Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон олтини
17:15 / 2023-04-02

Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли “Ёшлик-1” мажмуаси яқин келажакда дунёдаги энг йирик очиқ усулда қимматбаҳо ер ости бойликлари қазиб олинадиган конлардан бирига айланади.

Ўзбекистоннинг ери, суви, қуёши, айниқса, халқимиз машаққатли меҳнати билан яратилаётган ноз-неъматимиз билан ҳақли равишда фахрлансак арзийди. Танга роҳат бахш этувчи оппоқ, момиқ пахтамиз, толаси пўлатдан-да мустаҳкам ипак, қоп-қора, қип-қизил, олтин рангда товланувчи сап-сариқ узум, болдай хуштаъм мева-чевамиз, тил ёрар қовун-тарвузимиз ёки энг арзон нур манбаи – уран, жонга оро кирадиган газ каби ер ости ва ер усти бойликларимиз мавжуд-ки, қай бирини санайлик?! Қуйида диёримизда улкан захираси бор бойлик — Янги Ўзбекистон олтини ҳақида гап боради.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати — ОКМК тасарруфидаги “Ёшлик-1” мажмуаси яқин келажакда дунёнинг энг йирик олтин конларидан бирига айланиши кутиляпти.

  Жаҳон кон-металлургия соҳасидаги ушбу улкан лойиҳа давлатимиз раҳбари 2017 йил имзолаган махсус қарорга биноан амалга оширилмоқда. 2020 йил мажмуага доир сўнгги ҳужжатлар ҳам тайёр ҳолга келтириб, тегишли маблағ ажратилди. 2028 йилга келиб, Ўзбекистондаги барча тилла конларидан қазиб олинаётган маъданнинг ярмидан кўпи, яъни йилига 50 тонна олтин, 270 тонна кумуш, 400 минг тонна мис қуймаси мазкур ҳудудда ишлаб чиқарилади. Таркибида “Ёшлик-1”, “Қалмоқ қир” каби олтин, кумуш, мисга бой манзиллар мавжуд, “Олий зиё” номи билан юритилаётган мажмуа яқин келажакда очиқ ҳолда қимматбаҳо ер ости бойлиги қазиб олинадиган дунёдаги энг йирик конлардан бирига айланади. Олмалиқ кон-металлургия комбинати бир йилда 160 миллион тонна рудани қайта ишлаган ҳолда Чили, Перу, Мексика ва Америка Қўшма Штатларидаги йирик қазилма корхоналаридан ҳам катта замонавий тоғ-металлургия комбинатига айланади. 

         Ўзбекистон ҳудудидаги “Мурунтов” бугунги кунда дунёдаги энг кўп олтин ишлаб чиқарилаётган конлардан бири ҳисобланади. 1970 йил кириб келиши арафасида бир журналист Америка Президенти Ричард Никсонга йўллаган “Якунланаётган йилнинг энг йирик кашфиёти нима?” қабилидаги саволига “Ўзбекистонда Мурунтов олтин кони очилиши”, дея жавоб олган эди.

Ҳозир ушбу мажмуадан йилига 2 миллион унция олтин қазиб олинмоқда. Айни кўрсаткич бўйича АҚШнинг Карлин (1.5 миллион), Индонезиянинг Грасберг (1.37 миллион), шунингдек, Доминикана Республикаси, Конго, Канада ва бошқа мамлакатларга тегишли кўплаб олтин конлари кейинги ўринларда туради.

         “Мурунтов”га ташриф буюрган киши ўзини, гўё, бошқа сайёрага тушиб қолгандек ҳис қилади. Очиқ усулда олтин қазиб олинаётган ушбу коннинг узунлиги 3.3 километр, эни 2.5 километр, чуқурлиги 600 метрни ташкил этади. 180-200 тонна руда таший оладиган, ғилдираги одам бўйидан баланд баҳайбат ўзи тўкар машина (самосвал) кабинасида кон ёқалаб карьер остига тушиш учун анчагина вақт сарфлашга тўғри келади. “Мурунтов” шу кунга қадар дунёдаги энг йирик олтин кони номини оқлаб келмоқда.

Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) ишлаб чиқариш мажмуаси таркибида 5 корхона – Мурунтов олтин кони, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ ва Зармитандаги металлургия заводлари ҳамда Маржонбулоқдаги рудадан олтин ажратиб олиш фабрикаси мавжуд. Бугунги кунда Республика бўйлаб қазиб олинаётган жами 90 тонна тилла хом ашёсининг, қарийб, ярмини шу жамоа етказиб бермоқда.

Қимматбаҳо металл билан шуғулланадиган Умумжаҳон кенгаши таҳлилига кўра кўрсаткичи энг юқори АҚШдаги Невада олтин конида йилига 115.8 тонна руда қайта ишлаб чиқарилади. Мутахассисларнинг ишончли хулосасига асосланадиган бўлсак, олтин қазиб олувчи конлар орасида биринчилик яна Ўзбекистонда сақланиб қолиши таъкидлангани диққатга сазовор. Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли “Ёшлик-1” мажмуасида ҳозир бунёдкорлик жадал суръатда олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2021 йил 22 декабрда комбинатда бўлиб, Президент томонидан тасдиқланган мега лойиҳа асосида қиймати 5.12 миллиард долларлик “Ёшлик-1” олтин конини ўзлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ўзбекистондаги олтин конларини таърифлаш учун икки рақамни келтириш ўринли. Ҳисоб-китобга қараганда, “Мурунтов” захираси 3 000 тонна, энди ўзлаштирилиши бошланган Олмалиқ кон-металлургия комплекси “Ёшлик-1” конида 5 000 тоннадан зиёд олтин мавжуд.

 – Бизда бундай ер ости бойликлари борлигидан бехабар эдик. Сизлар қандай бойликлар устида яшаётганликларингизни, қандай бой-бадавлат одамлар эканлигингизни ўзларингиз ҳам билмасаларингиз керак, – деди Президент.

“Ёшлик-1” кони 11 минг гектар майдонни эгаллаган. Бебаҳо бу жойдаги, ҳали тўла таҳлил этилмаган тош, қум, тупроқ таркибида олтин, кумуш, мис, молибден, селен каби 13 турдаги бебаҳо металлар захираси яшириниб ётибди. Қимматбаҳо, ноёб металлар ҳажми бўйича ушбу қазилма ҳудуди тилла қазиб олувчи етакчи давлатларнинг энг йирик конлари қаторида эътироф қилинади.

ОКМКда ўзлаштириш ишлари жадал олиб бориляпти. Кон ҳудудида учинчи мис-бойитиш фабрикаси қад кўтармоқда. 2024 йилга бориб бу ерда йилига 30.1 тонна олтин ишлаб чиқарилади. Мажмуада энг юқори софлик даражасига эга 999 русумли олтин, юқори сифатли кумуш қазиб олинади. Шу билан бирга электроника саноатида кенг қўлланаётган мисдек рангли метал ишлаб чиқараётган корхона ер ости бойлиги мўл олти кон, беш металл бойитиш комплекси, уч металлургия заводини бирлаштирган. Комбинатда ишлаб чиқарилаётган олтин ва кумуш қуймаси туфайли “Яхши хом ашё етказиб берувчи корхона” номини олган комбинатимиз Лондон фонд биржаси сифат белгисини қўлга киритган. “Сариқ олтин” номи билан юритилувчи Олмалиқ миси эса халқаро сертификатга сазовор бўлган.

Яна бир статистикани қолдириб кета олмаймиз. Олмалиқ кон-муталлургия комбинатида 2022 йилнинг 11 ойи мобайнида ишлаб чиқариш ҳажми 97.8 триллион сўмни ташкил этди. Бу 2016 йилга нисбатан 10 баробар кўп.

Америкада чоп этиладиган “Forbes” журнали ёзишича, олтин қазиб олиш миқдори ҳозир дунё бўйича энг юқори нуқтага етган. Жаҳон кенгаши таҳлилига қараганда, 2019 йил жаҳон бўйлаб 3.531 тонна олтин қазиб олиниб, маҳсулдорлик 2018 йилга нисбатан 1 фоиз камайган. Мутахассислар бу кўрсаткич олтин ишлаб чиқариш саноатидаги салбий ҳолат эканини таъкидлайди. Демак, хом ашё қазиб олиш тобора камаймоқда. Бу жаҳон бозорида олтин баҳоси ошишига олиб келади. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда йирик олтин конлари сони қисқариб, ташлаб қўйилган эски конлар қайта ишга туширила бошлади. Шунингдек, майдони кичикроқ янги тилла конлари очилмоқда. Ўзбекистондаги “Ёшлик-1” олтин конининг очилиши ва ишга туширилиши жаҳон мутахассислари таҳлил-у хулосаларига жиддий ўзгариш киритмоқда. Ўзбекистон тажрибаси дунёда ҳали янги йирик олтин конлари борлигидан дарак бермоқда.

2022 йил Тошкентда ўтказилган Биринчи халқаро инвестиция форумида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яқин беш йилликда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ишлаб чиқариш йилига 100 миллиард, маҳсулот экспорти 30 миллиард долларга етказилишини айтганди. Бунда янги Ўзбекистон олтинининг ҳам салмоқли ҳиссаси бўлади.

Шу он ўзбек геологларига маълум бир воқеа ёдимга тушди. Машҳур кинорежиссёр, Халқ артисти Малик Қаюмов эслашича, геолог олимлар республикамиз ҳудудидаги олтин конларини топиш ва фойдаланишга топшириш жараёнига бевосита раҳбарлик қилган Шароф Рашидовдан сўрашган экан:

– Сизнинг фотиҳангиз билан қазиб олиш ишларини қайси кондан бошлайлик?

Шунда раҳматли Шароф ота саволга савол билан жавоб қайтарибди:

– Қайси конда қанча захира бор?

Геологларнинг кейинги фикрларини диққат билан эшитган биринчи раҳбар бироз ўйга чўмгач:

– Мана бунисидан бошланглар, – дея бармоғини харитага ниқтайди.    Шунда геологлар “Ахир, бу захираси энг кам жой-ку?” – дея ҳайрон бўлишади,

– Шу ердан бошлайверинглар-чи, қолганлари ҳам асқотиб қолар, ҳали, – жавоб беради Шароф Рашидов.

         Бугун айнан ўша “асраб қўйилган” конлардан бири ўзлаштирила бошланган бўлса, ажабмас.

Янги давр олдимизга янги талаблар қўймоқда. Яқиндагина мутлақо махфий ҳисобланган айрим факт ва рақамлар аста-секин оммага ошкор қилинмоқда. Ҳозир жаҳон бозорида сотилаётган олтинимиз миқдори аниқ. Масалан, Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2018 йил мамлакатимиз тилладан 2.9 миллиард доллар даромад олган. Бу борада Мўғулистон, Россия, Германия сингари олтин экспорти бўйича етакчи давлатлар ортда қолдирилган. Диёримизда олтиннинг тасдиқланган захираси айни пайт 6 400 тоннани ташкил этади. Баракасини берсин, Янги Ўзбекистон олтинининг!

Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ,

ЎзА шарҳловчиси