Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Ўзбекистон” массиви — Янгиернинг янги тараққиёт манзили
12:30 / 2025-10-09

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида аҳоли учун замонавий инфратузилма ва қулай яшаш шароитларини яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шаҳарнинг Абдураҳмон Жомий маҳалласида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” массиви бу йўналишдаги муҳим лойиҳалардан бири бўлиб, у нафақат янги турар-жойлар, балки замонавий ҳаёт тарзи, иш ўринлари ва ижтимоий имкониятларни ҳам мужассам этган.

Янгиер шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган пресс-тур доирасида журналистлар мазкур массивдаги қурилиш ишлари, муҳандислик-коммуникация тизимлари ҳамда ижтимоий инфратузилмалар билан яқиндан танишишди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 30 апрелдаги “Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Янгиерда 16 гектар майдонда 50 та кўп қаватли турар-жой қуриш кўзда тутилган. Улар фойдаланишга топширилгандан сўнг, 5 минг нафарга яқин аҳоли янги манзилга кўчиб келади.

Ҳозирга қадар 400 хонадондан иборат 20 та уй фойдаланишга топширилиб, янги истиқоматчилар ўз манзилларига кўчиб ўтдилар. Қолган 30 та уй жорий йил якунига қадар қуриб битказилиши режалаштирилган.

– Массивда нафақат турар-жойлар, балки тўлиқ ижтимоий инфратузилма тизими яратилмоқда, – дейди шаҳар ҳокими ўринбосари Шавкат Мирзаев. – Замонавий ва барча қулайликларга эга маҳалла маркази, лойиҳа қиймати 12 миллиард 500 миллион сўм бўлган 990 ўринга мўлжалланган 12-сонли умумтаълим мактаби, 4 миллиард 443 миллион сўмлик 180 ўринли мактабгача таълим муассасаси, аҳолига 12 турдаги савдо хизмати кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фойдаланишга топширилди.

Бундан ташқари, тиббиёт муассасаси, спорт мажмуаси, коворкинг маркази, экобозор ва бошқа ижтимоий иншоотлар қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Нафақат ушбу иншоотлар, балки массивда қурилиши кўзда тутилган турар-жой мажмуалари ҳам 2026 йилнинг март ойига қадар тўлиғича фойдаланишга топширилади.

Аҳамиятли томони шундаки, яқинда “Абдураҳмон Жомий” маҳалласи ёшлари “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” учун ўтказилган футбол мусобақасининг Республика финал босқичида муносиб ғалаба қозонди. Улар учун қурилиши режалаштирилган замонавий стадион ҳам ёшлар таклифига биноан “Янги Ўзбекистон” массивида барпо этилади. Айни вақтда бу йўналишдаги ишлар ҳам жадал суръатларда бошлаб юборилган.

– Эътиборли жиҳати шундаки, аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида массив яқинида кичик саноат зонаси ташкил этилди, – дея қўшимча қилади Шавкат Мирзаев. – Бу ерда 21 та лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, улар орқали 2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.

Массивда 0,7 километр автойўл, 3,5 километр ичимлик суви, 2,8 километр оқова сув, 4 километр электр ва 5 километр газ тармоқлари тортилиб, инфратузилма босқичма-босқич ишга туширилмоқда. Шунингдек, 2,7 километр электр узатиш тармоқлари қурилиб, ер ости кабеллари ўрнатилди. Қиш мавсумида аҳоли учун қулайлик яратиш мақсадида иссиқлик қозонхонаси қурилиб, 400 хонадонли 20 та уй иссиқлик тизимига уланди.

Истиқоматчиларнинг сўзларига кўра, янги уйлар ҳаёт сифатини сезиларли даражада яхшилаган. – Янги массивга кўчиб ўтганимизга кўп бўлгани йўқ, – дейди Умида Сарибоева. – Барча қулайликлар мавжуд. Кичик болаларим учун замонавий, барча шароитга эга шаҳардагидек боғча, катта фарзандларим учун эса мактаб бор. Энг муҳими, улар уйимизга яқин жойлашган. Ҳеч қандай оворагарчилик йўқ. Илк бор кўчиб келганимизда иккилангандик, аммо бугун бу ердаги ҳаётимиз жуда яхши кечмоқда.

Яқинда ушбу маҳаллага вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов бошчилигида масъуллар ташриф буюришиб, янги массивда яшиллик етишмайди. Бу борада аҳолига муносиб муҳит яратиш лозим, деган фикрга келишди. Бу масала шаҳар ҳокимлиги эътиборидан ҳам четда қолмади — айни вақтда бу йўналишдаги ишлар жадаллик билан олиб бориляпти.

“Янги Ўзбекистон” массиви – бу Янгиернинг янги қиёфаси, замонавий инфратузилма ва инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодасидир. У нафақат шаҳар архитектурасини, балки унинг ижтимоий муҳитини ҳам янгиламоқда.

Ғулом Примов, ЎзА