Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Ўзбекистон” массивларидаги уй-жойлар субсидия асосида берилади
17:22 / 2022-07-07

Куни кеча Президентимиз раислигида қурилиш ва ипотека соҳаларида ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда архитектура йўналишидаги олий таълим муассасаларини трансформация қилиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Унда қайд этилишича, жорий йилда 43 мингта уй-жой учун бюджетда банкларга 13 триллион сўм ресурс кўзда тутилган бўлиб, ўтган олти ойда 3,6 триллион сўм (28 фоиз) ўзлаштирилган. Шунингдек, 29 минг нафар аҳолига субсидия учун 1,2 триллион сўм ажратилган бўлсада, 8,5 минг нафарига 365 миллиард сўм (30 фоиз) тўлаб берилган. Ажратилган ресурс ва субсидияни ўзлаштириш даражаси Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 25 фоиздан паст.  

1 сентябрга қадар туман ва шаҳарларнинг қулай жойларида банк, молия, қурувчи ташкилотлар, нотариус, кадастр идоралари бир жойда ўтириб, аҳолига янги уй-жойлар лойиҳаси, нархи, кредит ва субсидия шартлари бўйича батафсил хизмат кўрсатадиган Ипотека марказларини ташкил қилишга кўрсатма берилди. 

Бир ой муддатда субсидия ажратишдаги бюрократияни камайтириш, қурилиш учун ерларни савдога чиқаришни икки бараварга кўпайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди. 

Шу ўринда айтиш жоиз, кўпчилик фуқароларимиз томонидан уй-жой учун субсидия ажратилгани, аммо субсидия асосида уй-жойлар қурилмагани бўйича эътирозлар билдирилади. 

– Бу бўйича Президентимизнинг 2021 йил 11 мартда “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди, – дейди Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Элёр Комилов. – Бу қарор билан пойтахтимизда 7 мингта уй-жой қурилиши белгиланган эди. Тошкент шаҳридаги ернинг нархи билан Хоразмдаги ернинг нархида жуда катта тафовут бор. Ернинг нархи қиммат бўлгани боис қурилиш чўзилган. Ҳозирда мазкур ер аукционга қўйилган. Шуни ҳам айтиш жоиз, Тошкент шаҳрида уйга бўлган талаб юқорилиги туфайли Тошкент шаҳридан субсидия олган фуқаролар, Тошкент вилоятидан уй-жой олиши мумкин бўлади.  

Бу тўғрисида яқинда Адлия вазирлигига таклиф киритдик. Мазкур қарор билан энди Тошкент шаҳридан субсидия олган фуқаролар, Тошкент вилоятидан ҳам субсидияга уй олишлари мумкин. Яна бир маълумот, айни вақтда пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Яқин ойларда мазкур уй-жойларнинг кадастри тайёр бўлади. Мазкур уй-жойлар аҳолига субсидия асосида берилади. 

Хорижий экспертларнинг таҳлилларига кўра, бош режалар ишлаб чиқилмаса, 2030 йилга келиб инфратузилма харажатлари икки бараварга ошади ҳамда қишлоқ хўжалиги ерлари 30 минг гектарга камайиб кетади.  

– Йиғилишда Бош схема, Бош режа ва мастер режалар ишлаб чиқиш учун жорий йилда 200 миллиард сўм ажратилиши қайд этилди, – дейди Элёр Комилов. – Мутасаддиларга 1 октябрга қадар республика, Самарқанд, Наманган ва Тошкент вилоятларининг Бош схема, Бош режа ва “мастер режа”ларини ишлаб чиқишга хорижий лойиҳа ташкилотларини жалб қилиш топширилди. 

Давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида Қурилиш вазирлигига объектларни рўйхатга олишдан бошлаб фойдаланиш ва қабул қилишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш вазифаси қўйилди.  

Йиғилишда алоҳида бир масалага тўхталиб ўтилди. Бугунги кунга қадар қурилишда нарх-наво шаклланишида тизим яратилмаган. Давлатимиз раҳбари бу тизимни яратиш бўйича Қурилиш вазирлигига барча вазифаларни белгилаб берди. Нархларни шакллантиришда 100 фоиз рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш ва бунда вазирлик, идоралар Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмиталари билан интеграцияни йўлга қўйиш белгиланган. 

Бундан ташқари қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчилар, қурилиш хизмат кўрсатиш корхоналари ўзининг техникаси, асбоб ускуналари билан ягона тизимга, ягона порталга бирлаштирилади. Уларнинг талаб ва таклифлари шаклланган нархларни умумлаштирилган ҳолда ягона нархлаштириш тизимини яратиш топшириғи берилди. Бу ўз навбатида мамлакатимизда қурилаётган уй-жой, объектларни нархлаштириш, уларнинг қийматини белгилашда ягона тизимни белгилаб беради. Бу эса ҳар хил талон-торожликларга, коррупцияга ва объектларни бир-бирининг нархи, сифатининг фарқ қилишига чек қўяди. 

Тан олиб айтиш жоиз, бугунги кунда қурилиш ва архитектура назорат тизимида қатор муаммолар бор эди. Видеоселекторда бу муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, қурилиш ва архитектура назорат тизими қайта кўриб чиқилиши қайд этилди.  

–  Йиғилишда вазирлигимизга уч босқичли лойиҳалаш бўйича топшириқ берилди, – дейди қурилиш вазири ўринбосари Шукрулло Жаҳонгиров. – Хусусан, шаҳар, туман ҳудудларнинг бош режасини ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Бош режага асосланган ҳолда қурилиш ишларини амалга оширишни қатъий назорат қилиш топшириғи берилди. Бу ҳозирги кунда соҳага айнан зарур ҳисобланади. Сабаби, ҳозирги кунда чет элдан мутахассислар юртимизга келганда биринчи навбатда Республикамиз схемасини сўрашади. Бу лойиҳалаш жорий этилса, барча саволларга ечим топилади. Шуни ҳам айтиш жоиз, Қурилиш вазирлигида алоҳида лавозим ташкил қилиниши Бош архитектор ва ҳудудларда бош архитектор секторларга алоҳида эътибор берилиши бу жуда катта масаланинг ечими бўлади. Боиси, ҳар қандай қурилиш бўлишидан қатъи назар, биринчи навбатда иқтисодий тарафлама асос бўлиш керак. Демак, асос яратилгандан кейин, лойиҳага кўчадиган бўлса, эртага ўзининг самарасини беради. 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА