Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти
18:48 / 2023-08-30

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда тадбиркорлар кунининг белгиланиши яна бир хайрли анъанани бошлаб берди. Бизнес ва ишбилармон доиралар вакиллари ушбу санани нафақат касбий байрам сифатида балки, давлатимиз раҳбари билан бевосита мулоқот имконияти яратилгани учун ҳам қадрламоқда.

Чунки бу мулоқот чоғида бир йиллик ишлар натижалари сарҳисоб қилинади, энг илғор бизнес вакиллари айнан шу куни давлат мукофотлари билан тақдирланади. Энг муҳими, мулкдорлар синфи вакилларининг кундалик фаолияти билан боғлиқ кўплаб долзарб масалалар муҳокама қилиниб, уларга биргаликда ечим топилади.  

Жорий йил тадбиркорлар куни муносабати билан эл-юрт равнақи йўлидаги, қўлга киритаётган юксак натижалари учун бир гуруҳ юртдошларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.  

Мамлакатимизда тадбиркорликни ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида яратилаётган шароит ва имкониятлар кўлами кенгаймоқда. Жорий йилги мулоқот арафасида Президентга тадбиркорлардан 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Тадбиркорлар кўтарган асосий масалалар – кредит ва молиявий ёрдамни кенгайтириш (жами мурожаатларнинг 26 фоизи), бизнесни жой ва инфратузилма билан таъминлаш (21 фоиз), солиқ тизимини соддалаштириш (10 фоиз), текширишлар ва ортиқча бюрократияни кескин қисқартириш (8 фоиз) билан боғлиқ.  

Маълум қилинишича, олдинги очиқ мулоқотларга тайёргарлик давомида кўтарилган масалаларнинг 80 фоизи индивидуал хусусиятга эга бўлиб, кўплари жойида ҳал қилинган. Бу сафар 70 фоиз тадбиркорлар тизимли муаммоларни ечимлари билан таклиф қилмоқда.  

Бу ҳақида айтиб ўтар экан, давлатимиз раҳбари: “Тадбиркорларимиз фақат ўзига эмас, бутун соҳага наф келтирадиган масалаларни кўтараётгани қувонарли”, – дея таъкидлаб ўтди.  

Очиқ мулоқот чоғида нафақат тадбиркорлар, балки энди ўз бизнесини бошлаш иштиёқида бўлган йигит-қизларимиз кутаётган кўплаб янгиликлар айтиб ўтилди. Тадбиркорларга берилаётган қўшимча имтиёзлар, улардан кутилаётган самарали натижаларга алоҳида эътибор қаратилди.  

Хусусан, кичик тадбиркорлар “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий қилинади. Бунда, ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит экотизим яратилади. Бунинг учун, энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади.  

“Кредит ва солиқ тарихи” тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади. Қайд этилишича, ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини энг қулай шартларда молиялаштириш йўлга қўйилади. Бунда, кичик бизнес лойиҳанинг 10 фоизига тадбиркор инвестиция киритса, 45 фоизига “Бизнесни ривожлантириш банки” (аввалги “Қишлоқ қурилиш банк”)нинг ўзи, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади.  

Кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади. Ушбу маблағларнинг 150 миллион  доллари бўйича кредит линиялари  1 октябрдан очилади.  

Лойиҳа доирасида олиб кириладиган асбоб-ускунани суғурталаш, хомашё ва материалларни сертификатлаш харажатлари марказлар томонидан қоплаб берилади. Умуман, дастурда иштирок этаётган кичик бизнес корхоналари фаолиятини уч йилгача текширишга йўл қўйилмайди.  

Йиғилишда янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот олиб кириш масаласига тўхталди. “Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз. Бизнинг “нефтимиз” ҳам, “газимиз” ҳам бу – сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хомашёдан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир”, – деди давлатимиз раҳбари.  

Таъкидланганидек, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури жорий йилда ҳам давом эттирилади ва дастур билан қамраб олинадиган корхоналар сони 500 тага етказилади. Уларучун дастурдаги барча имтиёзлар давом эттирилади.  

Очиқ мулоқот чоғида давлатимиз раҳбари эълон қилган бу каби имтиёзлар, яратилаётган шароитлар юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантиришга жуда катта туртки бўлади.  

Шерзод МАМАТҚУЛОВ  

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши аппарат раҳбари  

ЎзА