French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон – шунчаки ҳавас эмас
09:29 / 2022-01-18

Муносабат

Даврнинг асл қиёфасини, ҳаракатлантирувчи кучлари ва омилларини белгилайдиган ғоявий-маънавий асос, халқимизнинг яратувчанлик, бунёдкорлик шижоати, кенг кўламдаги ислоҳотларнинг ёрқин ифодаси. Мазкур таъриф билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобидаги илк саҳифа бошланади. 

Инсон доимо орзу-ҳавас билан яшайди: яхши даромад, тўкис оила, ақлли фарзандларни тарбиялаш, яхши кийиниш, фаровон турмуш, муносиб касб-у кор, мавқе, даража, уй-жой, машина ва ҳоказо. Кишилик жамияти эса ҳар доим тинч-хотиржам, бақувват ва мустаҳкам давлатда яшаш илинжида бўлади. Эзгулик ва инсонпарварлик ғояларини ҳимоялашни ўзининг ҳаётий аъмолига, менталитети ва маънавиятининг моҳиятига айлантирган халқимиз учун Янги Ўзбекистонни барпо этиш даврлардан сайқал топиб келаётган азалий орзудир. Аслида шу орзу миллатнинг энг етук, энг доно, маърифатпарвар ва элпарвар вакилларини тарбиялашга туртки бўлган, Қадим Турон тупроғида вояга етган сак-массагетларни руҳлантирган Тўмарисга куч, Широққа шижоат ва ишонч Спитаменни енгилмас Александр Македонскийга қарши курашга чорлаган шу орзу эди.

Биринчи Ренессанс ёки ўрта аср Маърифий уйғонишга асос бўлиб Имом Бухорий, Имом Термизий, Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Фаробий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий каби мутафаккирларни вояга етказиб, дунё тамаддунидан муносиб жой берган ҳам шу азалий орзу эмасми?! Эл-улуснинг яхши нияти, орзуси улуғ авлиёлар Азизиддин Насафий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Занги ота, Боҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори Валийни тарбиялашга асос бўлди, уларни камолотга етказди. Буюк Соҳибқирон Амир Темурни дунё саҳнасига етаклаб, Иккинчи уйғониш даврига асос солган, қудратли давлат барпо этиб иқтисодиёт, санъат, маданият, илм-фанни ривожлантирган куч ҳам шу орзу эди. 

Иккинчи уйғониш даврининг намояндалари Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Давлатшоҳ Самарқандий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз асарларида адолатли шоҳ, одил жамият, саховатпешалик ва комил инсон ғояларини тарғиб этди. Қадимий китоб “Авесто”да “Эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амал” тамойили мавжуд. Айни шу тамойилга асосланиб улуғ маърифатпарварлар – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори, Чўлпон ва Фитрат, Усмон Носир ва Абдулла Қодирийлар улкан маънавий юксалишни амалга ошириб, миллий озодлик ва ҳурлик ғояларини кенг кўламда тарғиб этган. 

Янги Ўзбекистон стратегияси барчадан фидойилик ва бунёдкорликни талаб этади. Инсонларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинлигини таъминлаш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга етарлича шароит яратиш, тинчлик ва барқарорлик, осуда ва фаровон ҳаётни таъминлаш, илм-маърифат ва инновация орқали жадал ислоҳотларни амалга ошириш, креатив фикрловчи, билимли ва малакали янги авлод кадрларни тарбиялаш, таълимнинг барча бўғинларини изчил ислоҳ этиш, миллатлараро тотувликни барқарорлаштириш, миллий манфаатлар устуворлигида халқаро ҳамкорликни кучайтиришдек улуғвор, залворли мақсадни олдимизга қўймоқда. 

Энг муҳими барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган замонавий қарашларга асосланган янги жамиятни барпо этиш ғояси аҳолининг барча қатлами томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Аслида халқимизнинг аҳиллиги, ўзаро жипслиги Ўзбекистонни эркин ва бахтли одамлар яшайдиган қудратли давлатга айлантиришнинг асоси бўлиб хизмат қилади.

Нодир Ғаффоров, 
Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва 
спорт университети ўзбек тили ва адабиёти
кафедраси мудири ф.ф.н. доцент