман, Янги Ўзбекистон ғоясидан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг жисмоний тарбия ва спорт қиёфаси қанчалик ўзгаришларга юз тутди?

[gallery-24437]

Ўзбекистонда “аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражаси”ни белгилаш, соғлом турмуш тарзига, соғлом овқатланиш, эрталабки машқларни жорий этиш, маҳаллаларда саломатлик майдончалари барпо қилиш, югуриш, вело йўлаклар қуриш, ҳар бир ташкилот, таълим муассасаларида, маҳаллаларда спорт тўгараклари фаолиятини йўлга қўйишга бугунгидек эътибор, ғамхўрлик кўрсатилган, дея оламизми?

Олдин ҳам бундай ташаббуслар илгари сурилган бўлса бордир. Режалар, дастурлар ишлаб чиқилгани, тонна-тонна қоғозлар қоралангани, унинг ортидан юзлаб лойиҳалар чизмаларда акс этгани ҳам бор ҳақиқат. Лекин амалий ишлар баландпарвоз ваъдалар, шиорлар соясида қолиб кетганига тарих гувоҳ.

Қисқа фурсатда юртимизда ҳар томонлама қулай бири-биридан кўркам маҳаллалар, гузарлар барпо этилди. Болалар майдончалари, спорт майдончалари, дам олиш хиёбонлари, истироҳат боғлари яратилди. Уларда сайр этаётган, ҳордиқ чиқараётганларни, майдончаларда шодлиги бир олам болажонларни кўриб, Янги Ўзбекистон қиёфаси, оддий оилаларга беқиёс сурур бағишлаётгани, эртанги ёруғ кунларга ошуфталик туйғуси қалбларга омухта бўлиб кетганига гувоҳ бўласан, киши.

Бугун мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидаги маҳалла гузарлари ҳам бири-биридан шинам спорт майдончаларига, машғулот ўташ мумкин бўлган соғломлаштириш масканларига эга бўлдики, кўриб кўз қувнайди. 

Халқимиз орасида қаловини топсанг қор ёнади, деган гап бор. Президентимиз фаолиятининг илк кунларидан Ўзбекистонда спорт ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш, этно ва миллий спорт турлари ривожини таъминлаш, олимпия спорт турларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли спортчи ёшларни танлаш тизимини халқаро талаблар даражасида белгилашга эътибор қаратдики, шу асосда ўтган йиллар давомида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил биринчи ярим йиллигида мамлакатимизда олимпия спорт турлари бўйича 459 та спорт тадбирлари ташкил этилган бўлса, шундан 190 таси Ўзбекистон чемпионати ва кубок мусобақалари ҳиссасига тўғри келади. Ярим йиллик давомида Ватанимиз шарафини халқаро спорт мусобақаларида ҳимоя қиладиган терма жамоалар учун 118 та маҳаллий, 24 та халқаро ўқув-машғулот йиғинлари уюштирилди. 127 та халқаро спорт мусобақаларида турли спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг иштироки таъминланди.

Спортчиларимиз олти ойлик халқаро мусобақалар давомида олимпия спорт турлари бўйича ўтган жаҳон чемпионатларида 31 та медаллар жамланмасини қўлга киритди. Шундан 4 таси олтин, 4 таси кумуш, 23 таси бронза медалидир. Осиё чемпионатларида эса юртимиз вакиллари 109 та олтин, 75 та кумуш, 109 та бронза медалларига эга чиқдики, бу, янги Ўзбекистоннинг “олтин авлоди” бўлган оловқалб ёшларимизнинг 2026 йили Японияда ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига, 2028 йили Лос-Анжелес шаҳрида бўладиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўраётганидан далолат, дейиш мумкин.

Ҳар қандай ютуққа халқаро тажриба, ҳамкорлик алоқаларининг тўғри йўлга қўйилиши орқали эришилади. Мамлакатимиз спортига чет мамлакатлар илғор тажрибаларининг жорий этилиши, халқаро билимга эга хорижий спорт мутахассисларининг миллий терма жамоаларга мақсадли жалб этилиши жаҳон ва қитъа чемпионатларида, Олимпия ва Осиё ўйинларидаги натижаларимизда ўз аксини топди.

Миллий олимпия қўмитаси, Спорт вазирлиги ва олимпия спорт турлари бўйича спорт федерацияларнинг ҳамкорлиги, чуқур таҳлили асосида  51 нафар хорижий спорт мутахассислари терма жамоаларга жалб этилди.

Мақсад миллий спортимиз ривожини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро мусобақалар, жумладан, 2026 йил Япония бўладиган Осиё ўйинлари, 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) ўтадиган Олимпия ўйинларида халқимиз ғурурини юксалтирадиган натижалар қайд этишдир.

Нияти холиснинг истаги ижобат бўлади. Бугун юртимиз спорт тизимида жорий этилган “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт ўйинлари, оммавий мусобақалар ва фестиваллар мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг ёйишга, миллат генофондини соғломлаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Тўлқин Рўзиев,

ЎзА