Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами муносабати билан юртимизда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда бугунги Янги Ўзбекистонимизнинг жамолию камоли, барча жабҳалардаги ислоҳот ва янгиланишлар, уларнинг тарихий натижалари яққол акс этмоқда.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами катта қувонч ва тантаналар билан бошланмоқда. Бу қувонч халқимизнинг бахтиёр қиёфасида, нуронийларимизнинг нурли сиймоларида акс этмоқда. Энг муҳими, байрам тантаналарини тинч ва осойишта муҳитда нишонлаётганимизнинг ўзи улкан саодат.
Бу шукуҳли кунларда барча жабҳалардаги ортга қайтмас ислоҳотларимиз “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётгани халқимизнинг кундан-кунга фаровон бўлиб бораётган ҳаётида акс этмоқда. Мустақиллигимизни мустаҳкамлашдек эзгу ҳаракатларда юртимиз нуронийлари алоҳида ғайрат билан барчага намуна бўлмоқдалар.

Бугуннинг нуронийлари 9-10 йил аввалги кекса авлод вакилларидан кескин фарқ қилади. Кекса авлод вакиллари пенсия ёшига етгач, ўзларини жамият ҳаётига кераксиздек ҳис этган даврлар ҳам бўлди. Ўша даврларда “Нуроний” жамғармаси фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари билангина шуғулланган бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги Фармони билан кекса авлод вакилларининг жамият ҳаётидаги ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилдики, бу эътибор нуронийларга жуда катта қувонч, ғайрат ва қанот бағишлади.
Бугун улар жамиятимиз ҳаётида фаол ва ташаббускордир. Маҳаллалар ва оилалар тинч-тотувлиги, ҳамжиҳатлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ёш авлод тарбиясида Президентимизнинг нуронийларга билдираётган юксак ишончи уларни ғайратлантириб юборди, десам асло муболаға эмас.
Жамиятимизнинг қайси жабҳасига кириб борманг, у ерда албатта, фаол нуронийларни кўрасиз. Қайси бири ёшлар қўлидан етаклаб, уларни ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашаётган бўлса, яна бошқаси маҳаллалардаги томорқаларда камбағал оила аъзоларига ер илмини, боғбонлик, деҳқончилик сирларини ўргатмоқда. Бошқа бири камбағал оилалар вакилларининг ҳаётини яхшилаш учун маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда иш олиб бораётган бўлса, яна кимдир оилалардаги нотинч муҳитни соғломлаштиришга уринмоқда.
Аксарият нуронийлар ва бувижонларни эса боғчаю мактабларда, олий ўқув юртларида, маҳалла фуқаролар йиғинларида одамийлик сабоқларини ўтаётганида учратасиз. Айримлари ташкилотлар, ишлаб чиқариш жойлари, соғлиқни сақлаш пунктлари, савдо расталарида юриб, халқимизнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиб, жамоатчилик назоратини йўлга қўймоқда. Одамлар билан суҳбатлашиб, камчиликларни аниқлаб, уларни бартараф этиш йўллари юзасидан мутасадди ташкилотларга таклифлар киритмоқда.
Бундан англашиладики, бугун фаол нуронийлар чин маънода жамиятнинг қалби, уриб турган юрагини акс эттирувчи, жамиятни бутун бўй басти билан кўрсатиб турувчи кўзгуга айланган.
Улар орасида зиёли тарғиботчилар, файласуфлар, ишлаб чиқарувчилар, ҳунарманду тадбиркорлар, ижодкорлар ва яна бошқа соҳаларда юқори малака ҳамда тажрибага эга инсонларни учратишимиз табиий. Уларнинг барчаси ўз иқтидори ва имкониятларидан келиб чиқиб, юртбошимиз ишончини оқлашга ҳаракат қилмоқдалар.
Бу юксак ишонч билан бирга, мамлакатимизда нуронийларимизнинг саломатлигини асраш, мазмунли умр кечиришини таъминлаш борасида барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан меҳр ва эътиборга муҳтож кексаларимизнинг ҳолидан хабар олиш, Рамазон ойида ифторлик дастурхонлари ёзилиб, уларни эъзозлаш, маҳаллий ҳокимликлар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда байрам, туғилган кун ва юбилейларида уларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш анъанага айланиб улгурди.
Президентимизнинг махсус фармони билан ҳар йили май ойида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларига бир марталик моддий рағбатлантириш берилаётгани, улар учун бепул дори-дармонлар ажратилиб, тиббий ва ижтимоий беминнат хизмат кўрсатилаётгани, мамлакатимиз ҳудудидаги санаторийларда даволаниш учун йўлланмалар берилаётгани туфайли мамлакатимизда ёши улуғлар эъзозли кексалик гаштини суриб, 100 ёшдан ошаётган нуронийларимиз сони ортиб бормоқда.
Шунингдек, мамлакатимиз тараққиёти, юрт равнақи, жамиятимиз ривожи йўлида узоқ йиллар хизмат қилган, бугунги кунда ҳам ўзларининг жонкуярлиги ташаббускорлиги билан ёшларга ибрат бўлаётган нуронийларнинг меҳнатлари юксак эътироф этилиб, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланаётгани, ҳар йили “Кексалар ҳафталиги”, “Кексалар саломатлиги ойлиги”, “Кексалар туризм ойлиги” мунтазам ўтказиб келинаётгани ҳам юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эъзоз-эҳтиромнинг юксак намунасидир.
Эндиликда нуронийлар кеча тиним билмай ишлаб, бугун нафақага чиқиб, бир четда ўтирган инсонлар эмас, балки улар кексалик нафақасига чиққандан кейин ҳам “Ҳақиқий шижоат ва матонат фаслига кирган” фаол нуроний отахону онахонлардир. Уларнинг зиммасида элу юрт равнақи, ёш авлод камолига муносиб ҳисса қўшишдек улкан ишонч ва масъулият юки бор. Бу масъулият — давлат ва халқ умиди, Президент ишончидир.
Шубҳасизки, биз — нуронийларнинг ушбу эзгу ва хайрли фаолиятимиз учун Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ҳаётбахш замин вазифасини ўтамоқда.
Юқоридаги ҳужжатларга асосан юртимиздаги фаол нуроний отахону онахонлар ёш ва ўрта авлод вакиллари билан бирга қизғин фаолият олиб бормоқдалар. Бу борада гап кетганда, “Нуронийлар — ҳар бир оилага масъул” лойиҳасини алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз. Айни тамойил асосида 18 мингдан зиёд нуронийлар муаммоли оилаларга бириктирилган бўлса, жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида олиб борилган тушунтириш тарғибот ишлари натижасида 20 мингдан ортиқ оилалар муаммоли оилалар тоифасидан чиқарилди. 11 минг 600 дан ортиқ ажримларнинг олди олинди, 3 минг 500 га яқин оилалар яраштирилди.
Оилалар аҳиллиги ва тотувлигини асраш, фарзандларимизни тўлақонли бахт-саодатли оилада юксак билим-салоҳиятли бўлиб вояга етишларини таъминлаш борасида гарчи, давлатимиз томонидан етарли шароит ва имкониятлар яратилган бўлса-да, ҳали ўз оиласини муаммолар гирдобига ташлаётган ҳамюртларимиз бор. Айниқса, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳлар ҳали ҳам давом этмоқда ва бугунги кунда ногирон туғилаётган болаларнинг 80 фоизи худди шундай никоҳлардан туғилмоқда.
“Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳасини ҳам бугунги кунда жамиятимиздаги энг оғриқли масалаларга ечим топаётган ташаббуслардан бири, дейиш мумкин. Ушбу тажриба нуронийлар ва ёшлар ўртасидаги маънавий кўприк вазифасини ўтамоқда. 2024 йилда 13 минг 588 нафар нуроний 117 минг 588 нафар ёшлар билан шуғулланиб, 116 минг 105 нафар ёшларни муаммоли ёшлар тоифасидан чиқаришган эди.
Жорий йилда мазкур тамойил асосида мамлакатимизнинг барча маҳаллаларида ҳаётий тажрибага эга бўлган ва замонавий фикрлайдиган 16 мингдан зиёд нуронийлар 85 минг 198 нафар уюшмаган ва 68 минг 144 нафар муаммоли ёшларга бириктирилди. Олиб борилган ишлар натижасида ўтган давр мобайнида 18 минг 500 нафардан ортиқ муаммоли ёшлар ишга жойлаштирилган бўлса, 20 минг 500 нафардан ортиғи касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилди. 61 минг 875 нафар ёшлар муаммоли ёшлар тоифасидан чиқарилди. Бу шунчаки рақамлар эмас, уларнинг ортида минг-минглаб тақдирлар борлигини асло унутмаслигимиз лозим, албатта.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини самарали амалга оширишда фаол нуронийлар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.
Ҳар бир маҳаллада аҳоли орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган, намунали ҳаёт тарзи билан ибрат бўлиб келаётган кекса авлод вакилларидан уч нафари танлаб олиниб, уларнинг ҳар бирига 6 ой муддатга 5 нафардан камбағал оила бириктирилмоқда.
Маҳаллаларимизда кекса боғбон, уста деҳқон нуронийларимиз жуда кўп. Фаол нуронийларимиз ана шундай етук мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда, аҳолига ўз томорқаларидан самарали фойдаланиш, даромадли экин экиш, парваришлаш ҳамда ҳосил олишда яқин кўмакчига айланиб, ўзларига бириктирилган хонадонларни камбағалликдан чиқармоқдалар, даромадли қилмоқдалар.
Нуронийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш ҳақида гап кетар экан, кекса ёшдаги фуқаролар учун мос келадиган спорт тадбирларини ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш ҳам алоҳида вазифалар сирасига киради. Шунинг учун юртимизда нуронийлар ўртасида “Ғайратли кексалар” шиори остида спортнинг шахмат-шашка, мини-футбол, кураш, велоспорт каби турлари бўйича ўтказилаётган беллашувлар ўзига хос аҳамият касб этмоқда. Энг муҳими, бу каби тадбирлар уларнинг саломатликларини янада мустаҳкамлаб, умрларига умр қўшмоқда.
Мазкур ташаббуслар билан бир қаторда, “Устоз-шогирд”, “Қўша қариш саодати”, “Саломатлик сари 5 минг қадам”, “Ўз уйингни ўзинг асра!”, “Менинг маҳаллам — жиноятчиликдан холи ҳудуд”, “Оилам — менинг бахтим”, “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Оталар чойхонаси”, “Бувижонлар мактаби” каби мавзуларда ташкил этилаётган тадбирлар ҳам борки, уларда иштирок этаётган ёш ва ўрта авлод вакиллари ёши улуғ нуроний отахону онахонлардан чинакам инсонийлик сабоқларини тинглаб, ўз мақсад ҳамда ҳаракат йўналишларини аниқ белгилаб олмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаб, янги Ўзбекистонда замонавий, намунали оилаларни шакллантириш, уларнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлаш бўйича мақсадли ишларни олиб бориш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Шунга кўра, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви масъуллигида ташкил этилган Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳлари бугунги кунда оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, эрта турмуш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида изчил тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Яқинда Фарғона вилоятининг Қува туманида нуронийлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримлар, хотин-қизлар орасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш борасида ҳамда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва юртимизда фаолият юритаётган “Оқсоқоллар кенгаши ва ота-оналар гуруҳлари” ишининг таҳлилий муҳокамасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда “Мамлакатимизда оилалар тинч, фаровон яшаши, уларнинг бағрида камолга етаётган эртамиз эгалари — фарзандларимизнинг ҳар томонлама бахтиёр ўсиб-улғайиши учун барча шароитлар муҳайё қилинган бўлса-да, нега оилавий ажримлар кўпаймоқда, нега нотинч оилалар сони ортмоқда, деган саволлар ўртага ташланди.
Ўзаро таҳлил ва муҳокамалар асосида, бу борадаги ишларни жонлантириш, хусусан, оилаларни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни сақлаш, хонадонлардаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида, жорий йилнинг сентябрь ойини — “Оилавий ажримларнинг олдини олиш ва ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш долзарб ойлиги” сифатида белгилаш ташаббуси илгари сурилди.
Мазкур таклиф иштирокчилар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. Ҳозирда ушбу ойликни юқори даражада ўтказиш юзасидан тегишли дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш устида ишланмоқда.
Юрт гўзаллиги ва мусаффолигини таъминлайдиган ягона маъво — бу яшил маскану маконлар. Юртбошимиз бу борада мамлакатимиз нуроний отахону онахонларига ҳам юксак ишонч билдирганлар.
Шунга кўра, юртимиз фахрийлари хонадонларда, кўча-ю маҳаллаларда, қишлоқ ва шаҳар марказларида яшил маконларни барпо этиш, уларни парваришлаш, камолга етказиш устида турли ташаббусларни илгари сурмоқдалар. Бу борада “маҳалла еттилиги”, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, алоқадор ташкилот ва муассасаларнинг масъул вакиллари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар.
Донолар айтганидек, ютуқлар ўзимизники, бизни биринчи галда ҳал этилмаган муаммолар, йўл қўйилган камчиликлар қизиқтириши керак, аввало. Негаки, вақтида ечилмаган муаммо ўз ортидан янги муаммоларни келтириб чиқаради. Бу эса эл-юрт фаровонлигини таъминлаш, халқимизни ҳаётдан рози қилишдек хайрли ҳамда савобли юмушларни тўлақонли адо этишда монелик қилади.
Бир сўз билан айтганда, “Нуроний” жамғармаси вакиллари, юртимиз нуроний отахону онахонлари олдида ҳали яна адо этилиши лозим бўлган муҳим вазифалар турибди. Уларни, албатта, улкан ишонч ва масъулият руҳида ижро этиш учун кексаларимизнинг куч-қудрати ҳам, тажрибаси ҳам, ҳиммати ҳам етади. Муҳими, бизга давлатимиз ва ҳукуматимиз қанот, яқин кўмакдош ва суянч бўлиб турибди. Зеро, нуронийлар Янги Ўзбекистон ислоҳотларини амалга оширишда олдинги сафда эканидан ғоят мамнун ва бахтиёрдирлар.
Содиқжон Турдиев,
“Нуроний” жамғармаси
республика Бошқаруви раиси,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Сенатор