Мамлакатимиз ёшларининг интеллектуал салоҳиятини ошириш ҳамда уларни рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугунги кунда 14 та Президент мактаби, 185 та ихтисослашган ва 9 та ижод мактаби фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур мактаблардаги ўқитиш ва баҳолаш тизими 1 минг 500 та умумтаълим мактабида ҳам жорий этилган. Бундан ташқари, иқтидорли битирувчилар учун “Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 майдаги “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, "Президент иқтидорли фарзандлари" ташаббуси ва уни қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилиши, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати ташкил этилиши, Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамжамияти фаолияти йўлга қўйилиши борасида бир қанча долзарб вазифалар белгилаб берилди.

"Янги Ўзбекистон" университетида ташкил этилган "Президент иқтидорли фарзандлари" ташаббусининг тақдимотига бағишланган “Йилнинг энг қувончли янгилиги” тадбирида таъкидланишича, Президент иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамжамияти мамлакатнинг энг истеъдодли ёшлари — Президент мактаби, Ал-Беруний халқаро мактаб-интернати ўқувчилари, “Янги Ўзбекистон” университети талабалари ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларини бир нуқтада бирлаштиради.
Бунда махсус рақамли платформа орқали ёшлар ўзаро тажриба алмашади, инновацион ғояларини муҳокама қилади. Шунингдек, давлат органлари ва йирик компаниялар билан бевосита мулоқот қилиш, мамлакат ривожига доир муҳим қарорларда фикр билдириш имкониятига эга бўлади.
Ҳамжамият томонидан ёшлар учун халқаро миқёсдаги форумлар, конференциялар ва тренингларда қатнашиш имконияти яратилади ва улар етакчи иш берувчилар билан бевосита ҳамкорлик қилади.
Қайд этилишича, мамлакат ривожига сезиларли ҳисса қўшаётган фидойи мутахассисларни қўллаб-қувватлаш учун “Янги Ўзбекистон пойдеворлари” кўкрак нишони таъсис этилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА