Халқ билан давлат ўртасидаги очиқ мулоқот шаклларидан бири – бу давлат раҳбарининг халққа мурожаати ҳисобланади.
Президентимизнинг Мурожаатномаси мамлакат истиқболини белгилаб берадиган муҳим сиёсий-ҳуқуқий, дастурий аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади.
Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар доктори Шуҳрат Исмоилов Мурожаатномадаги муҳим жиҳатлар, халқ ҳаётида ўзгариш ясайдиган ташаббуслар ҳақида ўз фикрини билдирди:
– Давлат раҳбарининг халққа Мурожаатномасида ўтган даврдаги натижалар сарҳисоб қилиниб, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳолатга баҳо берилди. Ички ва ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Ҳукумат, парламент ва давлат органлари олдига аниқ вазифалар қўйилди. Ислоҳотлар ва ривожланиш дастурлари эълон қилинди.
Мурожаатномада маҳалла институти ижтимоий бирдамлик манбаи экани қўллаб-қувватланиб, 2026 йил юртимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилинди.
Таъкидлаш лозимки, маҳалла тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади.
Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб вa оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар мамлакатдаги ислоҳотларга баҳо беради.
Мурожаатномада маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш учун вазифалар белгиланди. Уна кўра, маҳаллани ривожлантиришга алоҳида ёндашувдан комплекс ёндашувга ўтилади.
Ҳозирги вақтда қайсидир маҳаллада йўл, қайси бирида сув ёки электр масаласи, бошқасида боғча, мактаб, тиббиёт, яна бирида уй-жой билан боғлиқ масалаларга алоҳида-алоҳида ечим берилмоқда.
2026 йилдан эса ҳар бир вилоятда 2-3 тадан туманни танлаб, улардаги ҳамма маҳаллада барча муаммоларни бир вақтнинг ўзида ҳал қиладиган тизим яратилади. Янги тажриба Ургут туманидан бошланади. Туманда 100 минг аҳолига мўлжалланган замонавий экошаҳар барпо этилади.

Танлаб олинган 33 туман ва 330 шароити оғир маҳалладаги ишлар ҳам шундай ташкил қилинади. Шунингдек, уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Ушбу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда 20 фоизи қолдирилиб, бу маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилади. Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман бюджетига берилади.
Вилоят, туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларини қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли ўртага қўйган масалаларни ҳал қилиш учун ажратишга рухсат этилади. Бу орқали туманлар бюджетида йилига 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади.
Яна бир муҳим жиҳат – 2026 йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм вилоятларнинг ўзига берилиб, бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳоли учун қўшилган қиймат яратиши зарур.
Шу боис, бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа қилиб, уни асослаб берса, зарур маблағ айнан шу лойиҳага ажратилади ва бу адолатли ёндашув бўлади.
Урбанизация ва шаҳарларни барқарор ривожлантириш бўйича янги ислоҳотлар бошланмоқда. Шаҳарлар тартибсиз кенгайишининг олдини олиш бўйича аниқ мезонлар белгиланади ва шу орқали экин майдонлари асоссиз қисқариб кетишига чек қўйилади.
2026 йилда “Маҳаллада саноат ва хизмат” лойиҳаси орқали 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш учун 5 триллион сўм кредит берилади. Кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми Тадбиркорлик компаниясидан қоплаб берилади.
Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микролойиҳани амалга ошириб, 360 минг аҳолини ишли қилиш учун маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларига 2026 йилда яна 7,5 триллион сўм ресурс ажратилади.
Аҳолини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниб, бунга 1 триллион сўм йўналтирилади. Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналари ҳар йили 10 миллион дона бадиий адабиёт билан таъминлаб борилади.
Юртимиздаги тўққиз мингдан зиёд маҳаллаларни ривожлантириш бўйича вазифаларни бажариш орқали 2026 йилда 1 миллион одам доимий иш билан таъминланади, 181 минг оила камбағалликдан чиқарилади. Камбағаллик ва ишсизлик даражаси 4,5 фоизга туширилади, камбағалликдан холи маҳаллалар сони 3,5 мингтага етказилади.
Буларнинг барчаси маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш, уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб киришга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА