Маълумки, мамлакатимизда экспортни рағбатлантириш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг “Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022 йил 1 ноябрдан бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмаслиги ва тадбиркорлик субъектига жарима қўлланилмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури доирасида экспортчи корхоналарга ноль даражали ҚҚС ставкаси қўлланилиши натижасида ҳосил бўлган солиқнинг ошиб кетган қисми тезлаштирилган тартибда тўлиқ қайтариб берилиши, экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 5 миллион долларгача молиявий ресурслар ажратилиши, халқаро стандартларни жорий қилиш ва сертификат олиш учун молиявий ёрдамлар тақдим этилиши йўлга қўйилган. Бу ўз навбатида, экспорт кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг жорий йилда тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”да юқоридаги дастурни кенгайтириш, дастур доирасида корхоналар сонини 500 тага етказиш, экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни изчил давом эттириш, улар молиявий имкониятларини кенгайтириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида эса миллий иқтисодиётнинг экспорт потенциалини кучайтириш ва унинг таркибида қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотлар улушини янада ошириш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Юқорида белгиланган вазифалар доирасида жорий йилнинг 9 ойида жаҳон бозорлари ва логистикадаги мураккабликларга қарамай маҳсулотлар экспорти (махсус экспортсиз) 12 миллиард долларни, ўсиш 106,1 фоизни ташкил этган. Экспорт фаолиятига 2002 та янги корхона жалб этилиб, улар томонидан 700 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган. Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича 515 миллиард сўм молиявий ёрдам кўрсатилган.
Шу билан бирга, экспортчи корхоналарга кўрсатилаётган ташкилий-молиявий ёрдам бериш тизимини такомиллаштириш, маҳаллий корхоналарга маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда доимий маслаҳат кўмаги кўрсатиб бориш, экспорт кўрсаткичларини яхшилаш бўйича муаммолар таҳлили ва уларга ечим излаш ишларини изчиллик билан жадаллаштириш зарурияти мавжуд.
Хусусан, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастурининг босқичма-босқич 200 та экспортчи корхоналарни қўшимча қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Лекин ҳозирги кунда дастурга киритилган ва молиявий ёрдамлардан фойдаланиш имкониятига эга экспортёр корхоналар сони 114 тани ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, потенциал экспорт бозорларини аниқлаш, маҳаллий экспортёр корхоналарнинг мавжуд нисбий устунликлардан фойдаланиш даражасини ошириш, Европа давлатларига GSP+ тизими доирасида тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш бўйича 6200 турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларидан тўлақонли фойдаланиляпти деб бўлмайди.
Мазкур йўналишлардаги мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг мажлисида Бош вазир ўринбосари Ж.Хўжаевга “Экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастурини бажариш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида парламент сўрови юборилди.
М.Комилова,
ЎзА