English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Ўзбекистон иқтисодий ўсишининг стратегик драйвери
08:46 / 2026-01-03

Муносабат

Президентимизнинг Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси иқтисодиётни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган комплекс ислоҳотлар дастурини ифода этмоқда. Унда тадбиркорликни ривожлантириш масаласи макроиқтисодий барқарорлик, инвестиция муҳитини яхшилаш ва капитал бозорини чуқурлаштириш билан узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорликни иқтисодиётнинг асосий ўсиш манбаи сифатида белгилаб, хусусий секторни қўллаб-қувватлашни давлат иқтисодий сиёсатининг марказига қўйди. Амалда бу ёндашув меҳнат бозорида ҳам ўз аксини топиб, мамлакатда яратилаётган янги иш ўринларининг салмоқли қисми айнан тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳолат хусусий секторнинг иқтисодий барқарорликдаги ролини янада оширмоқда.

Мурожаатномада тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб келаётган маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, солиқ ва молия тизимини соддалаштириш ҳамда регулятор муҳитни либераллаштириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Бу эса иқтисодиётда соя секторини қисқартириш, бизнес юритиш харажатларини камайтириш ва инвестициявий фаолликни оширишга хизмат қилади.

Мурожаатномада тадбиркорликни молиялаштиришнинг анъанавий банк кредитларига боғлиқлигини камайтириш, капитал бозорини ривожлантириш орқали узоқ муддатли инвестиция манбаларини шакллантириш масаласига алоҳида урғу берилди. Капитал бозори иқтисодий ўсишни рағбатлантирадиган муҳим институционал устун сифатида белгиланиб, глобал депозитарийларни миллий фонд бозорига олиб кириш чоралари назарда тутилмоқда.

Бу борада халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Капитал бозори тўғрисида”ги янги қонуннинг қабул қилиниши миллий фонд бозорини халқаро стандартларга мослаштиришга хизмат қилади. Қонун орқали бозор инфратузилмасини такомиллаштириш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва молиявий инструментлар турини кенгайтириш мақсад қилинган.

Келгуси йилдан корхоналарга халқаро бозорларда акцияларини жойлаштириш, яъни дуал листинг имконияти берилиши миллий компанияларнинг корпоратив бошқаруви ва молиявий очиқлигини оширишга туртки бўлади. Шу орқали юртимиз компанияларининг халқаро инвестиция бозорларига интеграцияси жадаллашади.

Умуман олганда, капитал бозорини ривожлантириш орқали тадбиркорлар учун қўшимча 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш имконияти яратилиши белгиланган. Бу маблағлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги технологияларни жорий этиш ва иқтисодиётни диверсификация қилишда муҳим молиявий манбага айланади.

Бахтиёр Умаров,

Наманган шаҳридаги “Истиқлол текстиль дизайн”МЧЖ директори, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати.

ЎзА.