Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон остонаси таълимдан бошланади
22:19 / 2025-10-29

Таълимга эътибор келажакка, ёш авлод камолотига, тараққиётга эътибордир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Янги Ўзбекистоннинг изчил ислоҳотлари жараёнида таълим соҳасига ҳар қачонгидан кўра алоҳида диққат қаратилмоқда. Бинобарин, эртанги кунни бугундан қўйилаётган мустаҳкам ва мукаммал пойдевор, илм-маърифат белгилайди.

Мамлакатимизнинг юксак тараққий этишига баланд марраларни эгаллашга қодир бўлган интеллектуал авлод суянч ва таянч бўла олади. Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган тантанали тадбир бунинг яна бир карра яққол ифодасидир.

Истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллигига ҳамоҳанг бошланган янги ўқув йили маориф соҳаси учун ҳар қачонгидан кўпроқ шукуҳ ва кўтаринкилик бахш этди.  Дарвоқе, қутлуғ сана шарофати билан Президентимиз таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини фахрий унвон, орден ва медалларга муносиб кўрди. Эътиборлиси, улар орасида ўз маблағи ҳисобидан мактаб қурган сахий тадбиркор, таълимдаги илғор ютуқларни жорий қилишга кўмаклашаётган хорижий ҳамкорлар ҳам бор.

Эътироф этиш жоизки, сўнгги саккиз йилда юртимиз иқтисодиёти икки карра ўсди, ялпи ички маҳсулот ҳажми йил якунигача 130 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Бу иқтисодий замин асосида таълим ва илм-фан соҳасига харажатлар олти карра оширилиб, 378 триллион сўм маблағ ажратилди. Демакки, таълим сифатини ошириш, устоз ва мураббийларнинг меҳнат ва яшаш шароитини яхшилаш Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолади.

– Таълимга қаратилаётган ана шундай эътибор ифодасини вилоятимиз мисолида ҳам кўриш мумкин. 2017-2025 йилларда инвестиция дастури доирасида жами 327 умумтаълим мактабида 25 янги бинони қуриш, 181 тасини реконструкция қилиш, 121 иншоотда мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилгани шунинг ифодасидир. Бундай хайрли мақсадлар учун бюджет маблағлари ҳисобидан 1 триллион 375 миллиард 310,6 миллион сўм маблағ сарфланди, – дейди ЎзА мухбри билан суҳбатда Наманган вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқов. – Биргина жорий йил мисолида оладиган бўлсак, вилоятимиздаги 50 та таълим муассасаси инвестиция дастурига киритилган. Шундан битта янги ихтисослашган мактаб қуриш, 33 мактаб ва 14 давлатгача мактаб ташкилотини реконструкция қилиш, иккита янги боғча қуриш учун жами 359 миллиард сўм ажратилган. Кейинги саккиз йил ичида мактаблар сони 38 тага ортиб, 60 минг 546 нафар ўқувчи ўрни яратилди.  

Ислоҳотларнинг илк босқичидаёқ мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилди. 2017 йилда 4 мингдан ортиқ маҳаллада бирорта ҳам боғча йўқ эди, қамров атиги 27 фоиздан ошмасди. Бугунги кунда боғчалар  қамрови  78 фоиздан ошди. Эндиликда таълим соҳасида эълон қилинган янги имтиёз ва имкониятлар ҳисобига боғча кириб бормаган бирорта маҳалла қолмаслиги, қамров ҳам 80 фоиздан кам бўлмаслиги таъкидланди.

Мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячилар маоши мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилгани, жорий йилнинг сентябрь ойидан боғча мудиралари ҳам мактаб директори ўринбосари билан бир хил ойлик оладиган бўлгани, бир сўз билан айтганда, боғчадаги раҳбар ва педагоглар иш ҳақи қарийб икки карра ошгани, хусусий боғчалардаги тарбиячилар маоши ва бола харажатининг бир қисми ҳам бюджетдан қоплаб бериладиган тизим жорий этилиши ғамхўрликлар қамрови ва салмоғи тобора ортиб бораётганидан далолат.

Дарвоқе, ўз маблағи ҳисобидан мактаблар қурган, таълимга ҳомийлик қилган сахий тадбиркорлар ҳақида гап кетганда, дилимиздаги ифтихор ҳисси янада ортди. Бинобарин, Наманган вилоятида энг катта инвестиция таълимга, келажакка киритилган сармоя эканлигини ҳис қиладиган, маориф соҳасини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган ҳиммат соҳиблари бисёр. Вилоятдаги саховатпеша ишбилармонларидан бири– Давлатобод туманидаги “Aisha home textil” компанияси асосчиси Жобирхон Камолиддинов ана шундай фарзандлар камоли ва юрт истиқболини ҳар нарсадан устун қўядиган асл тадбиркорлардан. У ўзи ўқиган Наманган шаҳридаги 3-умумтаълим мактабини тубдан таъмирлаб, замонавий, кўркам ва шинам, муҳташам қиёфага келтирган тадбиркор. Миллий маърифат тараққиётига қўшаётган ҳиссаси учун Президентимиз фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани, мукофотни тадбиркорга мамлакат раҳбарининг ўзи топширгани барчаммизни қувонтирди.

– Йиғилишда таълимнинг барча бўғинларини ривожлантириш, ёшлар ва педагоглар учун имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди. Тизимга кенг қамровли имтиёз ва имкониятлар татбиқ этилиб, қулайликлар қамрови тобора ортиб бораётгани шундан ёрқин нишона. Эндиликда давлат ва хусусий боғча тарбиячиларини ишдан ажралмаган ҳолда олий таълимда ўқитиш йўлга қўйилади. – Президент мактаблари каби ҳар бир вилоятда “Янги авлод” боғчалари ташкил қилинади. Шунга яраша имтиёз, имконият ва қулайликлар ифодаси сифатида педагогларни қўллаб-қувватлашга қаратилган аниқ ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Янги йилдан бошлаб камида 15 йил стажига эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт тўловига 30 фоиз чегирма берилади. Ўқитувчилар замонавий таълим технологияларини қўллаши учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилади. Келгуси йилдан педагоглар учун давлат хизматлари тўловлари икки баробарга камайтирилади. Миллий сертификат тизими бошланғич таълим ўқитувчилари учун ҳам жорий қилиниб, сертификат олганларга ҳар ойда 15 фоиз устама берилади. Мактабга ишга кирган бакалавр битирувчиларига автоматик равишда иккинчи малака тоифаси, магистрларга эса биринчи малака тоифаси берилади. Дунёдаги “ТОП-300”талик олийгоҳга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли таълим кредити ажратилади.

– Ўқитувчига, мураббийга қачон ва қайси даврда шундай эътибор кўрсатилган? Таълим соҳаси кишилари қачон шундай эъзоз ва ғамхўрликда бўлган? Бунга жавобан биз таълим соҳаси вакилларидан талаб қилинадигани фақат ва фақат изланиш-интилиш, давлатимиз раҳбари ва халқимиз ишончига муносиб келажак камолига боримизни, бор билиму салоҳиятимизни ишга солишдир, – дейди Наманган вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқов. – Зотан, ҳар қандай соҳада, барча жабҳада муваффақиятларга эришиш илм-маърифатга боғлиқ экан, биз педагогларнинг бу йўлда ташаббуслардан тўхтаб қолишга ҳаққимиз йўқ. Устоз муаллимларимизнинг илм борасидаги саъй-ҳаракатларда бардавомлиги, самарали фаолиятга интилаётгани шунга монанд.  

Наманган вилояти мисолида фикр юритадиган бўлсак, соҳага бўлган эътибор ҳамда ўқитувчи ва мураббийларга яратилаётган шарт-шароитлар ва қулай имкониятлардан руҳланган педагогларимиз ёш авлодга замонавий билимларни чуқур ва мукаммал ўргатиш борасида интеллектуал салоҳият ва кўникмаларини мунтазам ошириб, улкан ютуқларга эришмоқдалар.

Жорий йилнинг ўзида 3 минг 320 нафар хорижий тил ўқитувчиси чет тилини билиш бўйича миллий ва халқаро сертификат олган бўлса, 1 минг 687 нафар битирувчи “IELTS” ҳамда 1 минг 633 нафари эса миллий сертификатга эга бўлди.

Малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10дан зиёд устамалар жорий этилди. Шунга кўра, бугунги кунда вилоятдаги 5 мингдан ортиқ муаллимларнинг маошлари 8-12 миллион сўмни ташкил қилмоқда.

– Вилоятимиз мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимидаги барча ходимлар эришилган натижалар билан кифояланиб қолмай ютуқ ва муваффақиятлар салмоғини янада оширишда давом этаверамиз. – Зеро, Янги Ўзбекистонда энг муҳим соҳа – таълим, энг ҳурматли инсонлар – ўқитувчи ва мураббийлардир.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.