Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни қуришда муҳим шарт ҳисобланадиган самарали бошқарув тизимини яратишга қаратилган кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди.
Янги Ўзбекистоннинг маъмурий ислоҳотлари доирасида Ўзбекистон Республикаси давлат қўмиталари алоҳида вазирликларга айлантирилди ёки бошқа вазирликлар таркибига киритилди. Натижада вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларни ўзига қамраб олган республика ижро этувчи ҳокимият органлари тизими шакллантирилди.
– Бунда Президентимизнинг 2022 йил 21 декабрдаги “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари доирасида республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлди, – деди Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев. – 2023 йил 29 ноябрда кучга кирган “Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизими шакллантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан маъмурий ислоҳотларнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланди.
Қонунчиликдаги бу ўзгаришлар билан Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларининг биринчи босқичи амалга оширилиши таъминланди. Бу, ўз навбатида, профессионал бошқарув принципларига асосланган ва натижага йўналтирилган республика ижро этувчи ҳокимият органларининг яхлит тизимини шакллантиришга ҳуқуқий асос яратди.
Янги қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 59 қонуни ва 7 кодексига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси аппарати тугатилгани ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган ижро этувчи тузилмаси тасдиқлангани муносабати билан қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Иккинчидан, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунга – бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришилиши ҳамда маблағларнинг сарфланиши юзасидан харажатлар иқтисодий таснифининг моддалари кесимидаги ахборот давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот жумласига кириши ва бундай ахборот мазкур органларнинг расмий веб-сайтига жойлаштириб борилиши ҳақидаги нормалар киритилди.
Учинчидан, қонун билан вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекцияларни ўз ичига оладиган яхлит тизим жорий этилганлиги боис “давлат қўмиталари” тушунчаси чиқариб ташланди.
Мазкур қонун орқали ихчам ва профессионал давлат бошқаруви тизими яратилишига ҳамда республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини янгиланган талаблар ва тамойиллар асосида ташкил этилишига эришилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА