English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик диёри
13:41 / 2022-11-18

Бухоро давлат университетида “Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан вилоят ҳокимлиги, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон – миллатлараро тотувлик диёри” шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда азалдан ўзбек халқи миллатлараро тотувлик, дўстона муносабат, бағрикенглик тимсоли, қолаверса, тарихи бир неча минг йилликларга туташ кўҳна ва боқий Бухоро қадим Шарқ цивилизацияси бешикларидан бири сифатида тан олингани таъкидланди.

Бухоро вилоятида 40 га яқин миллат ва элат бир оила бўлиб яшаб келмоқда. Айни кунда 12 миллий маданият марказлари фаолият юритмоқда.  

[gallery-9634]

Тадбирда миллий маданият марказларининг аъзолари  ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Эзгу ният ва хайрли ишларга эш бўлган тадбир қатнашчилари якунида университет ҳудудида ташкил этилган “Дўстлик боғи”да кўчат ўтқазилди.  

Юртимизда давлат раҳбари ташаббуси билан ўтган йилдан эътиборан “Халқаро бағрикенглик куни”га бағишланган маданий-маърифий тадбирлар ҳафталиги ўзига хос анъана кўринишини олаётгани жойларда аҳоли, айниқса, ёш авлодни, вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

ЮНEСКО халқаро ташкилоти шафелигида дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқот – инсонпарварлик муносабатларини ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш борасида  бир қатор ишлар амалга оширилди. Бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжат қабул қилинган. 1995 йил 16 ноябрда Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНEСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” бу саъй-ҳаракатнинг ёрқин намунасидир.

Ҳозирда мазкур сана бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, мунаввар кунларимизнинг қадр қимматини ёш авлод қалбига жойлаш, жамият тараққиёти йўлида инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлашга эътибор ортди. Ана шундай кунлар омили бўлган диний бағрикенглик, миллатлараро дўстлик  тамойилларини янада барқарорлаштиришга алоҳида ёндашиб келинаётгани ҳам мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, юртимизда турлича диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг эмин-эркин, эзгу ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат истиқомат қилиб келишаётгани ҳам бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. Айни кунда мустақил диёримизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 та турли конфессияга эътиқод қилган ҳолда тинчлик ва хотиржамликда умргузаронлик қилмоқда. Бундан ташқари, бугун вилоятда 12 та миллий-маданий марказ, 10 та ноисломий ташкилот фаолият юритмоқда. Мазкур марказлар аъзоларининг Ватанимиз тараққиёти йўлида қилаётган меҳнатлари муносиб баҳоланиб, турли йилларда нуфузли давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳам инсонпарварлик намунаси, албатта. Қолаверса, вилоятимиздаги олий ўқув юртлари талабаларининг мингга яқини бошқа миллатга мансуб ёшлардан таркиб топган бўлиб, келгусида ҳудуд иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ҳам уларнинг ҳиссаси қўшилиши шубҳасиз.  

 

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА