French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон қиёфаси – обод, тўкин турмуш нафаси
13:28 / 2026-01-28

Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятида танлаб олинган ҳудудларга “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақомини бериш учун шаҳар муҳити ва яшаш шароитларини олиб кириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоятнинг Ангор туманидаги Марказ ва Юқори Хўжақия маҳаллаларини ҳам Янги Ўзбекистон қиёфасидаги гўшага айлантириш режалаштирилган. Айни пайтда бу маҳаллаларда инфратузилмани яхшилашга, аҳоли турмуш даражасини оширишга, ишсизлик ва камбағалликдан холи, замонавий ҳудудга айлантиришга қаратилган янги ёндашувлар асосидаги бунёдкорлик ишлар уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Бу жараёнда маҳалланинг маркази шакллантирилиб, болалар ва спорт майдончалари, яшил хиёбон, пиёдалар йўлаклари барпо этилади. Микросаноат, ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш марказлари, кичик бозор, кичик ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади. Мактаб ёки бошқа ижтимоий соҳа объектларидан фойдаланиб, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўргатиш бўйича ўқув курслари очилади.

Туманнинг Марказ маҳалласида 515 та хонадон мавжуд. 850 та оилада 3 минг 348 киши яшайди. Маҳаллани шароити шаҳарникидан қолишмайдиган обод, фаровон гўшага айлантириш учун кўчалар тартибга келтирилиб, йўллар таъмирланаётир. Ичимлик суви, электр энергияси таъминоти тубдан яхшиланади. Аҳоли хонадонларини, ижтимоий соҳа объектларини замонавий кўринишга келтириш ишлари олиб борилмоқда. Томорқаларни суғориш тизимлари яхшиланмоқда. Бу ишлар учун беш миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. 

Маҳаллани ривожлантириш жараёнида 12 та янги тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилиб, 48 тасининг фаолияти кенгайтирилади. Аҳоли томорқаларида юқори даромадли экинлар экиш йўлга қўйилади. Хонадонларнинг ишсизлик даражаси камайиб, йил якунида ҳозирги 9,2 фоиздан 4,7 фоизга тушади. 

Маҳаллада деҳқончилик билан шуғулланиб, фаровон турмуш кечираётганлар кўпчиликни ташкил этади. Масалан, Норқул Тошбоевлар оиласи томорқадан унумли фойдаланиб, олти сотих ерда мўъжазгина иссиқхона барпо этган. Бу ерда қишин-ёзин турли ноз-неъмат етиштирилиб, оила бюджетига қўшимча даромад олиб келинади. Шу кунларда иссиқхонада “Аламина” навли помидор парваришланмоқда.

– Ерга меҳр берсангиз, албатта роҳатини кўрасиз, – дейди Норқул Тошбоев. – Иссиқхонада маҳсулот етиштираётганимизга беш йилдан ошди. Бирон йил меҳнатимиз зое кетмаган. Рўзғорга ҳам, бозорга ҳам етади. Қўл қовуштириб ўтирмай, меҳнат қилиш керак. Мана бу йил маҳалламизда катта иш бошланди. Қиёфаси ўзгариб, обод ҳудудга айланмоқда. Шаҳар муҳити кириб келаётир. Электр энергияси таъминоти, ичимлик ва оқова сув тизимлари яхшиланмоқда. Яратилаётган бу шароитларга яраша янада кўпроқ меҳнат қилиб, томорқамиздан самарали фойдаланишимиз керак.

Тажрибали боғбон Раҳмон Бойматов кўчат етиштиришни ўз касбига айлантирган. У томорқаси ҳамда қарийб бир гектар ер майдонида деҳқончилик хўжалиги ташкил этиб, турли мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек, гул кўчатларини парваришлайди. Кўчат етиштириш орқали янги боғлар барпо этилишига ҳисса қўшаётган Р.Бойматовнинг оиласи ҳам фаровон ҳаёт кечирмоқда.

Эндиликда маҳалладаги тадбиркорлар, тажрибали боғбон ва деҳқонларнинг илғор иш усулларини оммалаштириш кам таъминланган оилаларнинг ўз турмушини яхшилашига хизмат қилади. Натижада маҳалла камбағалликдан холи, янгиланган, кўркам ва обод ҳудудга айланади.

Жорий йилда вилоятдаги учта туманга “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман”, 33 та маҳаллага “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилади. 

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири