Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қарори билан “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси шу йилнинг 15 июлига қадар узайтирилди.
Шу боис жойларда ушбу лойиҳа мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
ЎзЛиДеП Юнусобод туман Кенгаши ва “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази” давлат унитар корхонаси билан ҳамкорликда “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Эркин Зоҳидов, партия вакиллари, фаоллари ҳамда корхона ишчи-ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувидаги нутқи ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. Бош қомусимизга киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартишлар, янгиликларнинг аҳамияти ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.
Мулоқот жараёнида иштирокчилар ҳам ўз таклифларини ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бош қомусимизда “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлигини, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш кабилар долзарб аҳамиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.
М.Комилова, ЎзА