Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон орзу-мақсадлари – ислоҳотлар таҳлилида мужассам
12:11 / 2021-08-18

МУНОСАБАТ

Ўзбекистон аҳолиси ва халқаро жамоатчилик Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳар галги чиқишларини катта қизиқиш билан кутиб олади, мамлакатимизнинг янги мақсадларини, ислоҳотларнинг янги тамойилларини кузатади. Демакки, халқимиз, дунё ҳамжамияти Президентимизнинг мурожаатларини, дастурий маъруза ва нутқларини кўп бор ўқиган, кўриб-тинглаган. Бироқ давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири саволларига жавоблари – Шавкат Мирзиёевнинг президентлик даврида амалга оширилган ишларга янгича форматдаги қисқача таҳлили ўлароқ матбуотда эълон қилингани билан алоҳида аҳамиятга эга ва эътиборли бўлди.

Суҳбат Янги Ўзбекистон ғояси, орзу-мақсадлари асосига қурилган бўлиб, сўнгги салкам беш йиллик даврда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар, яратилган кенг имкониятлар таҳлили аниқ мисоллар, рақамлар орқали баён этилгани билан қизиқиш уйғотади.

Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон ғоясига таъриф берар экан, халқимизни илҳомлантираётган, азми шижоатини янада жўштираётган бу ном замирида азалий қадриятларимиз нафаси, миллатимизнинг тарихий ўзлигини намоён этган ҳаракатлар, уйғониш даврларига тамал тошини қўйган мутафаккир аждодларимизнинг орзу-интилишлари ва армонларини рўёбга чиқариш мақсадлари мужассам эканини алоҳида таъкидлайди.

Ҳа, бугун дунёда Янги Ўзбекистон давлати нафаси, қадамлари, мақсадлари сезилди, эришаётган муваффақиятлари эътирофи тобора кенгаймоқда. Бунинг асосий сабаби эса – «Янги Ўзбекистон – демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир».

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизнинг етакчи газетаси бош муҳаррири саволларига жавоблари давомида мамлакат тараққиёти, аҳоли фаровонлиги, халқаро нуфузни оширишда биз барпо этаётган давлат – Янги Ўзбекистонга турли йўналишлардан келиб чиқиб такрор-такрор таъриф берилади. Айтиш мумкинки, бу таъриф ва хулосалар шиор каби, даъват каби жаранглайди ва тез кунларда меҳнат жамоалари, аҳоли турар жойлари пештоқидан ўрин олса, ажаб эмас.

Суҳбат билан танишар экансиз, икки жиҳат алоҳида эътиборингизни тортади. Биринчиси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз томонидан улуғланиши, унинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланишининг боиси Ўзбекистонда 2017 йилдан буён барча соҳаларда амалга оширилиб келинаётган ислоҳотлар, янгича тамойиллар, аниқ мақсад сари изчил интилиш, машаққатли меҳнатнинг меваси эканини англайсиз. Иккинчиси эса, иқтисодий, сиёсий, банк-молия, инвестиция, ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш, қўйингки, қай бир тизим бўлмасин, барчасида амалга оширилган ислоҳотлар замирида ижтимоий соҳани юксалтириш, жамиятнинг ижтимоий аҳволини янада яхшилаш мақсади мужассам экани намоён бўлади.

Айни пайтда Президент одамлар уйғонаётганини, жамият ўзгараётганини фахр билан тилга олади. «Маънавий уйғоқ жамият – бу, ҳеч шубҳасиз, қудратли кучдир», дейди Шавкат Мирзиёев.

Келажакка қатъий ишонч, ислоҳотларнинг чуқур таҳлили, ўз юрти тараққиётига, халқининг обод ва фаровон турмушини тезроқ яратиш иштиёқи йўғрилган ушбу суҳбатда соҳалар кесимида қилинган ишлар ва келгуси вазифалар бирма-бир баён этилади.

Эътироф этиш жоизки, давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда эришилаётган муваффақиятлар билан бирга, жамиятда мавжуд муаммолар, кадрлар масаласи, раҳбарлик масъулияти, коррупция иллати оқибатлари ҳақида ҳам очиқ-ойдин, мисоллар асосида тўхталади. Халқимизни, жамоатчиликни, ёшларни интилаётганимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳалолликка, холисликка, елкадошликка чақиради.

Давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюси халқимизда мамлакат келажаги учун дахлдорлик ҳиссини янада жўштиради, янги-янги марралар сари илҳомлантиради, айни пайтда, хориждаги айрим ғаразли тўдаларнинг ўринсиз иддаоларига ҳам муносиб жавоб бўлади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

 

Бектемир ПИРНАФАСОВ,

халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати