Аҳоли сони ўсиши билан уй-жойга эҳтиёж ҳам ошиши табиий. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу долзарб масалани алоҳида эътиборга олиб, одамларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўрди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги қарорига кўра, қишлоқларда, 22 ноябрдаги қарори билан эса шаҳарларда арзон уй-жойлар қуриш дастурлари қабул қилинди. Улар асосида ўтган даврда минглаб уй-жойлар барпо этилиб, аҳолига топширилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, сўнгги 8 йилда Ўзбекистонда қурилиш индустрияси янги босқичга кўтарилиб, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бирига айланди. 2016 йилда умумий қурилиш ишлари ҳажми 30 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 234 триллион сўмга етди. Жорий йилда эса ушбу рақамни 254 триллион сўмга етказиш кўзда тутилган.

2017 йилда мамлакатимизда бор-йўғи 11 мингта махсус техника мавжуд бўлган. Бугунги кунда эса уларнинг сони 44 мингтадан ошган. Бу эса соҳада техник таъминланганлик даражасининг қанчалик ошганини, қурилиш ташкилотларининг имкониятлари кенгайганини кўрсатади. Шунингдек, биргина 2024 йилнинг ўзида 2 минг 44 та кўп қаватли уйда 100 мингдан зиёд хонадон барпо этилди.
Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини барқарор қондириш мақсадида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этиш дастури изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бугунги кунда 56 та массив ташкил этилган бўлиб, уларда 28 минг хонадон иборат 543 та уй қурилган. Жорий йилда халқимиз ихтиёрига 135 мингта хонадон топширилиши кўзда тутилган. Ушбу массивларда фақат турар жойлар эмас, балки ижтимоий, маданий ва инфратузилма объектлари ҳам қурилаётгани аҳолининг фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Яқин истиқболда, 2030 йилгача “Янги Ўзбекистон” массивлари сони 100 тага етказилиши белгиланган.

“Янги Ўзбекистон” массивлари бунёд этилиши миллионлаб одамларнинг тасаввурига ҳам сиғмайдиган янгилик эди. 2020 йилда 29 та, 2025 йилда 890 та уй, жами 31 мингта хонадон қуриб фойдаланишга топширилди. Массивларда одамларга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадидаги ишлар шахсан давлатимиз раҳбари назоратида.
Дарҳақиқат, ҳар бир инсон ўзининг гўзал ва шинам уйи бўлиши, унда оила аъзолари билан тинч, фаровон яшашни истайди. “Янги Ўзбекистон” массивлари бу мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик сиёсатининг ёрқин ифодаси.

2021 йил 9 декабрда “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинган эди. Шундан сўнг аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ҳудудларда замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқлари қурилишини жадаллаштириш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва аҳоли пунктларининг урбанизация жараёнларини ривожлантириш мақсадида юртимизнинг турли қисмларида “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилди. Жумладан, Чирчиқ шаҳрида замонавий уй-жойлар қурилиб, минглаб оилалар янги хонадонларга эга бўлмоқда. Айниқса, бу уйларни харид қилиш учун субсидия ва ипотека кредитларининг ажратилиши юзлаб оилаларнинг оғирини енгил қилмоқда.

– Икки нафар фарзандимга ҳам ота, ҳам онаман, – дейди Чирчиқ шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида истиқомат қилувчи Дилором Каримова. – Ижарада икки нафар ёш болам билан жуда қийин аҳволда яшардик. Шароити йўқ уй-жойларда яшадик. Ёғингарчилик пайтлари томимиздан томчи ўтарди. Икки нафар фарзаним ҳали вояга етмаган. Субсидияга ариза бергандим, аризам қабул қилиниб бизга субсидия хабарноси чиққанида очиғи қувончдан йиғлаб юбордим. Энди бизнинг ҳам ўз уйимиз бор. Ҳаётимиз тубдан ўзгарди. Сўнган умидларим қайта уйғонди. Бу каби хайрли ишнинг бошини тутганлардан бир умр миннатдорман. Биз каби эҳтиёжманд инсонларга эътибор бериб, ғамхўрлик қилаётган юртбошимизга ташаккур.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига мувофиқ, Чирчиқ шаҳридаги “Ифтихор” МФЙ ҳудудида “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилиши белгиланган эди. Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Чирчиқ шаҳри “Ифтихор” МФЙга ёндош ҳудудда умумий 49 гектар ер майдонида янги барча ижтимоий ва муҳандислик-коммуникацияларга эга 82 та 7, 9, 12 ва 16 қаватдан иборат, жами 6 минг 440 та хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган бўлиб, қурилиш ишлари 3 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. 2022-2024 йилларда “Янги Ўзбекистон” массивида 23 та жами 1 минг 190 хонадонли кўп қаватли уйлар, 3 та ижтимоий соҳа объектлари, шу билан бирга, мактабгача таълим ташкилоти, мактаб, оилавий поликлиника фойдаланишга топширилган. Халқ розилигини ўйлаб амалга ошириладиган ишлар сабаб, бугун минглаб инсонлар тинч, хотиржам ўз уйида яшаяпти.

– Бахтсиз ҳодиса туфайли бир оёғимдан айрилганман, – дейди иккинчи гуруҳ ногирони Нодира Марданова. – Бу уйга кўчиб ўтгунча қандай яшадим, эслагим ҳам келмайди. Уй олишга жуда кўп ҳаракат қилдим. Бироқ кредит суммаси қиммат эди. Шу ўринда ҳукуматимиз ёрдамга келди. Бу уйнинг бошланғич маблағи эса давлатимиз томонидан тўлаб берилди. Ипотека кредити 20 йилга тақсимланди. Муҳими, энди уйимиз бор, кўнглим хотиржам. Оиламиз билан бахтли яшаяпмиз. Бундан ортиқ бахт борми!? Энг муҳими, “Янги Ўзбекистон” массивларида аҳолининг дам олиши, болалар ва ёшларнинг фаол вақт ўтказиши учун ҳам қулайликлар яратилган. Хусусан, сайлгоҳлар, болалар боғчаси, спорт майдонлари, соғломлаштириш масканлари ҳамда барпо қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 февралдаги “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан 2025 йилда Чирчиқ шаҳри бўйича 23 та жами 1 минг 356 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар янгидан қурилиши режалаштирилган.
– Давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан Ўзбекистон миқёсида 135 мингта кўп квартирали уй-жойлар қурилиши белгиланган, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Элёр Комилов. – Жорий йилнинг ўзида мамлакат бўйлаб 56 та “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилади. Умуман, 2030 йилгача 100 та “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши режалаштирилган. Бунинг учун ерлар камида 70 минг одам яшайдиган туман маркази ёки шаҳар ҳудудига 1-2 километр масофадаги жойдан ажратилади. Бу массивларнинг ҳар бирида 100 минг квадрат метрли 2 мингта хонадон, ҳар бир ҳудудда қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида мактаб, боғча ва тиббиёт масканлари қурилади. Жорий йилда қурилиши режалаштирилган 135 та уй-жойларнинг 10 мингга яқини қуриб фойдаланишга топширилди.
Шуни ҳам айтиш жоиз, аҳоли жон бошига тўғри келадиган уй-жой ҳажми 2020 йилдаги 16 квадрат метрдан 2025 йилда 19 квадрат метргача ошгани кўп йиллик режаларнинг самараси сифатида кўрилмоқда. Қурилиш ишлари нафақат мавжуд эҳтиёжларни таъминлаш, балки мамлакат инфратузилмасини тубдан янгилашга қаратилган. Шунинг учун ҳам 2024 йили 21,4 миллион квадрат метр турар жой ва 19,1 миллион квадрат метр нотурар бинолар қурилиб, умумий ҳажм 40,5 миллион квадрат метрни ташкил этди. 2025 йилда бу кўрсаткич 45 миллион квадрат метрдан ошиши кутилмоқда. Уй-жой қурилишини рағбатлантириш мақсадида давлат томонидан ипотека ва айланма маблағлар ажратиш механизми самарали йўлга қўйилди. Жумладан, 2024 йилда 17 триллион сўмлик ипотека кредити ажратилган бўлса, қурувчи ва девелоперларга 3 триллион сўм айланма маблағ берилди. Бу орқали соҳага хусусий инвесторларни жалб қилиш, бозор иштирокчилари фаоллигини ошириш имкони яратилди. Қурилиш ишлари орқали бевосита ва билвосита иш ўринлари яратилаётгани ҳам муҳим омиллардан бири бўлди. Масалан, 2024 йилда қурилган 100 минг хонадон ҳисобига пудратчилар, бошқарув ва сервис, қурилиш материаллари, транспорт каби соҳаларда 350 минг одам ишли бўлди. Жорий йилда эса 400 минг киши қурилиш соҳасида банд этилиши режалаштирилган.
Бунёдкорлик ишлари Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ҳам давом этмоқда. Нурафшоннинг 5-6 йил аввалги ташқи қиёфаси бугунгидан тубдан фарқ қиларди.
Аҳоли фаровонлиги ва турмуш маданиятини оширишга қаратилган “Янги Ўзбекистон” массивлари илғор шаҳарсозлик ечимлари асосида қурилган. Кўп қаватли уй-жойлар кўркамлиги, тартиблилиги ва ободлиги билан туман қиёфасини ўзгартириб юборди. Иншоотлар нафақат замонавий архитектураси, балки аҳоли учун яратилган инфратузилманинг қулайлиги билан ҳам ажралиб туради. Ҳар бир уй замонавий коммуникация тармоқлари, атрофи эса болалар майдончалари ва автотураргоҳлар билан таъминланган.
Эътиборли жиҳати, “Янги Ўзбекистон” массивлари дастурининг энг катта ютуғи — одамларнинг кўп йиллик орзулари рўёбга чиқаётгани. Бунёдкорлик ишлари нафақат уй-жой, балки бутун инфратузилманинг янгиланишини ҳам кўзда тутади. “Янги Ўзбекистон” массивлари бир нечта қурилиш компаниялари томонидан барпо этилмоқда.
“Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш давлат сиёсатининг муҳим бир қисми бўлиб, ундан кўзланган мақсад шунчаки шаҳарни кўркамлаштириш эмас, балки инсонларнинг бахтли яшаши учун шароит яратишдир.
Президентимизнинг 2025 йил 21 февралдаги тегишли фармонига биноан Нурафшон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида 427 та хонадонли 6 та кўп қаватли уйлар қуриш белгиланган, босқичма-бошқич хонадонлар қуриб борилмоқда. Юқоридагилар шунчаки оддий рақамлар эмас. Чунки ҳар бирининг ортида одамлар тақдири ётибди. Янги уйларда яшаётганларнинг ҳаёт тарзи, кайфияти ҳам ижобий томонга ўзгариб, уларда ҳаётдан мамнунлик ҳисси ортиб бормоқда.
“Янги Ўзбекистон” массивлари — бу нафақат янги уйлар, балки халқимиз ҳаёт сифатини юксалтириш, эртанги кунига бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган улкан бунёдкорлик.
Бир сўз билан айтганда, “Янги Ўзбекистон” массивлари бу оддийгина турар жой эмас. Ҳар бир қурилган уй – кимнингдир орзуси, йиллар давомида кутган хонадони. Бир пайтлар бўш ётган майдонларда бугун осмонўпар бинолар қад ростлади. Бу ерда замонавий уй-жойлар, мактаблар, боғчалар, поликлиникалар барпо этилмоқда. Буларнинг барчаси аҳоли фаровон ҳаёт кечириши учун хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА