French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям
22:58 / 2023-04-05

Конституция лотинча “constitution” сўзидан олинган бўлиб, “тузилиш”, “ўрнатиш” маъноларини англатади. Қомус алоҳида юридик хусусиятга эга ягона сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатнинг асосий тамойилини ўрнатади, давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектини, ҳокимиятни амалга ошириш механизмини белгилайди, жамият, инсон, фуқароларнинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқи ва эркинлигини мустаҳкамлайди.

Конституциянинг мамлакат ҳаётидаги аҳамиятига тўхталар эканмиз, аввало, қомусимиз моҳиятини англаб етиш зарур. Ҳар бир мамлакат ҳуқуқ тизимида муҳим аҳамиятга эга мазкур асосий қонун олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Муайян давлатдаги хеч бир қонун ҳужжати меъёри Қомусда қайд этилган нормага зид келиши мумкин эмас. Конституцияда давлат тузилиши, шунингдек қонун чиқарувчи, ижро этувчи органлар ва суд ҳокимияти ваколати, сайлов тизими, фуқаронинг ҳуқуқи, бурчи ва мажбурияти, жамият ва шахс, давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатга доир энг муҳим жиҳатлар қатъий белгилаб қўйилади.

Ҳаётимиз қомуси – Конституциямиз мустақиллик даврида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси негизида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ўтган қисқа муддатда давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига асос солди. Ҳозир Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида кенг кўламли, улкан ислоҳотлар олиб бориляпти. Ушбу стратегияни амалга оширишда Бош Қомусимиз беқиёс аҳамият касб этади. Сабаби, Янги Ўзбекистон стратегиясининг барча етти йўналишининг амалиётга жорий этилиши қомусимиз билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, стратегиянинг иккинчи йўналиши адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, ушбу жиҳат халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг асосий ва зарур шарти сифатида айтиб ўтилган.

Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсад сари қадам қўйиш жараёни, албатта, Асосий қонунимизни янгилаш зарурлигини тақозо этади. Қонун, аввало, Конституция демак.

Президентимиз Конституцияни қайта ишлаб чиқишда бевосита халқ таклифларини эътиборга олиш, қонун лойиҳасини референдумга қўйиш орқали қабул қилиш зарурлигини билдирган эди.

Референдум – Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа қарорларни қабул қилиш мақсадида жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан фуқароларнинг умумхалқ овоз беришидир. Референдумнинг сайловдан асосий фарқи шундаки, Референдум ўтказилаётганда бирор лавозимга номзод ёки номзодлар рўйхати учун овоз берилмайди, балки муайян масала – қонун, қонун лойиҳаси, конституция, конституцияга тузатиш киритишга оид савол қўйилади.

Референдумда қабул қилинган қарор олий юридик кучга эга бўлади ва фақат референдум йўли билан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин.

Айтиш жоиз, Конституция лойиҳасини тайёрлашда халқимизнинг фикри, таклифлари икки босқичда ўрганилди. Биринчи босқичда фуқароларимиздан Конституция лойиҳасини шакллантиришга қаратилган 60 мингдан зиёд таклиф тушди. Иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. 5 миллионга яқин аҳоли оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи орқали лойиҳа билан танишди, 150 мингдан зиёд таклиф ва мулоҳаза айтилди.

Айни пайтда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, 190 дан ортиқ давлат тажрибаси ўрганилди, лойиҳа 6 хил экспертизадан ўтказилди.

Янги таҳрирга асосан, Ўзбекистон Конституциясидаги моддалар сони аввалги 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошяпти. 128  модданинг 91 тасига концептуал ўзгариш киритилмоқда. Умуман, конституция 65 фоиз ўзгартириляпти.

Хулоса ўрнида Президентимизнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқидан иқтибос келтирмоқчиман: “Конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади”.

Дилафрўз Умарова,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходими