French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Ўзбекистон” массивларида нима гап?
17:18 / 2022-10-10

Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони асосида мамлакатимизда жорий йил 29 та массив қурилмоқда.

Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган мазкур жараён Самарқанд вилоятида ҳам қизғин давом этмоқда.

Вилоятда бу йил Булунғур ва Ургут туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш учун ҳудудлар белгиланиб, қурилиш ишлари бошланган. Жумладан, Булунғур туманидаги “Ғўбдин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши учун 23,9 гектар ер майдони ажратилди. Бу ерда 2022-2024 йилларда 1120 хонадонли 56 та кўп қаватли уй, 2 та умумтаълим мактаби, 3 та мактабгача таълим ташкилоти, 8 та спорт ва соғломлаштириш маркази, шунингдек, оилавий поликлиника, маҳалла маркази, ИИБ таянч пункти, маданият уйи, ёшлар маркази IТ-парки, савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари қурилиши режалаштирилган.

Туман ҳокимлигидан олинган маълумотларга кўра, айни пайтда массив бош режасига асосан ҳар бири 20 хонадондан иборат 18 та беш қаватли уй қурилмоқда. Бу хонадонларнинг 200 таси субсидия асосида аҳолига берилади. Ушбу уй-жойлар учта қурилиш ташкилоти томонидан бунёд этилмоқда. Шунингдек, ҳудуд коммуникация тизимини яратиш учун йўл, электр, газ, сув таъминоти ва канализация тармоқлари тортиш ишлари давом этмоқда.

Ургут туманидаги Камангарон маҳалласи ҳудудидаги “Янги Ўзбекистон” массивида ҳам жорий йилда 18 та кўп қаватли уй, битта умумтаълим мактаби, битта болалар боғчаси барпо этилмоқда. Аммо яқинда вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан “Янги Ўзбекистон” массивларидаги қурилиш ишлари ҳолати ўрганилганда иккала ҳудудда ҳам айрим камчиликларга йўл қўйилгани, ишлар белгиланган вақтдан ортда қолаётгани аниқланган. Мазкур ҳолатлар ҳудудлар раҳбарлари ва қурилишга масъуллар иштирокида муҳокама этилиб, вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажариш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА