Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла”лар тақдимоти
10:45 / 2026-02-02

Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Хоразм вилоятида ҳам танлаб олинган ҳудудларга “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақомини бериш учун шаҳар муҳити ва яшаш шароитларини олиб кириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов Боғот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича асосий режалар ва вазифалар билан танишди.  

Иқтисодий драйверлари саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигига асосланган Боғот тумани 183 мингдан ортиқ аҳолига эга. Туманнинг 43 маҳалласидаги 33 минг 400 та хонадонда 48 минг 200 та оила истиқомат қилади. Туман кўрсаткичларига қаралса, 2025 йил якуни билан тумандаги камбағаллик даражаси 12.4 фоизни, ишсизлик даражаси эса 5.8 фоизни ташкил қилган.  

Вилоятнинг биринчи раҳбарига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан режалар ва вазифалар бўйича тақдимотлар қилинди. Уларда тумандаги асосий иқтисодий соҳалар солиштирилди. Хусусан, туманда барча манбалар хисобидан  амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари, маҳаллаларнинг мастер-режаси, шу жумладан, “Янги Ўзбекистон қиёфаси”даги Намуна ва Нурли ҳаёт маҳаллалари аҳволини тубдан яхшилаш бўйича маълумот берилди.  

—Туманимизга муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари билан жорий йилда жами манбалар ҳисобидан 537 миллиард, инфратузилма лойиҳалари ҳисобидан 17 миллиард, банк кредитлари ҳисобидан 367 миллиард сўм пул маблағлари ажратилди, — дейди Боғот  тумани ҳокими ўринбосари  Нурбек Қаландаров. – Улар туманимизнинг “Янги Ўзбекистон  қиёфаси”даги маҳаллаларига, қишлоқ инфратузилмаси, ташаббусли бюджет, туризм, инвестиция, бизнес ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларга сарфланади. Шунингдек, туманимиздаги оғир ҳудудлар ҳисобланган  11 та маҳалланинг  ҳар бирига 2 миллиард сўмдан ажратилади. “Оғир туман” дастури доирасида    эса туманимизга алоҳида яна 5 миллиард сўм ажратилмоқда.  

Йиғилшда оғир маҳаллалар ва уларда амалга ошириладиган ишлар, ушбу маҳаллаларда ўрнатиладиган қуёш фотоэлектр станциялари ва ўрмон хўжалиги фондидан ер майдонларини ажратиш, маҳаллаларининг ихтисослашувини инобатга олиб  2026 йилда лойиҳавий ёндашувлар асосида камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича тақдимотлар қилинди.  

—Маҳалламизда 3 мингдан ортиқ фуқаролар истиқомат қилади, — дейди “Бўка” МФЙ раиси Жонибек Болтаев. — Кўпчилиги деҳқончилик, чорвачилик ва хунармандчилик билан шуғулланади. Ишсизлар ҳам бор. Президентимиз томонидан бизга ажратилган икки миллиард сўм маблағ эвазига маҳалламизда 20 га яқин тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил қилмоқчимиз. Эндиликда оғир ҳудуд ҳисобланган маҳалламизда ҳам шу ердаги тадбиркорлар, тажрибали боғбон ва деҳқонларнинг илғор иш усулларини оммалаштириш орқали кам таъминланган оилаларнинг турмушини яхшиламоқчимиз. Натижада маҳалла камбағалликдан холи, янгиланган, кўркам ва обод ҳудудга айланади. 

Тақдимотлардан сўнг вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов туманга ажратилган  катта маблағлар давлатимиз раҳбарининг боғотликларга катта эътибори ва ғамхўрлиги экани, бундай қўллаб-қувватлов натижасида камчиликларни бартараф этиш, туризм ва бошқа соҳаларни ҳам ривожлантириш учун имкониятлар мавжудлигини  таъкидлаб, мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари